Нацистлар атом бомбаси тадқиқотини нега тўхтатган?
"Собиқ иттифоқ билан келишув"га зид тарзда "эгасиз" Пльзенни забт этиш учун юришни амалга оширган АҚШ генерали Паттоннинг 16-танк дивизияси разведкачилари "Шкода" туннели ва Каммлер архивидан нималарни излашган бўлса?
- АҚШ разведкачилари жуда катта хатога йўл қўйган, - дейди польшалик тарихчи ва "Вундерваффе" ҳақиқатлари тўғрисида" номли китоб муаллифи Игорь Витковский. - Улар немислар ядровий қурол яратишаётганига амин бўлишган. Унга оид ҳужжатларни Пльзендан топишга уринишади. Ваҳоланки, атом бомбасининг тадқиқ ишлари 1942 йилнинг ноябрь ойидаёқ тўхтатилган. Нега деганда, Германияда зарур хом ашё - уран топилмаган.
6 кундан сўнг, аниқроғи, 1945 йилнинг 12 майида Пльзень шаҳри АҚШ танк дивизиясидан Қизил армия қўлига ўтгач, "Шкода"даги SS обергруппенфюрери Каммлернинг чизмалари муҳрланиб, собиқ иттифоққа олиб кетилади. Бугунги кунда мазкур қоғозлар Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг Подольскдаги архивида "Махфий" грифи остида сақланади.
- Мен у ерга кириш бўйича расман мурожаат қилдим, бироқ жавоб олмадим, - дейди Игорь Витковский. - Хуллас, америкаликларнинг ақлсизларча хатти-ҳаракатлари туфайли собиқ иттифоқ махсус хизматчилари Каммлернинг тадқиқот ишларини қўлга киритган.
Германиядаги барча махфий лойиҳалар устидан бошқарувчиликни қўлга олган Ганс Каммлернинг изсиз ғойиб бўлгани ва унинг тақдири борасидаги яна бир тахминга кўра, у Жанубий Америкада яширинган. Витковскийнинг сўзларига қараганда, обергруппенфюрер анча олдин америкаликлар билан музокаралар олиб борган. Айнан шу туфайли немислар Ғарбий фронтда заҳарли моддани ("Е-600"га ўхшаш) қўллашга улгурмаган. Уларнинг захиралари "SSнинг ақлий маркази" лабораторияларида ишлаб чиқарилган, бироқ Каммлер арсеналларга оғуни етказиб беришни кечиктиради.
- Ушбу музокаралар ҳақиқатан олиб борилганини мудофаа рейхсминистри Альберт Шпеер ўз ёдномаларида қайд этади, - дейди польяк тарихчиси. - Унга кўра, 1945 йилнинг апрелида Шпеер Каммлер билан Берлинда учрашади. Унга Аргентинага қочиб кетиш имконияти эвазига ўзининг барча ишланмаларию "SSнинг ақлий маркази" олимлар гуруҳини АҚШга тақдим этиш ниятида эканини айтади. Фақатгина 1945 йилнинг кузига келиб, немис ракетачилари устидан олиб борилган серияли терговлардан сўнг, америкаликлар Пльзенда қандай сирларни қўлдан чиқаришганини англаб етишган. Шундан сўнг АҚШнинг махсус хизматлари учинчи рейхнинг илмлилар элитасини овлашга киришади...
Махфий мактуб
Фюрер уруш бошланишига бир ой қолганида Сталинга мактуб йўллаб, Англияга ҳужум қилишни таклиф этган. Бинобарин, "Шкода" фабрикасида Лондонга зарба бериш режаси устида ҳам ишланган.
Австрия, Германия ва Чехияда дуч келинган 600 дан зиёд шахталарда "SSнинг ақлий маркази" Москва ва Лондонга зарба беришга қодир бўлган қитъалараро ракета - "А-10" синовларини ўтказган. Каммлер Маутхаузен яқинидаги ер ости фабрикаларида жаҳондаги дастлабки реактив қирувчи самолётларни ("Мессершмитт-262") ишлаб чиқаришни идора қилган. Кёнигсбергда зенит лазерлари ва "Мидгард аждари" (мазкур "ерқазар" ускуна вагонли поезд кўринишида бўлган) ер ости кемаларини яратишга уринишган. Ҳар бир шундай турдаги кема минглаб 250 килограммли бомбаларни ташиши керак бўлган, унинг ёрдамида келгусида Буюк Британия шаҳарларини йўқ қилиш таклиф этилган.
"Қуёш замбараги"
- Биргина инсон қай тариқа "Ер ости рейхи"ни бошқариши мумкинлигига ишониш қийин? - дейди чехиялик тарихчи Карел Матецкий. - Бироқ Гитлер Ганс Каммлерни юқори даражадаги ишлаш қобилияти сабабли жуда қадрлаган. Пльзендаги бюро турли ихтироларни, шулар қаторида, энг ишониш қийин бўлганларини ҳам текшириб чиққан. 1945 йилнинг 9 июлида Парижда АҚШнинг армия подполковниги Жон Кек журналистларга "Қуёш замбараги" ("Sonnengewehr") схемасини тақдим этган, унинг устида олиб борилган ишларни ҳам Каммлер назорат қилган.
Муҳандис Герман Оберт чизмаларни кўздан кечириб, нацистлар коинотда Қуёш қуввати концентрацияси учун диаметри 200 метр бўлган кўзгули қайтаргич яратишни режалаштирганини таъкидлади. Агарда "Қуёш замбараги"ни яратишганида, у кучи бўйича сония ичида бутун шаҳарни ёндириб, атом бомбасидан устун чиққан бўларди. Хайриятки, фюрер бу лойиҳани жудаям харажатталаб деб санаган.
Аммо "Қуёш замбараги", реактив самолётлар ва "Мидгард аждари" Каммлернинг бош мақсади бўлмаган. Игорь Витковский SSнинг штурмбаннфюрери Рудольф Шустер ва группенфюрери Якоб Шпорренбергнинг Польшадаги тергов протоколлари қайдларига таяниб, Пльзендаги марказ оламшумул ишга, яъни космик технологияларга қўл урганини таъкидлайди. Шунинг учун ҳам Гитлер Берлин енгилишига бир ой қолганида ҳам "мўъжиза-қурол" Германияни халос этишига умид қилишдан тўхтамаган.
- Ўша замонлардаги немисларнинг ракетасозлик ва учувчи аппаратларни яратишдаги ютуқлари АҚШ ва собиқ иттифоқнинг бу борадаги тадқиқот ишларидан 10-15 йилга ўзиб кетган, - дейди Витковский. - Каммлернинг билимларисиз америкаликлар коинотга илк парвозларини амалга оширишлари даргумон эди. Ишонч билан айтиш мумкинки, АҚШ фақатгина учинчи рейхнинг сирлари ёрдамида коинотда ўзига эшик очган.
Георгий ЗОТОВ
Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси