Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • "Геолог" санаторий-профилакторийси, "Эркатой-1,2,3,4" болалар боғчалари, газ баллон тарқатиш шохобчалари...

Ўз мухбиримиз

02.05.2024


"Геолог" санаторий-профилакторийси, "Эркатой-1,2,3,4" болалар боғчалари, газ баллон тарқатиш шохобчалари...

Хусусийлаштириш

Юртимизда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш асносида Қашқадарёда ҳам бир қатор давлат иштирокидаги корхоналар ва улар таркибидаги ташкилотларнинг акция пакетлари (улушлари) ҳамда кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилади.

Жорий йил 19 апрель куни мамлакатимиз Президенти томонидан "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. "Ўзбекистон-2030" стратегияси мақсадлари ижросини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида давлат иштирокини кескин камайтириш, хусусий сектор фаолият кўрсатиши учун қулай рақобат муҳитини яратиш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштиришга қаратилган мазкур ҳужжатга асосан, жумладан, оммавий савдоларга чиқариладиган акция пакетлари (улушлари) ҳамда давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари, шунингдек, маҳаллий фонд бозорида акцияларининг бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказиладиган корхоналар рўйхатлари ҳам тасдиқланди.

Ушбу рўйхатларнинг биринчиси ва иккинчисига воҳамизда турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётган корхоналар ва турли шаҳар ва туманларда жойлашган кўчмас мулк объектлари киритилган. Масалан,  дастлабки рўйхатда акс этган маълумотларга қараганда, тез орада оммавий савдоларга "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти таркибидаги "Ўзнефтгазбурғулаш ишлари" масъулияти чекланган жамияти, "Ўзавтосаноат" АЖнинг "АС Қашқадарё сервис" шуъба корхонаси ва "Ўзсувқурилиш" АЖ таркибидаги "Яккабоғ-махсуссувпудрат" МЧЖнинг 100 фоизлик улушлари чиқарилади. Айни пайтда харидорларга пахта толасини сақлаш ва экспортга жўнатиш билан шуғулланувчи "Нишон толаси" МЧЖ (50,1 фоиз) ва "Қашқадарё минтақавий пахта терминали" МЧЖ (100 фоиз) ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги "Шаҳрисабз ҳунармандлари кластери" МЧЖ (22,3 фоиз) улушлари ҳам таклиф қилинади. Шу жараёнда ҳар бирининг 100 фоизлик улушини тадбиркорларга сотиш орқали Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги уруғчиликка ихтисослашган "Kasbi Seeds", "Миришкор элита уруғчилик хўжалиги", "Beshkent Best Seeds", "Касби элита уруғчилик хўжалиги", "Nishon New Don Bestseeds", "Косон элита уруғчилик хўжалиги", "Kasbi Don Bestseeds", "Yakkabog Bestseeds" масъулияти чекланган жамиятларини ҳам хусусийлаштириш назарда тутилган.

Ўз навбатида оммавий савдоларга чиқариладиган давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари рўйхатидан вилоятимиздаги хўжалик юритувчи субъектларнинг  110 тадан ортиқ бино, иншоот ва шохобчалари, мулкий мажмуалари, ижтимоий муассасалари ўрин олган. "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятига қарашли "Геолог" санаторий-профилакторийси, "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖнинг Қарши шаҳри, Нишон ва Ғузор туманларида жойлашган "Эркатой-1,2,3,4" болалар боғчалари, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг Ғузор тумани Қоракўл маҳалласидаги собиқ ғишт заводи ва иссиқхонаси, "Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиалининг турли ҳудудлардаги маиший газ баллон тарқатиш шохобчалари, Китоб тумани Али Қушчи маҳалласидаги собиқ болалар шифохонаси биноси, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ "Қарши минтақавий темир йўл узели" унитар корхонасининг вилоят маркази Заҳокимарон маҳалласида жойлашган гаражи ва маъмурий биноси шулар жумласидандир.

Қарорда қайд этилганидек, оммавий савдоларга чиқариладиган акция пакетлари (улушлари) ҳамда давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари рўйхатларидаги активлар икки ой муддатда балансда сақловчи вазирлик, идоралар ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши шарт. Бу жараённи Ҳисоб палатаси назоратга олиб, мазкур топшириқни бажармаган биринчи раҳбарларга нисбатан чоралар кўриш юзасидан Президент Администрациясига таклиф киритади.

Умуман олганда, қарорга мувофиқ республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятлари биринчи раҳбарларининг асосий вазифаларидан бири этиб ўз соҳасида хусусий сектор улушини муттасил ошириб бориш, рақобат муҳити шаклланган соҳалардаги, шунингдек, уларнинг фаолиятига хос бўлмаган, самарасиз фойдаланилаётган ва бўш турган активларини хусусийлаштириш (сотиш) белгиланди.

Шунингдек, ҳужжатда Тошкент шаҳар ва бир қатор вилоятлар (шу жумладан, Қашқадарё вилояти) ҳокимларига давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағларни объект жойлашган туман (шаҳар) бюджетида қоладиган қисмини ҳам тўлиқлигича вилоятлар (Тошкент шаҳри) бюджетига ўтказиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинишига йўл қўйганликлари кўрсатиб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар зиммасига тегишли ҳокимлар билан биргаликда давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари сотилишидан тушган тушумларнинг қонунчиликка мувофиқ тегишли қисми ушбу объектлар жойлашган туман (шаҳар)лар бюджетида қолдирилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

*  *  *

Давлатимиз раҳбари жорий йил 19 апрелда имзо чеккан яна бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат - "Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда, хусусан,  "Деҳқонобод калий заводи" акциядорлик жамиятининг давлат (100 фоиз) акциялар пакетини хусусийлаштиришга доир алоҳида топшириқ ҳам акс этган. Унга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан мазкур жараён 2024 йил охиригача якунланиши шарт.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo