Сакровчи бомба, учар танк ва бошқалар
1942 йилнинг октябрида учинчи рейхнинг мудофаа вазири Альберт Шпеер "Биз ғалаба остонасида турибмиз. Большевикларга қарши урушда "вундерваффе" номли ноёб қурол ёрдамида ғалаба қозонамиз", дея ҳайратомуз баёнот беради. Геббельс раҳбарлигидаги тарғибот вазирлиги ҳам "вундерваффе" аллақачон йўлда ва ҳадемай душманга "қақшатқич зарба беради", дея немис халқига бир неча маротаба хабар тарқатди.
Орадан уч йил ўтиб ҳам бу каби шов-шувли хабарлар тўхтамади. 1945 йилнинг 29 апрелида, Иккинчи жаҳон уруши тақдири ҳал бўлиб улгурган бир паллада Берлин радиоси "Яқин вақт ичида "мўъжиза-қурол" рейх душманларининг кулини кўкка совуради. Унинг қўлланилишига фюрернинг ўзи ижозат берди", дея хабар қилади. З0 апрелда эса Адольф Гитлер ўз жонига қасд қилди. Бу ҳолат вақт ўтиб тарихчиларнинг "Ҳақиқатан ҳам Германия уруш жараёнини ўзгартириб юборишга қодир қудратли қурол устида тадқиқот ишларини олиб борганми ёки бу фақатгина Геббельснинг тарғиботга оид найрангимиди?" каби саволлар юзасидан баҳс-мунозаралар қилишига сабаб бўлди.
"Тадқиқот ишлари тасаввурни ҳайратда қолдиради"
- "Вундерваффе"нинг яратилиши сира афсона эмас, - дея ишонч билан сўзлайди собиқ Чехословакиянинг давлат архиви экс-ходими Алоиз Водичка. - 1944 йилнинг 4 мартида мамлакатнинг немислар томонидан босиб олинган Пльзень ва Брно шаҳарларида ер ости иншоотлари қуриш бошланган. Ушбу ишлар Гитлернинг севимли шотири Ганс Каммлернинг конструкторлик бюроси томонидан амалга оширилган, "мўъжиза-қурол"нинг тадқиқ ишларига у, яъни қўриқлаш отряди (SS)нинг 43 ёшли группенфюрери шахсан масъул бўлган. Бир йил ўтмасдан "Шкода" заводининг бинолари остида улкан тадқиқот мажмуаси барпо этилган. Унда ер остига чўзилган чуқур туннеллар, олимлар учун лабораториялар, "учар жисмлар"ни учириш учун шахталар ва ҳатто "вундерваффе" синовлари учун полигонлар мавжуд бўлган. Уруш тугашига уч кун қолганда америкаликлар Пльзень шаҳрини эгаллаганида рекорд даражадаги муддатларда қурилган 35 километр ер ости коммуникацияларини аниқлашган.
Америка разведкасининг 1945 йил 14 октябрда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари штабига йўллаган маълумотида "Биз Чехословакия, Австрия ва Венгриянинг ер остидан 107 та завод топдик, бу эса биз ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ. Тахминан уларнинг ярмида бизга номаълум қурол-яроғларни тадқиқ қилиш билан шуғулланишган", дея қайд этилади. Пльзендаги конструкторлик бюроси SSнинг махсус қўриқчилари томонидан халқа шаклида ўраб олиб қўриқланган: ер ости бункерларида Қуёш нурларини кўрмасдан Европанинг энг яхши олимлари меҳнат қилишган.
Уларнинг кўпчилиги бу ерга мажбурий тарзда олиб келинган, урушдан сўнг улар аллақаёққа ғойиб бўлишган, ҳаттоки, уларнинг жасадларини ҳам топишнинг имкони бўлмаган. 1945 йилнинг 3 апрелида Гитлер Каммлерга Германиядаги барча махфий лойиҳалар устидан бошқарувчилик қилишни назарда тутувчи алоҳида буйруқ жўнатади. Айнан ўша куннинг ўзида Геббельс ўз кундалигига "Ганс муҳим ихтирога жуда яқин. Унинг тадқиқот ишлари ҳар қандай тасаввурни ҳайратда қолдиради" деб ёзади.
- Уруш тугашига бир ҳафта қолганида Каммлер учинчи рейхда қудратли инсон сифатида Гитлердан кейин иккинчи бўлган, - дейди польшалик тарихчи, 15 йилдан бери "вундерваффе" сири устида тадқиқот олиб бораётган Игорь Витковский. - 1945 йилнинг баҳорида дафъатан унинг бошида ҳеч қанақанги сабабларсиз юксак даражадаги унвон ва мукофотлар ёмғири ёғади, SSнинг обергруппенфюрер фахрий унвони берилади. Ушбу қўққисдан кўрсатилган марҳаматларни балки биргина сабаб билан изоҳлаш мумкиндир - Каммлер учинчи рейхни қутқаришга қодир бўлган қуролни яратишда муваффақиятга эришган. Гитлернинг тирик қолган барча сафдошлари ўз ёдномаларида белгилашича, фюрер яқин вақт ичида "вундерваффе" арсеналларини ишга тушириши ва душманларни "заррага айлантириши"га астойдил ишонган. Яна бир талқинга кўра, Каммлерга "мўъжиза-қуролни" батамом битиришига атиги бир ой етмаган!
Конструктор қаерга ғойиб бўлган?
1945 йилнинг 4 майида Ганс Каммлер кутилмаганда Прагага келиб, хотиржам, худди ҳеч нарса содир бўлмаганидек ер остидаги заводлар ишчиларига график бўйича сўнгги буйруқларни беради. У "Шкода" ходимларига ҳеч нарсани тушунтирмайди, улар эса "агар Берлин Қизил армия томонидан қўлга киритилган бўлса, энди "вундерваффе" билан шуғулланишдан нима маъно бор?", дея ҳайратда қолишади.
Барча махфий ҳужжатлар (чизмалар, режалар, тадқиқот ишлари) зудлик билан Пльзенга кўчирилади, Каммлернинг ўзи эса ном-нишонсиз йўқолади. Фюрер арзандасининг на тириги, на ўлигини топа олишади. Унинг йўқолиши бўйича фақатгина учта талқин мавжуд. Биринчисига кўра, у 9 май куни Пльзендаги ўрмонда ўзини отган эмиш. Бироқ айнан ўша куни уни обераммергау ракетачи Вернер фон Браун шаҳарчадаги меҳмонхонада кўрган, кейинроқ у терговда "Каммлер мундирини ёқиб, маҳаллий монастир ертўласига яширинишни хоҳлаган", дея кўрсатма беради.
Яна бир талқинга кўра, SSнинг махсус лойиҳалари бошлиғи партизанлар ҳужум қилган бункерда нобуд бўлган.
Учинчи талқинга кўра, бу ҳатто танқид қилишга арзимайди - у "бир гуруҳ шахслар" кўрсатмаларига асосланган, яъни улар Каммлернинг дафн маросимига гувоҳ бўлишган. Аслини олганда, ғойиб бўлган обергруппенфюрерни топишга ҳеч ким умуман уринмаган. АҚШ ҳам, собиқ иттифоқ ҳам баайни оғизларига талқон солиб олишгандек, Нюрнберг процессида ҳам Ганс Каммлерни эслашмаган. Ваҳоланки, бу инсон нацистларнинг энг муҳим лойиҳаларига масъул бўлиб, тўғридан-тўғри Гитлерга бўйсунган. Рейхсканцлер (1945 йилгача Германияда: ҳукумат бошлиғи) Борман ва гестапо (фашистлар Германиясининг яширин сиёсий давлат полицияси) бошлиғи Мюллер (улар ҳам уруш охирида ғойиб бўлишган) қидирувга берилди, "вундерваффе" ихтирочисини эса бамисоли у мавжуд бўлмагандек унутиб қўйишди. 1948 йилнинг 7 сентябрида Берлин суди томонидан Каммлер расман вафот этган деб топилди.
- "Мўъжиза-қурол" лойиҳаси бошлиғи қочиб кетганига ҳечам шубҳаланмайман, - дея таъкидлайди Игорь Витковский. - Мен шахсан Ганс Каммлернинг портфелидаги харитани кўрдим, унда қалам билан фронт томонига қаердан яхшироқ ўтиш мумкинлиги белгилаб қўйилганди. У эга бўлган махфий сирлар бутун дунёга ҳукмронлик қилишига замин яратиши мумкин эди, шу боисдан, америкаликлар ҳам, руслар ҳам имкон қадар тезроқ "Шкода" заводи ва Каммлернинг ўзини қўлга киритишга шошилишган.
1945 йилнинг 6 майида Европадаги АҚШ армиясининг қўмондони Дуайт Эйзенхауэр "Собиқ иттифоқ билан келишувга мувофиқ" ўз жангчиларига Пльзенга қараб юрмасликка буйруқ беради. Генерал Паттоннинг 16-танк дивизияси мазкур буйруқни назар-писанд қилмасдан, советлар истило қилган ҳудудда жойлашган ва "эгасиз" Пльзенни забт этиш учун юришни амалга оширади. Америка разведкаси "Шкода" туннелини ўрганиш мақсадида у ерга кира бошлайди. Фақатгина 12 май куни, собиқ иттифоқ томонидан қатъий норозилик билдирилгандан сўнг, Пльзенга Қизил армия киради. Қизиқ, америкаликлар Каммлер архивидан нимани излашган бўлса?
Георгий ЗОТОВ
Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.