Париж апелляция суди Франция собиқ бош вазири Франсуа Фийонни давлат маблағларини растрата қилганлиги ва жамоат мулкини ўзлаштиришга кўмаклашганлиги ҳамда буни яширишганлиги учун тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бундан ташқари, унга 375 минг евро миқдорида жарима солинган ва ўн йилга овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинган, дея хабар тарқатди BFMTV.
Собиқ амалдорнинг хотини Пенелопа Фийон ҳам шартли тарзда икки йилга озодликдан маҳрум этилган.
Франсуа Фийон 2007-2012 йилларда Франция бош вазири лавозимида ишлаган, 2017 йилда эса президентликка номзод бўлган. Сайлов кампанияси жараёнида “Le Canard enchaîné” газетасида чоп этилган мақола Пенелопа Фийон саккиз йил давомида ҳеч бир ишни бажармасдан депутат ёрдамчиси сифатида бюджетдан ойлик маош олиб келганини фош қилгач, можаро кўтарилган.
2021 йил июнь ойида Париж ахлоқ тузатиш суди собиқ амалдорни айбли деб топиб, унга нисбатан беш йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган. У тайинланган жазонинг ярмини турмада ўташи керак бўлган. Апелляция суди ушбу ҳукмни ўзгартирди. Бироқ, энди Франсуа Фийоннинг адвокатлари кассация тартибида шикоят киритишни режалаштираяпти.