Бироқ табиат ўз бағрида асраб-авайлаб келаётган барча неъматларнинг ҳам чеки бор. Шу боис ҳам сўнгги йилларда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш масалалари бутун дунёда тобора катта аҳамият касб этиб бораяпти. Ўз ўрнида, бир қанча тараққий этган мамлакатларда бу соҳада улкан тажриба ҳам тўпланган.
Бугунги кунда муқобил энергия манбаларининг асосан бешта - қуёш, шамол, сув, ер тубидаги иссиқлик (геотермал) ва биомасса энергия турлари истиқболли экани бу борада олиб борилган тажрибаларда ўз исботини топмоқда.
Геотермал энергия манбаларидан кенг фойдаланиш истиқболли йўналишлардан бири саналади. Бунда энергия ер юзасидан тўғридан-тўғри олинади. Энг фаол геотермал нуқталар асосан вулқонлар яқинида, шунингдек, иссиқ булоқлар, гейзерлар мавжуд ҳудудларда жойлашган бўлади.
Таъкидлаш жоиз, “геотермал” сўзи юнончада “тупроқ иссиқлиги” маъносини англатиб, чексиз энергия манбаи демакдир. Чунки Ер ядросидаги иссиқлик доимо сақланиб туради. Геотермал энергия табиий ҳосил бўладиган буғ ва иссиқ сувдан фойдаланиш йўли билан олинади. Қолаверса, бу атроф-муҳит, яъни экология учун хавфсиз усул саналади.
Геотермал энергия ерда ёнувчи газлар ва космик чанглар аралашиши натижасида 4 миллиард йил аввал пайдо бўлган. Қадимда одамлар ер остидан отилиб чиққан қайноқ ва иссиқ сув манбаларидан айрим хасталикларни даволашда ҳам фойдаланган. Вақт ўтган сари бу шифобахш сувлардан бошқа мақсадларда ҳам кенг фойдаланила бошланди. Масалан, қадимги римликлар Помпей шаҳрида геотермал сув ёрдамида биноларни иситиш тизимини яратган. Америкалик ҳиндулар эса деярли 10 минг йил аввал иссиқ сув манбаларидан таом пиширишда фойдаланган. Бир неча юз йиллар давомида италиялик деҳқонларга геотермал энергия иссиқхоналарни иситишда, намликни тутиб туришда жуда қўл келган. АҚШда эса бир асрдан кўпроқ вақт давомида геотермал энергия ёрдамида уйлар, очиқ ҳовуз ва тижорат бинолар иситилиб келинади.
Ҳозирги вақтга келиб, Хитой, Япония, АҚШ, Франция, Германия, Италия, Испания каби мамлакатларда геотермал манбалардан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, унинг асосида олинган товар Калифорния штати (АҚШ) шимолий қирғоқлари аҳолисининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 60 фоизини қоплаяпти.
Хорижлик мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон муқобил энергетика соҳасида улкан салоҳият ва имкониятга эга бўлган мамлакат ҳисобланади. Жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланишда мамлакат иқлими жуда қўл келади. Шунингдек, бизда шамол энергетикаси ҳам истиқболли деб ҳисобланади. Улар қаторига геотермал энергияни ҳам қўшиш мумкин. Чунки унинг ўзига хос афзалликлари мавжуд. Масалан, геотермал ҳудудда, яъни ерда иссиқлик доимий манба бўлиб, у ўзгарувчан эмас, шамол эса ўзгарувчан. Шамол бўлмаса, энергия ҳам мавжуд эмас. Шамол бўлса ҳам унинг тезлиги ўзгарувчандир. Шу боис, уни назорат остида тутиб туриш мушкул. Шунингдек, қуёш энергиясини ҳам куннинг булутли кунларида кўнгилдагидек олиб бўлмайди. Демак, геотермал энергия ўзида кўплаб имкониятларни мужассам этган.
Юртимиз ҳудудида 10 га яқин гидротермал ресурс манбаи мавжудлиги аниқланган. Хусусан, вилоятимизнинг Муборак, Нишон, Косон, Қамаши, Миришкор туманларида ер остидан 60-70 даража ҳароратдаги иссиқ сув сизиб чиқади. Мазкур имкониятдан самарали фойдаланилса, ундан қишлоқ хўжалиги, саноат ёки турар жой бинолари, иссиқхонани иситишда фойдаланиш мумкин. Бироқ мазкур йўналишда тадқиқот ишлари, тажрибалар, лойиҳалар етарли даражада амалга оширилган, дейиш қийин. Баъзи мутахассислар мазкур масалага бир қарашда муваффақиятсиз, деб хулоса беради. Бироқ бу масалада ҳудуд шароити, мавжуд имконият ва шарт-шароитларни ҳисобга олиб, аниқ бир ечим берилмаган.
Албатта, бунда катта масъулият қайта тикланувчи энергия соҳасида тадқиқот ишларини олиб бораётган истеъдодли ёшлар зиммасига тушади. Зеро, мутахассисларнинг айтишича, яқин келажакда давлатларнинг барқарор тараққий этиши энергетика имкониятларидан, хусусан, муқобил энергия манбаларидан қанчалик даражада фойдаланишига боғлиқ бўлиши мумкин.
Азизбек НОРОВ