“Кичкина табиб” фильмида ўзини мажбурликдан соқовга солиб юрган Машраб аканинг “Гапиришга тилим бор, лекин ҳаққим йўқ...” деган иқрори кишиларга нақадар таниш бўлса, шу йилнинг 27 сентябрь куни Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” тўйхонасидаги тўйда 90 киши заҳарлангани ҳақидаги хабар ҳам одамлар орасида шунчалик шов-шувга сабаб бўлди. Хўш, буларнинг бир-бирига қандай алоқаси бор, дерсиз. Аслида ҳамма гап шунда.
Бундай олиб қарасак, бир маросимда 90 кишининг заҳарлангани жуда жиддий, хавфли ҳодиса бўлиб, бу қатъий текшириш ва ўрганишлар ўтказишни тақозо қилар, айбдорлар жазоланиши шарт эди. Шундай ҳам бўлди: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тасдиқлашича, махсус штаб ташкил этилиб, санитария-эпидемиология назорати марказининг малакали мутахассислари ушбу штабга жалб этилган, беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча зарур дори-дармонлар захираси яратилган. Ўз навбатида тўйда иштирок этганлар рўйхати шакллантирилиб, патронаж ҳамширалари ёрдамида уйма-уй кўрик ўтказилган (белгиланган вазифаларнинг “бир кунлик” экани, фақат ушбу воқеага дохиллиги ва келгусида бундай ҳолатлар содир бўлмаслигининг олдини олишга қаратилмаганидан эса кўз юмиб бўлмайди).
30 сентябрь куни тўйхонанинг ўзи ўрганилиб, ошхонада маҳсулотларга ишлов бериш цехлари (хоналари) ташкил этилмагани, озиқ-овқат, шу жумладан, тез бузиладиган гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларини сақлаш учун совуткичлар етарли эмаслиги, ошхона асбоб-ускуналари (столлар, тахтакачлар, пичоқлар, челаклар, кастрюлкалар ва бошқалар) маркировка қилинмагани, идиш-товоқларни ювиш учун етарли шароит яратилмагани, кетма-кетлик қоидасига риоя қилинмагани, тўйхона ходимлари тиббий кўрикдан ўтмагани, санитария минимум ўқув курсларида ўқимагани ва ҳоказо камчиликлар аниқланган.
Қаранг, бир ўрганишда шунча камчилик кўриниб қолганки, ногоҳ бу мутасаддилар шунча вақтга қадар қаерга қараган ўзи, деган савол ҳам бош кўтармай қўймайди. Чунки айнан шу кўнгилсиз воқеадан сўнггина, аниқроғи 2 октябрда Қарши шаҳар бош давлат санитария врачи О.Чўлиев имзоси билан “Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” тўйхонасида содир бўлган овқатдан оммавий заҳарланиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш тўғрисида” буйруқ чиққан. Шу асосда шаҳардаги барча тўйхона ва ресторанларга амалий ёрдам (!) кўрсатиши учун ДСЭНМ ходимлари бириктирилган (бу “амалий ёрдам” ҳеч қандай натижа бермаганини барча тўйхонаю овқатланиш шохобчаларида аҳвол эски ҳолида давом этаётганидан билиш мумкин. Чамаси ДСЭНМ ходимлари тўйхоналарга бош врач буйруғи нусхасини тарқатиб чиқишдан нарига ўтишмаган).
Шу йилнинг 10 октябрь санасида эса оммавий тадбирларда аҳолининг овқатдан заҳарланиши олдини олиш бўйича Қарши шаҳар ҳокимининг фармойиши чиқарилиб, зарур вазифалар белгилаб олинган.
Эҳ, қанийди ҳаммаси қоғоздаги каби бўлганида. Бош врач буйруғию шаҳар ҳокимининг фармойиши матни билан танишаркансиз, шунча вазифа бор экану нега бу ҳақда шу пайтгача бош қотириб кўрилмади экан, бунинг учун юзга яқин одам заҳарланиши шарт эдими, деган савол туғилади. Ахир, “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзал” деган нақл тиббиёт ходимларининг азалий ақидаси эди-ку.
Хўш, шунча одам овқатдан заҳарланишига йўл қўймасликнинг имкони бормиди? Бор эди. Агар санитария-эпидемиология назорат маркази ходимлари кўнгилдагидай ишлаганда, ўз вазифасига сидқидилдан ёндашганида, мунтазам ўрганишлар олиб борганида, бу каби салбий ҳолатлар юз бермасди эҳтимол. Ваҳоланки санитария-эпидемиология назорат маркази ходимлари анъанавий “пожарный метод” асосида “ишлаш”да давом этмоқдаки, қачон фавқулодда бир ҳолат юз беради – шундан кейингина енг шимариб ишга киришишаяпти. Унгача эса “Бағдодда ҳаммаёқ тинч...”
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича 2 йиллик мораторий эълон қилинган, - дейди вилоят ДСЭНМ санитария гигиена бўлими мудири Иззатилла Зайналов. – Шунинг учун бу вақт давомида режали ва назорат текширишлари ўтказа олмаймиз.
Дарҳақиқат, Президентнинг 2018 йил 22 январдаги фармони 2-бандига кўра, юридик шахсларнинг тугатилиши ва жиноят ишлари доирасидаги текширишлар истисно этилган ҳолда ишбилармонлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятида текшириш ўтказиш 2 йилга тўхтатилган. Ўз ўрнида ишбилармонлик субъектлари фаолиятидаги қоидабузарликлар, ўтказилган текширишлар ва мониторинг ҳақида маълумотлар ҳамда аниқланган қоида бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича чоралар мажбурий тарзда прокуратура органларининг махсус электрон ахборот тизимига киритилиши белгиланган.
Бироқ бу дегани назорат органлари вакиллари оғизга сув солиб, индамай ўтириши керак дегани эмас. Ҳечқурса, ваколати доирасида ўрганиш ўтказиб, натижасини тадбиркорларга айтиш, 2 йил ўтиб ҳаммаси сарҳисоб қилиниши, ҳали жавобгарлик олдинда экани ҳақида огоҳлантириб ўтиш мумкин-ку.
Масаланинг яна бир жиҳати ҳам борки, Ислом тараққиёт банки лойиҳаси бўйича лабораторияси 100 миллион сўмга таъмирланган, Жанубий Кореянинг KOICA лойиҳаси асосида замонавий жиҳозлар келтирилган, яқиндагина қўшимча 2 та “Дамас” харид қилинган, мутахассислари Корея давлатида малака ошириб қайтган вилоят ДСЭНМ ходимлари бугунги кунда қандай ишлар билан банд ўзи? Биргина Қарши шаҳар ДСЭНМда оз эмас, кўп эмас, нақ 180 ходим ишлашини эшитиб эса ҳайрон бўлишингиз табиий. Агар бунга туманлардаги минглаб ходимларни ҳам қўшадиган бўлсак, вилоятдаги 159 та тўйхонани қамраб олиш у қадар қийин эмасга ўхшайди.
- Асосан профилактик, тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз, - дейди Иззатилла Зайналов. – Фавқулодда вазиятлар, ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда рейдлар ўтказилади, шуларда қатнашамиз, чунки уларда ваколат бор, шунинг учун хоҳлаган пайти рейд қила олади.
Аслида унинг ваколати бор, меники йўқ, дейиш, қуруқ баҳона, холос. Биргина ана шу ҳамкорликдаги рейдлар билан ҳам кўп нарсани ижобий томонга ўзгартириш мумкин эди. Тарғибот бўлгани-ку яхши, аммо ундан бирор натижа бўлмаса-чи? Амалда мажбурий эмланадиган, шу сабаб деярли қайд этилмаётган кўкйўтал, қоқшол, ўткир бўшашган шол, безгак каби юқумли касалликлар бу йил вилоятда қайд этилмаганини ДСЭНМ хизматлари самараси, дейиш у қадар тўғри бўлмайди.
Тўйхонадаги заҳарланишга эса мутасаддининг фикрича, меҳмонларнинг пала-партиш овқатлангани сабаб бўлган. Қизиқ. Нима бошқа тўйларда ҳамма бақоида, тартиб билан овқатланармиди?
Шу ўринда оммавий заҳарланишдан сўнг белгиланган зарур чораларга ҳам назар солайлик. Қарши шаҳар бош давлат санитария врачи О.Чўлиев имзоси билан барча тўйхона ва умумий овқатланиш шохобчаларига 2018 йил 29 сентябрь санаси қўйилиб, йўлланган “Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг санитария кўрсатмаси”га асосан уй шароитида қўлбола тайёрланган консерва маҳсулотлари ва тузламалар дастурхонга тортилмаслиги, қандай тайёрлангани номаълум салатларни ҳам тақиқлаш белгиланган. Шу билан бирга, мувофиқлик сертификати бўлмаган, озиқ-овқат маҳсулотлари, ветеринария кўригидан ўтмаган гўшт, сут маҳсулотлари оммавий тадбирлар учун ишлатилмаслиги керак экан.
Агар шу талаб устида қаттиқ турилса, вилоятда бирор тўй ўтмаслиги керак эди. Чунки ҳали бирор тўйхонада мувофиқлик сертификати бўлмаган маҳсулот, ветеринария кўригидан ўтмаган гўшт олиб келингани учун тўй тўхтагани ҳақидаги хабар қулоғимизга чалингани йўқ. Тўғри, аслида шундай бўлиши керак, бироқ бундай амалиётнинг ўзи йўқ-ку. Шундай экан, амалда деярли йўқ нарсани тўйхоналардан талаб қилиш нечоғлик мантиқдан?
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилгани қатор мутасаддиларни фақат томошабинга айлантириб қўйганки, 90 кишининг заҳарлангани ҳам уларни сергак торттира олмаяпти.
Масалан, Қарши шаҳар ДСЭНМ ходимлари Қарши шаҳар ҳокимининг шу йил 10 окятбрдаги фармойишига асосан вилоят марказидаги тўйхоналарнинг умумий санитария ҳолати, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши, тайёрланиши ва тарқатилиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя этилишини ўрганиб чиққан. Агар Сизда шаҳар ДСЭНМ ходимлари нега ўз ташаббуси билан эмас, ҳокимнинг фармойиши бўйича ўрганган, деган савол туғилса, жавоб шундай: тўйхона ва ресторан мутасаддилари Қарши шаҳар бош давлат санитария врачининг 2 октябрдаги буйруғини писанд қилмаган, яъни ушбу ҳужжат билан ўрганиш ўтказиш рад қилинган.
Ҳуқуқини билган тадбиркорлар мажбуриятини унутиб қўйгани ҳоким фармойиши асосидаги ўрганишларда ўз аксини топган. Мисол учун, “Караван” тўйхонасида идиш-товоқларни ювишда кийим ювадиган содадан фойдаланилгани ва бу инсон организмида касаллик келтириб чиқариши, идиш-товоқ ювувчи ёлланма ишчи ва официантлар тиббий кўрикдан ўтмагани, “Жума ота” тўйхонасида эса идишларни ёғсизлантириш ва зарарсизлантирувчи воситалар умуман йўқлиги, чиқиндилар уюлиб ётгани каби жиддий камчиликлар аниқланган. “Барака” тўйхонасида эса маҳсулотлар қўйиладиган столлар зангламайдиган металл тунука билан қопланмагани, алоҳида маркерланмагани, ошхона айвони чанг-тўзондан ҳимояланмагани, гўшт майдаланадиган кунда зарарсизлантирилмагани, тозаланмагани аён бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатлар “Наво”, “Мўъжиза”, “Само” тўйхоналарида ҳам аниқланган.
Бундан кўринадики, тўйхона эгалари ё ушбу камчиликларни бартараф қилиши керак, ё мажбурий равишда уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилиши зарур. Афсуски, на униси, на буниси бажарилди.
Тўғри, бу жараёнда 2 йил “пишаги”ни ҳеч ким пишт демайдиган тадбиркорларга ДСЭНМнинг гапи ўтмаётгандир, бироқ шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари-чи? Ҳечқурса, тегишли фармойиш талаблари асосида ишлашни талаб қилиш мумкин-ку. Ё ўша ҳужжат номига эдими? Ахир гап ҳазилакам нарса ҳақида эмас, инсонлар саломатлиги хусусида бормоқда. Шу ўринда бир мулоҳазаки, майли текширув ўтказиб чора қўлламасин, бироқ тадбиркорлик субъектларининг санитария ҳолати юзасидан ДСЭНМ томонидан тавсиявий-мажбурий характердаги тақдимномалар киритилиши қонунчиликда акс этиши керак, чамамда. Яъни кўпчиликнинг манфаати, айниқса соғлиғи, ҳаёти ҳақида гап кетаётган жойда битта тадбиркорнинг манфаати устун бўлиб қолмаслиги зарур.
Хулоса шуки, вилоятда яна оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Чунки шу ишларнинг бошида туриб, барча масъулларни, тўйхонаю тамаддихоналар раҳбарларини оёққа турғизиши керак бўлган ДСЭНМ ходимлари текшириш ўтказа олмаймиз, деган баҳона билан бошқа имкониятларни ишга солиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмай, ҳаракатсиз қараб туришибди. Гўёки уларнинг тили бору, лекин гапиролмайди. Энди айтинг: бундай кишиларнинг ҳув ўша кинодаги ўзини мажбурлаб, атайин соқов кўрсатадиган Машраб акадан қандай фарқи бор?
Б.ЎКТАМ