Ўйлашимизча, ушбу янгилик аксарият ўқувчилар томонидан ижобий кутиб олинди. Буни ижтимоий тармоққа жойлаштирилган мақолаларга у ёки бу кўринишда муносабат билдирилаётгани ҳам ифодалаб турибди. Мавзуга бефарқ бўлмаганлар эса мақола остига “коммент” ҳам қолдиришмоқда. Қуйида эса шунга ўхшаш айрим фикрларни келтириб ўтишни жоиз деб топдик.
Маълумки, газетанинг шу йил 26 июль сонида “Тусмолий тимсоллар Ёхуд Мотамсаро она ҳайкали нега ҳар жойда ҳар хил?” сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унда муаллиф вилоятимизнинг турли ҳудудларида қад ростлаб турган рамзий монументлар ташқи кўриниши жиҳатидан бир-биридан жуда фарқ қилишига урғу берган. Ушбу мавзу баъзи ўқувчиларни қизиқтира олди. Жумладан, “Facebook” ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Хуршид Қодиров мақолада эътибордан четда қолган муҳим масала кўтарилганини таъкидлайди. Давомида эса “Вилоятдаги барча Мотамсаро она ҳайкалларини бир хилда қилиш учун битта ҳайкалтарошга вазифа топшириш лозим”, деган таклифни маъқуллаган.
Бироз аввал вилоят ҳокимлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтган эди. Бу ҳақда газетамизнинг тегишли сонида ахборот чиққан ва унда вилоятимиз Президент виртуал қабулхонасига мурожаатлар бўйича “олдинги ўринларда” экани сабабига ҳам тўхталинган эди. Мазкур хабар ҳам тармоқ юзерлари эътиборини тортди. Жумладан, Зилола Маҳмудовна исм-шарифли шахс бу ҳолни мурожаатчи мурожаати у устидан арз қилган томоннинг ўзига юборилиши билан изоҳлади. “Мен буни ўз бошимдан ўтказганим, менга айнан қилинган муомала ҳамда берилган ёзма жавоблардан биламан ва ҳалигача бундан энсам қотади”, дея фикрини якунлаган.
Газетанинг 28 июль сонида босилган “Топшириқ бўлса эга чиқиш, муаммо бўлганда эса четда туриш ярамайди Ёхуд “Kesh” газетасининг инқироз кўчасига кириб бораётганига масъуллар нега бефарқ?” сарлавҳали мақолада нима ҳақда сўз бориши унинг номидан ҳам маълум. Маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари лоқайд қараган бу муаммога бошқалар беэътибор бўлмади. Мисол учун, Хуршид Қодиров “Эҳ, наҳотки ёпилиб кетса. Таҳририят биносини (Қишда) кўриб, у ерда ишлайдиган ходимларга ачинган эдим. Газета туман-шаҳар юзи. Журналистлар ҳокимларнинг қилаётган ишини кўрсатиб беради. Шунинг учун журналистларга қулай шароит қилиб бериш керак” деганича ҳам бор. Тармоқ фойдаланувчиси ушбу нашрни гуллатиб юборишга ҳали ҳам кеч эмаслигини қайд этади.
Бироқ Шуҳрат Қувватов исмли юзер аксинча фикрда. У газета умуман керакмас, деб ҳисоблайди. Исботи сифатида интернетда ҳар қандай нарсани топиш мумкинлигига ишора қилади.
Албатта, фикрлар хилма-хиллиги бўлгани яхши. Айни шу жиҳат жамият ривожини таъминлайди. Аммо сифатли интернетдан ҳамма ҳам бирдек баҳрамандми?
Газетамизнинг 28 июль сонида эълон қилинган “Муаллим мартабаси - жамиятнинг юзи” сарлавҳали мақола ижтимоий тармоқда энг кўп баҳс-мунозарага сабаб бўлди, десак хато қилмаймиз. Чунки айни мавзу юзасидан муносабат билдирувчилар нисбатан кўпчиликни ташкил этди. Мақолада муаллиф юртимизда ўқитувчининг обрўсини кўтариш, таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар берар экан, эътиборни бугун мазкур соҳа вакилидан ҳоким чиқмаётганига ҳам қаратади. Бу Nazar Bek никли фойдаланувчини таъсирлантира олганини у қолдирган “коммент” мазмунидан ҳам билиш мумкин. “Бундан кейин бора-бора ўқитувчи қадри ортар экан, ажаб эмас, ҳокимлардан айримлари ўқитувчилардан бўлса...” дейди “юзер”. Зилола Маҳмудовна исмли фойдаланувчининг фикрича, ўқитувчи ойнадир. У ҳамма камчилигу ютуқни юзга айтгани учун ҳам кўпларга ёқмайди. Бошқа бир кузатувчи Фахриддин Бозоров ҳокимиятда ишлаб юрганларнинг кўпчилиги “пединститут”ни битиргани, мактабда бир кун ҳам ишламаганини қистириб ўтади.
Мактаб директорини сайлаб қўйиш керакми, деган саволга Толмас Ибрагимов “... сайлаш яхши, лекин у атрофида носоғлом муҳит яратиб, 4-5 та сохта фаолни тўплаб, сайланиб олсачи, унда нима бўлади?” мазмунидаги хавотирини изҳор қилади. Айни шу фойдаланувчи мақолада кўтарилган таклиф, ўқитувчи касб маҳорати қандай баҳоланиши кераклиги борасида ҳам ўз фикри билан ўртоқлашган. “Ўқитувчи касб маҳорати болаларга қанчалик билим бераётганлиги, у таълим берган ўқувчиларнинг неча фоизи олий ўқув юртларига киргани, жамиятимиз ва давлатимиз учун қанчалик фойдали мутахассис тайёрлаб бергани билан баҳоланиши, шунга қараб унга ҳақ тўланиши лозим”, дея “коммент”ига якун ясайди.
Шу мақолада чекка ҳудудларда ўқитувчи етишмаслиги олий таълим муассасаларига қабул чоғида эътиборга олинмаётгани масаласи ҳам ўртага ташланган. Ижтимоий тармоқ аъзоси Ўроз Ҳайдар бу борадаги ўз ёндашувини шундай баён қилади: Ички ишлар вазирлиги Академиясида мана шу нарса ҳисобга олинади. Хусусан, Қашқадарё вилояти учун 10 ёки 20 ўрин ажратилади. Аввало, қишлоқларда хориж тилларини ўргатиш учун ўқитувчи етишмайди. Бу азобни бошдан ўтказганмиз. Шаҳарда ўқув марказлари ишлаб турибди. Пулли ўқитиш ташкил этилган. Ёшлар дадил ўзлаштираяпти. Бундай ўқув марказларини туман марказларида ташкил этса, муаммоларга чек қўйилади. Қишлоқ мактабларида ишлаётган ўқитувчиларни шаҳодатлашдан адолатли тарзда ўтказишса, кечаги йилларда “паравоз”, “қуён”лар ҳисобига диплом олган бошсиз мутахассислардан тозаланарди. Унинг сўзига қараганда, ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб ўқитувчи касбини “билмасвой”лар эгаллаб келмоқда. Икки ҳарфни қўшиб ўқий олмайдиган ўқувчилар таниш-билишлар кўмагида институтларга жойлашиб оларди.
Бу фикрга бироз терс ўлароқ, бошқа фойдаланувчи Толмас Ибрагимов олий ўқув юртларига қабул чоғида жойлардаги эҳтиёж ҳисобга олинса, бу билан ҳеч нимани билмайдиган билимсиз кадрларни кўпайтириб қўйиш мумкинлигини ҳам истисно этмайди.
Ёшларнинг ёрқин келажакка ишончини қандай мустаҳкамлаш мумкин? Албатта, унга елкадош бўлиб, йўлдан чиққан муаммосини аритиб, жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиб. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатидан ҳам шу мақсад кўзланган. Бироқ бунга ҳамма ҳам амал қилмоқда, деб бўлмайди. Аҳвол қандай экани “Ғузор тумани маъсул раҳбарлари ёшлар сиёсатидан бехабарми?” сарлавҳали мақолада ҳам ўз аксини топгандек бўлди. Меҳрибонлик уйида тарбия топган ёшнинг ёрдам истаб тегишли мутасаддиларга қилган мурожаати ҳеч бир натижа бермаган. Мазкур воқеа ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳам реакция билдиришга ундади. Шулардан бири Зилола Маҳмудовна бу ҳолат баъзи масъуллар келтирадиган чиройли рақамлар фақат қоғозда экани исботилигини ёзади. “Мана шундай билагида кучи бор йигитларни аввал хор қиламиз, Худо кўрсатмасин, ҳар хил бузғунчи оқимга кириб кетиб қолса, айбдорни кўчадан қидира бошлаймиз”, дея фикрини хотималайди.
Adam Colonel никли фойдаланувчи ҳам мақолада аччиқ ҳақиқат ёзилганини таъкидлайди. “Уни ўқиб чиқиб, ўзимнинг иш қидириб юрган вақтларимни эсладим”, дейди у.
Газетанинг 7 август сонида эълон қилинган “Оддий, одатий ва оғриқли муаммолар” сарлавҳали мақола ҳам кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Унда суд-ҳуқуқ тизимида ечими мавҳум қолаётган айрим масалалар айтилганди. Масалан, бирор шахсга етказилган маънавий зарарни ундириш ҳар доим ҳам таъминланмайди. Тармоқ фойдаланувчиси Моҳигул Нусурова бунга ўзи ҳам гувоҳ бўлганини маълум қилган. “6 йил муқаддам ўғлим ноҳак судланган. Бугунги кундаги жамиятдаги жадал ўзгаришлар туфайли олий судга, ҳукуматимизга мурожаат этиб, судни кайта кўриб чиқиб айбсизлигини, ноҳак жазоланганлигини исботлаб беришларини сўради. 11 ой “иш” қайта ўрганилиб, Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди томонидан жиноят таркиби йўқлиги сабабли ўғлим айбсиз деб топилиб, оқланди. Айбсиз бўла туриб жазо олгани учун моддий ва маънавий зарар ундириш ҳуқуқига эга эканлиги ва бу бўйича фуқаролик судига мурожаат этиши лозимлиги тушунтирилди. Фуқаролик судига мурожаат қилдик. Аммо жавобгар томон “зарар ундириладиган субъектни топиб беринг”, деган гапни қилди”, дея умумий манзарани кўрсатиб беришга ҳаракат қилади.
Муаллиф ўз мақоласида қабул кунлари белгиланган бўлса-да, лекин ўша пайтда масъул раҳбарлар доим ҳам иш жойида бўлмаслигини, бунга қонунчилик асосида чора белгиланмаганини уқтиради. Ғайрат Соатов исм-шарифли “юзер”нинг фикрича, бундай ҳолат оддий фуқаролар билан ижро ҳокимияти идоралари ўртасидаги масофани янада узоқлаштиришга хизмат қилади.
Ижтимоий тармоқдаги газетамиз саҳифаси кузатувчилари нафақат мақолаларда кўтарилаётган масалаларга фикр билдириш билан чекланмай, балки мавжуд муаммоларни, ўз таклифларини илгари суришда ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. Nazar Bek никли шахс маҳаллаларда аҳолига тегишли чорва моллари учун аввалгидек озуқа ем сотишни ташкил этиш кераклигини қайд этади. Яна бир фойдаланувчи Акбар Кенжаевнинг билдиришича, Қарши шаҳрида катта муаммо бор. Вилоят марказида чиқинди ташлаш учун мўлжалланган қутилар жуда кам. “Дўкондан бакалашкали сув олсам, уйга боргунча кўтариб бораман”, дейди у. Айтмоқчики, бўшагач, уни ташлашга қути тополмай қоласиз.
Ulugbek Kasimovich исм-шарифли шахс Қарши шаҳрининг асосий кўчаларидаги пиёдалар йўлакларини ёритишда инновацион ёндашув кераклигини билдиради. Бунинг учун декоратив ёритқичлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Фойдаланувчи Тошкент шаҳрида қўлланаётган бу усул ҳудуд чиройини очишга хизмат қилаётганини эслатишни ҳам унутмайди. Турган гапки, бу таклифлар устида бир бош қотириб кўриш тегишли масъуллар учун фойдадан холи бўлмайди, назаримизда.
Хулоса ўрнида айтганда, газетамизда чоп этилаётган мақолаларга билдирилаётган ҳар бир фикр биз учун қадрли. Ушбу муносабатлар ижодий фаолиятимизни янада ривожлантиришга, камчиликларни тўлдиришга, мавзу танлашда аҳоли манфаати, қизиқишидан келиб чиқишга туртки беради.
М.ШУҲРАТОВ