Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

20.02.2017


ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

Шундай тадбирлардан бири Китоб агросервис ва хизмат кўрсатиш  касб-ҳунар коллежида “Гиёҳвандлик – ҳаёт кушандаси” мавзусида бўлиб ўтди. Ички ишлар, тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари қатнашган тадбирда ўқувчи-ёшларга гиёҳвандлик, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг зарари хусусида маълумотлар берилди.

Қайд этилганидек, гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши, унинг ҳаётини издан чиқариши ва турли жиноятлар сари етаклаши маълум. Гиёҳванд модда марказий асаб тизими – бош мияга таъсир қилиб, натижада инсон ўзини идора қилолмайди. Бу эса фақат салбий оқибатларга олиб келади. Чунки наркотикка ўргатилган одамни ҳар қандай залолатга, разил ишга бошлаш, ундан фойдаланиш мумкин. Шунинг учун дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида мамлакатимизда ҳам гиёҳванд моддалар  тайёрлаш, олди-сотдиси билан шуғулланиш, тарқатиш каби фаолият қонун асосида тақиқланган.

Ёшлар буни теран англаган ҳолда бўш вақтларидан унумли фойдаланиши, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этишлари, спорт билан шуғулланиш, бадиий адабиётлар ўқиш, миллий қадриятларимизга амал қилишлари зарурлиги қайд этилди.

- Бугунги тадбирдан шуни англадимки, гиёҳвандлик энг бебаҳо неъмат – тинчлик-осойишталигимизга хавф соларкан, - дейди коллежнинг компьютер инжиниринги йўналиши ўқувчиси Бибисора Абдуғаффорова. – Чунки гиёҳвандлар инсоний қиёфасини йўқотган бўлади. Улар ота-она, фарзанд, фаровонлик, хотиржамлик каби тушунчаларни идрок қилолмайди. У – манқурт. У “таъминотчи”сининг айтганини қилади, портлат деса, портлатади, ўт қўй деса, ўт қўяди. Шунинг учун барчамиз бу жирканч иллатдан узоқ бўлишимиз, жамиятимизда унинг таъсирига тушган кимсалар учрашига йўл қўймаслигимиз зарур.

Тадбирда мавзу юзасидан ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. “Ажал тўри” видеофильми намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo