Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида эришилаётган ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб, Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги позицияси қатор халқаро рейтингларда босқичма-босқич яхшиланиб бормоқда.
Бу ҳақда Қарши шаҳрида ташкил этилган “Гендер тенглик фаоли-2023” миллий танловининг вилоят босқичида айтиб ўтилди.
- Танловни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириб, гендер ёндашувларини жорий этиш, мазкур масалага жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш, илғор тажрибани аниқлаш, умумлаштириш ва тарғиб қилиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат, - деди вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромова. – Танловнинг вилоят босқичига бу борада эътирофга лойиқ ташаббуслар кўрсатаётган ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ўз соҳасига тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган 32 нафар хотин-қиз – турли идоралар ва ННТ вакиллари етиб келди.
Танлов натижаларига кўра, Муборак газни қайта ишлаш заводи вакили Манзура Ражабова “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман давлат органи”, вилоят ИИБ ходими, подполковник Зарина Кенжаева “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи”, вилоят божхона бошқармаси хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси, божхона хизмати капитани Дилноза Арабова “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи”, Касби тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулилайло Тугалова “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокимлиги”, Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Матлуба Очилова “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ҳокимлик”, Шаҳрисабз туманидаги “Боғи Сафед” оилавий корхонаси раҳбари Феруза Исломова “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ”, “Қарши мебель ишлаб чиқариш” МЧЖ раҳбари Саломат Комилова “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти” номинацияларида ғолиб бўлишди ва танловнинг республика босқичига йўлланмаларни қўлга киритишди.
Шоҳиста БОЗОРОВА