Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ГЎЗАЛЛИК БАРЧАНИ ҲАЙРАТГА СОЛИШИ МУМКИН, БИРОҚ УНИ ЯРАТИШ ҲАММАНИНГ ҲАМ ҚЎЛИДАН КЕЛАВЕРМАЙДИ

Б.САЙФИЕВ

08.06.2023


ГЎЗАЛЛИК БАРЧАНИ ҲАЙРАТГА СОЛИШИ МУМКИН, БИРОҚ УНИ ЯРАТИШ ҲАММАНИНГ ҲАМ ҚЎЛИДАН КЕЛАВЕРМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Китоб ким учундир вақтни ўлдириш воситаси бўлса, ким учун вақтни тирилтириш воситадир. Бинобарин, вақтнинг қадрига етган одам тўғри келган китобни ўқиб кетавермайди, танлаб, саралаб мутолаага киришади. Тафаккурни юксалтирмайдиган, инсонни қайсидир маънода ўзгартирмайдиган китоб - китоб эмас, қора қилинган саҳифалар, исроф этилган қоғозлар уюми, холос.

Хўш, қандай китоб ўқисак, онгимиз юксалади, ўзгарамиз, дунёни янгича, теран англай бошлаймиз?

Ёзувчи Назар Эшонқулнинг яқиндагина "Академнашр" нашриётида чоп этилган "Китоб бандаси" мақолалар ва эсселар тўплами сизга беминнат маслаҳатчи бўла олади. Шуниям айтиб қўяй, бундай ноёб ва муҳим китоблар ҳар куни ҳам чоп этилавермайди. Боз устига бор-йўғи 2 минг ададда! Демак, бу китобнинг эгаси бўлишга ва тезроқ ўқиб чиқишга интилинг: адабиётни, ижод ва санъатни ўзгача тушуна, англай ва ҳис қила бошлайсиз.

Тўпламда Кафканинг "Жараён", Фолкнер "Шовқин ва ғалаён", Ҳерман Ҳессе "Бисер ўйини", Томас Манн "Доктор Фаустус", Роберт Музиль "Қиёфасиз одам", Марсель Пруст "Завол топган вақт изидан", Жеймс Жойс "Улисс" каби энг зўр, энг нодир асарлардан тортиб Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Мурод Муҳаммад Дўст, Аҳмад Аъзам каби сўз усталари ижодига чизгиларни кўрамиз.

*  *  *

Дали 1952 йил май ойида кундалигига шундай ёзганди: "Мен, албатта, Лениннинг расмини чизаман. Ленин қўлида чақалоқ ушлаб турган бўлади, ўша чақалоқ мен бўламан. Бироқ у болага меҳр билан эмас, "мен сени ҳозир қовуриб ейман" дея қараб турган бўлади..." Унинг 1931 йили чизган расмида рояль клавишларидан Ленин боқиб турибди. Бу санъатни ўз исканжасига олган ленинизмга бир истеҳзо эди. Заҳарли истеҳзо!

*  *  *

Инсон кўнглида эзгуликка, гўзалликка, шафқатга, меҳрга, муҳаббатга эҳтиёж турар экан ва буларга қарши хавф-хатар бор экан, ижодкорга иш топилади.  Биринчиси каби охирги ижод намунаси ҳам худди Раҳмон ва Шайтон ҳақида бўлади деб ўйлайман.

*  *  *

Ёзиш пахса уриш эмаски, уни "мураккаб", "оғир", "қийин", "мушкул" деган бўёқлар билан ифодалаб бўлса. Асар битиш ижодкор учун дунёни, оламни қайта яратишдай машаққатли жараён. Эҳтимол, Парвардигори олам дунёни, тирикликни, коинотни яратишдаги қудратни, улуғворликни, машаққат ва залворни, мақсад ва   завқни, тугаллик ва мукаммалликни инсон озгина бўлса ҳам туйсин деб, унинг руҳига ижодкорликни киритиб қўйгандир?

*  *  *

Ижодкорлик шундай кўзгуки, қанчалик бежамасин, жимжималаштирмасин, ҳар хил бадиий ўйинлар ортига яширмасин, қай мақсадда дунёга келганини, ортида нима мақсад турганини, ҳатто қаламкашнинг арзимас ғарази-ю, адабий сатанглигигача, савия-саводи-ю, ўзида йўқ нарсани кўрсатаман деб чиранишигача, хуллас, сомонхона томон нима истаб югураётганигача  асарнинг ўзи айтиб, фош қилиб туради.

*  *  *

Гўзалликни қабул қилиш, завқланиш ҳар қандай ҳайрати сўнмаган одамнинг қўлидан келади, гўзаллик ҳаммани ҳайратга солиши мумкин, бироқ уни яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

*  *  *

Мен шу пайтгача адабиётдан бир нарсани ўргандим: гуманизмдан холи ҳар қандай асар адабиёт эмас, инсон қалбини гўзалликдан маҳрум қиладиган, унинг дағаллашишига хизмат қиладиган ҳар қандай асар адабиёт эмас. Адабиёт гўзаллик дегани, гўзаллик билан дунёни қутқариш, унга даъват қилиш дегани.

*  *  *

Адабиёт азалдан инсон қалбини, руҳини ёвузлашишдан, хунуклашишдан, тубанлашишдан, тошга (бугунги кун тили билан айтганда, темирга) айланишидан, бошқача айтганда, худосизлашишидан ҳимоя қилган ва бундан кейин ҳам шу вазифасини бажаришда давом этаверади. Ана шу нарсаларга кўнглида, руҳида эҳтиёжи борлар унга мурожаат қилаверади.

*  *  *

Америкада Фолькнерни мутлақо билмайдиган одамлар 70-80 фоизни ташкил этади. Кафкани вақтида ҳеч ким танимаган, кейинчалик, анча йиллар ўтиб унинг даҳо ёзувчи эканини билишди. Жеймс Жойсга ҳам шундай муносабатда бўлишган. Машҳур "Улисс" романини дастлаб минг нусхада чоп этишиб, шуям асар бўлдими дея қайтариб беришган. Қисқаси, бундай ҳоллар кўп. Миллатнинг эртанги тақдирини омма эмас, бир гуруҳ   зиёлилар белгилайди.

*  *  *

Бир латифа эсингиздами? Ўтган тузумнинг латифаси. Жамият кетаётган, аслида тўхтаб қолган поездни шундай лиқиллатиб турингларки, гўё жамият олдинга кетаётгандай туюлсин деган латифа. Демак, фикр - бу тараққиёт мезони ҳам экан. У тўхтаган ва ҳамма бир хил фикрлаб қолган жойда тараққиёт ҳам тўхтайди, фақат "тараққий этаяпмиз" деган алдамчи тассаввур бўлади.

*  *  *

Айбсиз айбдорнинг мустабид тузум қурбони бўлишига ХХ асрда кўп бора гувоҳ бўлинди. Балким шунинг учун бўлса керак, тоталитар шўро тузуми Кафка асарларини 1965 йилгача нашр эттирмади. Балким, бу асарлар тузумнинг моҳиятини очиб ташлашидан қўрққандир?!

*  *  *

Кейинги йилларда турли нашрларда ва тўпламларда эълон қилинаётган Рауф Парфи ҳақидаги хотираларни ўқиган кишида агар ростданам бу хотираларда ёзилгандек, содиқ шогирдлар, вафодор дўст-ёрлар даврасида, салкам хўжа Насриддин каби мутойиба билан яшаганда эди, устоз эҳтимол, ҳалигача орамизда юрган бўлармиди деган бир истеҳзо уйғонган бўлиши табиий. Бу хотираларда келтирилган шоир айтган, айтмаган гаплар, иборалар, ҳазил-мутойибаларни ўқиб, Рауф ака сал бўлмаса ғам-қайғуни ичига юқтирмайдиган афандига ўхшаб қолгани кишини ўксинтиради.

*  *  *

"Дунё Бодлернинг бир сатрига арзимайди!". Акутагаванинг бу гапи сўз қаршисидаги ҳайратдан туғилган. Бодлер эса сўзнинг қудратини янги поғонага кўтарган шоир эди. Унинг ҳар бир шеърида исён - қалбнинг, руҳнинг, мусибатли юракнинг исёни сезилиб туради. Бодлергача бўлган шеъриятда ижтимоий муносабатларга, тартибларга исён қилинарди. Бодлер инсоннинг моҳиятига, унинг ибтидосига исён қилди.

*  *  *

Фақат итлар ёки ҳайвонларгина санъатни тушунмайди, унга бефарқ бўлади. Одам ҳамиша ўзидан мукаммалроқ нарсага интилади. Санъат эса ҳозирча инсонга қараганда мукаммалроқ, унга эҳтиёж сезиш ана шу мукаммалликка интилиш дегани.

*  *  *

"Ҳаётий асар", "ҳаёт каби табиий" деган баҳолар санъатнинг ўрнини, мавқеини пасайтириб қўяди. Санъат асари қуруқ ҳаёт инъикоси эмас. Агар у фақат ҳаёт инъикоси бўлганда бу қадар жозибали туюлмасди. Санъаткор учун ҳаёт ҳайкалтарош танлаган тошга ўхшайди. Ҳайкал фақат тошми? Унга қараб туриб ҳатто унинг тошлигини ҳам унутасиз: тошдан эмас, аксинча, ҳайкалтарош тошга ўйган хаёлдан, хаёлий дунёдан ҳайратланасиз. Ҳаётий воқелик ҳам адиб учун худди шундай тош вазифасини ўтайди.

*  *  *

Ижод илоҳиётга дахлдорликдир; ижод илоҳиёт эшикларини қоқишдир. Шу сабабли инсоният ушбу илоҳиёт бонгларини эшитиш учун санъатга ҳамиша эҳтиёж сезаверади. Ижод буюкликка, қудратга, гўзалликка тақлид қилишдир. Одам ҳатто дўзахий жамиятда ҳам зулмат қоплаган кўнглининг бир четида буюкликка, гўзалликка эҳтиёж сезади: ана шу эҳтиёж уни санъатга бошлаб келаверади.

*  *  *

Адабиётда мен учун истеъдодлар ва истеъдодсизлар бор. Қолган барча нарса ана шу икки нуқта атрофида айланади. Истеьдодли ёзувчилар ўта миллийликни ҳам умуминсоний даражага олиб чиқа билади. Истеъдод учун миллийлик умуминсонийлик касб этувчи восита. Унинг ўта миллий асари ҳам умуминсонийдир. Истеъдодсиз учун эса ё миллийлик ёки умуминсонийлик ўзининг истеъдодсизлигини яширувчи пистирма. Улар ё у, ё бу нуқтада туриб ўзини ҳимоя қилаверади. Шу туфайли, менимча, адабиёт миллий ёки умуминсонийлигига қараб белгиланмайди, уни истеъдодлар белгилайди.

*  *  *

Қуёш чиққач юлдузлар сўнгани каби катта истеъдод кичик истеъдод эгаларини "янчиб" ташлайди. Бу санъат қонуни. Бизда истеъдодлар етарли, бироқ, барибир профессионаллар кам. Бизда ёзувчиликни,   шоирликни буткул ўзига қисмат қилган ва шусиз яшолмайдиган шоир, ёзувчи йўқ ҳисоби. Биз бўш пайтлари ёзамиз. Ўзимиздан ортганда ёзамиз.

*  *  *

Туркий халқлар асотир ва эпосининг таъсир кўлами шу даражада кенгки, биз ҳатто буни тасаввур ҳам қилолмаймиз. Агар ана шу меросимизни яхши ўзлаштиролсак, Ғарб адабиёти нимадан "озиқлангани"ни ҳам, чинакам маънодаги адабиёт ўзи нима эканини ҳам тезда тушуниб етамиз.

*  *  *

Ҳамма учун тушунарли, ҳамма учун ёқимли қилиб ёзиш осон, бироқ адабиёт учун, тафаккур учун ёзиш қийин.

*  *  *

Фикримча, эзгулик ташвиқ қилиниши шарт бўлган фазилат. Айниқса, ёвузлик юзига эзгулик ниқобини кийган бизнинг ХХ асрда. Хоҳлаган таълимотни олинг; улар инсон номидан, эзгулик номидан иш кўрди. Агар шу таълимотлар ростдан ҳам эзгуликка хизмат қилганда, ҳозир ер юзи жаннатга айланган бўлур эди. Айниқса, инсониятнинг кейинги тарихида эзгуликни ёвузликдан ажратиб олиш қийин бўлди. Чунки ёвузлик ҳам эзгулик фойдаланаётган тилдан, сўздан фойдаланадики, у ҳам эзгулик ҳақида тинмай жавраб турди. Унинг юзига қараб ажратиб олиш қийин. Фарқ моҳиятда. Адабиёт ана шу моҳиятни очади, моҳиятни кўрсатади.

*  *  *

Истеъдод - оғриқ ва мусибатни шаклга туширишдир. У эзгуликка иштиёқдан пайдо бўлади. Ҳар бир истеъдодли асар ёвузликка қарши исёндир. Исён сўнса, истеъдод ҳам сўнади. Бироқ исён қуллар исёни каби тартибларгамас, инсон моҳиятига муносабатдан туғилган исёндир. Исён кўз олдингиздаги дунёга ўчма-ўч янги дунё ижод қилиш.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo