Эътиборлиси, вилоятимиз ҳам юртимиз бозорларига гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб берувчи етакчи ҳудудлардан бири саналади. Воҳамизда чорвачиликнинг қорамолчилик, эчкичилик, қўйчилик, йилқичилик сингари йўналишлари жадал тараққий этмоқда. Чорва молларининг асосий қисми аҳоли хонадонларида боқилаяпти. Қолаверса, ушбу йўналиш вилоятдаги кўплаб фермер хўжаликларида асосий тармоқлардан бирига айланган. Ҳозирги вақтда ҳудудда мингдан ортиқ фермер хўжалиги чорвачиликка ихтисослашган.
- Бугунги кунда биз кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйганмиз, - дейди Ғузор туманидаги “Жамила Жасмина” фермер хўжалиги раҳбари Зубайда Жўраева. – Хўжалигимиз асосан чорвачиликка ихтисослашган. Айни пайтда 20 бош қорамол, 200 бошдан зиёд қўй-эчки парвариш қилаяпмиз. Ҳар йили аҳолига кўп миқдорда сут ва гўшт етказиб берамиз. Келгусида наслли қорамоллар кўпайтириш ва сут ҳамда гўштни қайта ишлашни йўлга қўйиш ниятидамиз. Бундан ташқари, бошқа тармоқларни ҳам муттасил ривожлантираяпмиз. Ҳозирда 70 та асалари оиласини парвариш қилаяпмиз. Ўтган йили 1 тоннаю 300 килограмм асал йиғиб олгандик. Паррандачиликда ҳам ютуқларимиз мақтовга лойиқ. 1000 бош товуғимиз бор, улардан ҳар куни 800 тагача тухум оламиз. Энди балиқчиликка ҳам қўл урмоқчимиз. Бунинг учун шароит етарли. Бизни давлат даражасида қўллаб-қувватлашаётган экан, бунга ташаббускорлик ва илғорлик билан жавоб қайтаришимиз керак.
Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда чорвачилик тармоғини янада равнақ топтиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Бу лойиҳалар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Келгусида Косон туманидаги “Истиқлол” хусусий корхонаси томонидан ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилган лойиҳа ҳам юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради. Тегишли лойиҳа асосида ҳудудда икки минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий типдаги чорвачилик комплексини барпо этиш режалаштирилган. Бунинг натижасида ҳудуд аҳолисини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш салмоғи янада ошади. Умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлган лойиҳани келгуси йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ишга тушириш белгиланган. Истиқболли лойиҳа рўёбини тезлаштириш мақсадида ишлар аллақачон бошлаб юборилган.
- Ҳозирги пайтда Украинадан “Симментал” зотли сигирларни олиб келиш бўйича иш олиб бораяпмиз, - дейди корхона раҳбари Камол Қурбонов. – Лойиҳада кўрсатилган чорва молларининг асосий қисмини жорий йилнинг ўзидаёқ келтириш кўзда тутилган. Бугунги кунда тегишли комплексни қуриш ишлари давом этаяпти. Иншоот замон талаблари асосида жиҳозланади. Чорва моллари Германия технологияси асосида парвариш қилинади. Соғиб олинган сут тўғри қайта ишлаш цехига йўналтирилади. Келгусида мажмуамизда наслчиликни йўлга қўйиш ҳам мақсад қилинган. Иқлимимизга мос, чидамли, маҳсулдор қорамолларни кўпайтиришни ва аҳолига етказишни мўлжаллаяпмиз. Қувонарлиси, Президентимиз вилоятимизга ташрифи давомида лойиҳамиз билан танишди, чорвачилик комплексимизга хориждан наслдор қорамоллар олиб келиш, уларни зарур технологиялар асосида парваришлаш, етиштирилган маҳсулотни шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мутахассисларга зарур тавсиялар берди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур мажмуа қурилиши учун 12 гектар, чорва молларига озуқабоп экинлар етиштириш учун 750 гектар ер майдони ажратилади. Бу ерда йилига 4 минг 280 тонна сут ва 210 тонна гўшт етиштириш, 140 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Албатта, бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, одамларга доимий даромад манбаларини яратиб бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ