Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

25.10.2019


ГЕКТАРИДАН 90 ТОННА ОЛМА

Интилганга толе ёр

ГЕКТАРИДАН 90 ТОННА ОЛМА

китоблик тадбиркор 4 йил ичида 5 та лойиҳани амалга оширишга эришди

Мамлакатимизда юқори ҳосилдорлик ва бошқа устунлик хусусиятларига эга, эртапишар пакана ва ярим пакана мевали дарахтларни экиш орқали интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш ҳажмини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижаси эса бозорларимиздаги мўл-кўлчиликда, озиқ-овқат саноатининг равнақ топаётгани, экспорт салоҳиятининг юксалиб бораётгани, янги иш ўринлари яратилаётгани ва бошқа-бошқа жиҳатларда намоён бўлаяпти.

 

Китоб туманида фаолият юритаётган "Тагоб мевалари нур" масъулияти чекланган жамиятининг асосий фаолияти ҳам боғдорчилик ҳисобланади.

- 4 йил аввал 10 гектар майдонга ярим пакана олма кўчатларини экиш билан иш бошлаган эдик, - дейди жамият таъсисчиси Ражаббой Муҳаммадиев. - Ушбу боғимизда 3 турдаги, эртапишар, ўртапишар ва кечпишар сара олма кўчатларини парваришлаяпмиз. Бу йил дастлабки ҳосилни олишга эришдик. Натижа ёмон эмас, кейинги йиллардан эса экилган ниҳоллар янада бўй чўзиб, йил сайин олинаётган ҳосил миқдори ошиб боради.

Аҳамиятли томони, тадбиркорнинг режаси жуда катта. У ҳудуднинг қулай иқлим шароити, бу ерда етиштирилган, таъми тилёрар меваларнинг халқаро бозорда ҳам юқори баҳоланишини инобатга олиб, ўз корхонасини йирик экспортёрлардан бирига айлантиришни мақсад қилган. Айни пайтда бу йўлда фаол ҳаракат қилмоқда.

- Маҳсулотни тўлиқ ўзимиз етиштириб, сақлаб, ўзимиз экспорт қилишга эришмоқчимиз, - дейди у. - Ўтган икки-уч йил ичида бу борада катта йўлни босиб ўтдик, бир қатор лойиҳаларни амалга оширдик. Хусусан, ўтган йили 1300 тонналик сиғимга эга замонавий совуткичли омборхонани ишга туширган бўлсак, бу йил туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда 16 гектар майдонда юқори ҳосилдор олма ва нок кўчатлари экиб, интенсив боғ яратганмиз. Шартномага асосан барча ишни туркиялик мутахассислар амалга оширмоқда. Улар ҳозирга қадар кўчатларни ўтқазиб, устини махсус тўр билан ёпди, боғ атрофи ва орасида йўл, сув тармоқлари ва бошқа зарур инфратузилма объектларини бунёд этишди. Энди яна икки йил давомида боғни ўзлари парваришлайди ва бу орада бизнинг ходимларимизга ҳам иш ўргатиб боришади.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, хориждан келтирилган ушбу кўчатлар 5 йилдан сўнг ҳар гектаридан 80-90 тонна олма, 75-85 тонна нок ҳосил қилади. Кейинги йиллардан эса бу миқдор янада ошади.

Шунингдек, тадбиркор томонидан лалми майдонда ёнғоқзор барпо этиш бўйича яна бир лойиҳа бошлаб юборилган. Хориждан тез ҳосилга кирувчи ёнғоқ кўчатлари келтириб экилган. Ниҳолларни суғориш учун ер ости сувидан фойдаланилаяпти. Бу борада тежамкорликка эришиш мақсадида замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Беш йилдан сўнг ҳосилга кирадиган боғнинг ҳар гектаридан 8 тоннадан 10 тоннагача  сара ёнғоқ олиш мумкин бўлади.

50 сотих ерда барпо этилган иссиқхона эса жамият томонидан илгари сурилган яна бир истиқболли ташаббусдир. Бугунги кунда бу ерда  300 туп лимон кўчатлари парваришланмоқда.

Кўриниб турганидек, яқин беш йил ичида мазкур тадбиркорлик субъекти ҳудуддаги энг йирик мева етиштирувчилардан бирига айланиш учун замин яратаяпти. Жамият тасарруфидаги учта боғдан ҳар йили минглаб тонна маҳсулот олинишини инобатга олсак, яқин келажакда "Тагоб мевалари нур" МЧЖ ҳудудда кўзга кўринган экспортёрлардан бирига айланиши ҳам мумкин. 

- Бу орада хорижий бозорларни ўрганиш, четга маҳсулот сотиш борасида етарлича тажриба тўплашга ҳаракат қилаяпмиз, - дейди тадбиркор. - Айни пайтда маҳсулот экспорт қилишни ҳам уддалаяпмиз. Мисол учун, бу йил етиштирган олмаларимизни Россия ва Қозоғистонга етказиб бериш бўйича шартномалар мавжуд. Шу билан бирга, маҳаллий етиштирувчилардан мева-сабзавот харид қилиб, уни экспортга йўналтириш ишларини ҳам бошлаб юбордик. Яқинда польшалик тадбиркорлар ҳам мева харид қилиш бўйича жуда мақбул таклиф билан чиқишди. Келгусида улар билан музокаралар ўтказиб, келишув битими имзолашни режалаштирганмиз.

Дарҳақиқат, меҳнатдан қочмаган, интилган, изланган одам борки, аниқ мақсад йўлида ҳар қандай ишни уддалайди. Яхши даромад топади, оиласи фаровонлигини таъминлайди, шу аснода элга, юртга нафи тегади. Тадбирли тадбиркордан кутилаётгани ҳам шу аслида.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo