Карантин кўп оилаларни иқтисодий қийин аҳволга солиб қўйгани бор гап. Шундай дамларда алимент пулларига эҳтиёж ҳам ҳар қачонгидан ошади. Аммо айрим оталар борки, ўз фарзанди моддий таъминотини унутиб қўяди. Имконияти бўлмаганларни-ку тушуниш мумкиндир, аммо етарли шароитга эга бўла туриб, таъминотдан ўзини тортадиганлар ҳам, афсуски, бор.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан хабар беришларича, косонлик алимент тўловчи Н.Ж. 2 нафар фарзандига 5 ойдан буён алимент тўламасдан келган. Огоҳлантиришларга қарамасдан қарздорлик бартараф этилмагандан сўнг ижрочилар унинг “Gentra” автомобилини хатлашган. Натижада қарздор бирданига 2 миллион сўм тўлаб берган.
Бундан ташқари, ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 2 та маъмурий жаримасини ҳам бир вақтда тўлаган. Алиментдан қолган 1 миллион 400 минг сўм қарздорликни тўлаш учун давлат ижрочиси томонидан муддат берилган.
Ўйлаб қоласан: бу одам учун фарзандлари азизми, ё аллақандай машина?! Болалардан айри ҳолда уларнинг таъминотини унутиб юборибдию, жонсиз бир темир чўнтакдан пул чиқаришга мажбур қилибди? Қандай одамлар бор-а ҳаётда...