Маълумот ўрнида: Ҳозир дунёда 9 миллиондан ортиқ киши героин, 13 миллиондан ортиғи кокаин, 150 миллиондан зиёд одам марихуана (наша) ҳамда 200 миллиондан ортиқ одам сунъий наркотик моддалар истеъмол қилар экан.
Гиёҳвандлик, бу - наркотик моддаларни доимий қабул қилишга ўрганиб қолиш. Унинг қуйидаги турлари бор:
канопнинг турли навлари, опиум (афюн) наркотиклари, психостимуляторлар, тинчлантирувчи ва ухлатувчи дори-воситалар, галлюциногинлар.
Ушбу касаллик юзага келиши бир неча босқичда ўтади ва гиёҳванд моддага ўрганиб қолиш натижасида кишида наркоманик синдром пайдо бўлади. Наркотик моддаларга мойиллик ҳам уч босқичда кечади:
I босқич - наркотик моддаларга руҳий мойиллик пайдо бўлиши.
II босқич - абстиненция (хумор синдроми) пайдо бўлиши.
III босқич - наркотик моддаларга чидамлилик пасайиши билан характерланади.
Дастлаб инсон организмида руҳий ва жисмоний мойиллик пайдо бўлади. Гиёҳвандлик бошланишида ҳамма беморларнинг наркотик моддаларга бўлган мойиллиги кескин ошиб боради, олдинги истеъмол қилинган наркотик модда эйфория ҳолатини чақирмайди, шунинг учун гиёҳванд беморлар ҳар сафар қабул қилинган гиёҳванд модда миқдорини ошириб боради, натижада гиёҳвандликнинг иккинчи оғир синдромларидан бири - жисмоний боғлиқлик юзага келади. Шу зайлда бангига айланган беморда аввал руҳий ўзгаришлар (тажанглик, кайфиятнинг тез бузилиши, хотира сусайиши, заифлик) пайдо бўлса, кейинчалик жисмоний ўзгаришлар - кўп терлаш, юрак уриши тезлашиши, оғиз қуриши ҳолати, озиб кетиш, қўл-оёқ терлаши, суякларда оғриқ пайдо бўлиши каби ҳолатлар юз беради.
Гиёҳвандлик натижасида жуда оғир хасталиклар, масалан, ОИТС, жигар циррози, сил, ўсма касалликлари, овқат ҳазм қилиш тизими бузилиши, наслга таъсири кузатилади.
Ана шу каби хусусиятларига кўра, гиёҳвандлик инсониятга хавф солаётган иллат саналади. Шундай экан, унга қарши ҳамма бирдек курашиши лозим. Бунда меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар йиғинлари, ота-оналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари биргаликда ҳаракат қилиши яхши самара беради. Зеро, ёш авлодни, миллий генофондимизни наркоагрессиянинг ёвуз чангалига тушиб қолишидан асраш, гиёҳвандликка қарши ҳамкорликда курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Ойбек БЎРИЕВ,
вилоят наркология диспансери бош врачи