Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ҲАЛИМОВ

15.02.2017


ГИЁҲВАНДЛИК – МУДҲИШ ИЛЛАТ

Асримизнинг улкан муаммоси – ноқонуний савдо “йўлбошчи”ларидан бири, халқаро трансмиллий жиноятларнинг энг мудҳиши ҳисобланмиш наркобизнес ҳам асли инсон иродасига қарши очилган урушдир. Айни вақтда дунёнинг турли давлатларида мазкур “заҳри қотил”дан жабрланаётганлар сони ошаётган бўлса, ошаяптики, асло камайгани йўқ. Ҳар йили жаҳонда ўн минглаб одам гиёҳванд моддаларга ружу қўйгани боис вафот этмоқда. Биргина шу маълумотнинг ўзи кишини чуқур ўйга толдиради. Ҳақиқатда унинг таъсир доираси, инсоният бошига келтириши мумкин бўлган фожиаси кино тасмасидек кўз олдингиздан ўта бошлайди.

БОР-ЙЎFИ БИР МАРТА…

Инсон боласининг ички оламида тақиққа қарши курашиш инстинкти мавжуд. Кун давомида ўнлаб бу каби ҳолатларнинг гувоҳига айланамиз. Хусусан, тақиқланган жойга автомобилларни қўйиш, йўналиш таксиларининг ортиқча йўловчи олиши, тезликни ошириши, эндигина атак-чечак қила бошлаган болангизнинг ёшига мос бўлмаган ўйинчоқлар талаб қилиши, сиз бераётган тарбия йўлидан “бир қадам” бўлсин чиқишга уриниб кўриши… Бу мисоллар сизнинг наздингизда кичкинагина, одатга айланиб улгурган муаммолар сирасига кириши мумкин. Аммо буларнинг оқибатида автоҳалокат рўй бериши, кимдир тан жароҳати олиши ё қурбон бўлиши ҳолатлари кузатилмаслигига ким кафолат беради?! Ёшига ярашмаган ўйинчоқларни ўйнашга иштиёқманд фарзанд эса эртага ундан-да каттароқ нарсаларни талаб қилмайдими? Ачинарлиси, бу каби ҳолатлар сабрсизлик, субутсизлик, борига шукур қилмаслик каби инсон иродасига “болта урувчи” иллатларнинг куртак ёзишига олиб келади. Аслида барчаси “бор-йўғи бир марта”гина тақиқни бузишга уринишдан бошланади. Гиёҳванд моддаларга ружу қўйиш, унинг асирига айланиш ҳам ана шу бор-йўғи бир мартагина татиб кўришга бўлган иштиёқ оқибатидир.

Таҳлилчилар­нинг сўзларига қараган­да, дунё бўйича ўртача 110 миллион нафардан ортиқ киши ойда бир мар­та бўлса-да, гиёҳванд модда ис­теъмол қи­лади. Бу рақамлар 100 миллионлаб оила инқироз ёқасига келиб қолиши, яқинларининг ҳаётидан хотиржамлик, уйқусидан ҳаловат йўқолишидан дарак бераётир. Мазкур “заҳри қотил”га ружу қўйган кимсалар ота-онаси, яқинлари, ҳатто, ўз жигаргўшаси – фарзандини ҳам унутиб қўйиши, фикру ёдини гиёҳванд моддаларга бўлган эҳтиёж эгаллаб олишини бугун ҳаммамиз билиб, ҳаётий мисоллар асосида кўриб турибмиз. Шундай бўлса-да, унинг савдоси билан шуғулланадиганлар сони ҳам йил сайин кўпайиб, дунё ҳамжамиятини чуқур ташвишга солмоқда.

БИЗ “ЗАҲРИ ҚОТИЛ”ГА ҚАРШИМИЗ

Бу шиор мустақиллик йилларида ёшларни бир ўй, бир мақсад йўлида собитқадамлик билан бирлаштира олувчи, халқимизнинг дилидаги умидбахш чорлов бўлиб янгради. Соғлом турмуш тарзига интилиш, келажакка дадил қадамлар билан бориш ҳамиша маррани катта олиб яшашга ундади. Натижада ўзбек ёшлари турли соҳаларда халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтариб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётир. Қолаверса, ўн икки йиллик бепул мажбурий  таълимнинг жорий қилингани ҳам ёшларни ҳунар эгаллашга, бўш вақтини мазмунли ўтказишига қулай имконият яратди.

Бироқ гиёҳванд моддалар етиштиришда  дунёда биринчи ўринда турган Афғонистон Республикаси билан чегарадошлик Ўзбекистондаги наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш самарадорлигига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. 2014 йилги маълумотларга қараганда, Афғонистондаги кўкнори майдонлари 224 минг гектарга етган. Мазкур ҳосилни дунё бозорига мамлакатимиз ҳудудидан олиб ўтишга уриниш ҳолатлари эса кўплаб кузатилади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган  2015 йилги тадбирда берган маълумотига диққатни қаратсак: 2014 йилда мамлакатимизда қарийб 2,3 тонна наркотик воситалар мусодара қилинган. “Қорадори – 2014” операцияси давомида таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимлик экилган 1125 та ҳолат аниқланган.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли  ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академияси ва Олий ҳарбий божхона институтида махсус кафедралар фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, кейинги йилларда уч мингдан зиёд ходим халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатларда ўқиб, малакасини ошириб қайтди.

ҲАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗ

Таъкидлаш жоиз, мустақиллик йилларида мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва яна бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар гиёҳвандликнинг олдини олиш борасидаги ишларда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қолаверса, мамлакатимиз гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш соҳасида БМТнинг Наркотик жиноятларга қарши кураш бошқармаси, БМТ Тараққиёт дастури, Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқининг комиссияси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

1994 йилдан буён мамлакатимизда судларда ашёвий далил сифатида кўрсатилган наркотик воситалар махсус печларда ёқиш орқали йўқ қилинмоқда. Ўтган давр мобайнида юртимизда 55 тонна 400 килограмм гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди. Бу далиллар эса Ўзбекистон ҳеч қачон гиёҳванд моддалар олди-сотди қилинадиган “савдо маркази”га айланмаслигини тасдиқлайди.

Ҳа, заҳарнинг бир томчиси ҳам заҳар. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш эса инсон саломатлигига, унинг ҳаёти, онгги, дунёқарашига кескин таъсир қилишини бугун ривожланган тиббиёт тасдиқлайди. Шундай экан, киши иродасини синдирувчи, ҳаётини издан чиқарувчи “заҳри қотил”га қарши курашиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимизга айланмоғи, ёшлар, фарзандларимиз иродасини ташқи салбий омиллар таъсиридан сақлашни кечиктириб бўлмас вазифалар сирасига қўймоғимизни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Report typo