Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

14.03.2017


ГЛАЗГОДА 14 КУН

Ўрнатилган ҳамкорлик доирасида яқинда  вилоятлардан танлов асосида саралаб олинган бир гуруҳ ўқитувчилар Буюк Британиянинг Глазго Каледония университетида 2 ҳафталик малака ошириш курсида ўқиб қайтишди. Улар орасида Қарши шаҳридаги 11-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Наргиза Худойназарова ҳам бор. У ўз таассуротларини биз билан бўлишди.

ТАНЛОВ АСОСИДА САРАЛАНДИК

- Республика Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи асосида “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик-танлови ташкил этилди. Номзодлар вилоятларда босқичма-босқич сараланди. Илк босқичда Давлат тест маркази ҳамда Британия кенгаши томонидан иншолар танлови   ўтказилди. Энг яхши деб топилган  иншолар муаллифлари танловнинг кейинги босқичига йўл олди. Кейинги босқичда ҳар бир номзод очиқ дарс ташкил этди. Мазкур босқичда иштирок этган 12 нафар чет тили ўқитувчисидан 5 нафари саралаб олинди ва танловнинг сўнгги - республика босқичига йўл олди. Юқори босқичда бизни Британия кенгаши мутахассислари имтиҳон қилишди. Эшитиш, ўқиш, гапириш ва лексик-грамматик кўникмалар асосида берилган топшириқларни бажардик. Республика бўйича 42 нафар ўқитувчи бу имтиҳонлар муваффақиятли топширди ва Буюк Британияда малака ошириш имконига эга бўлди. Улар сафида мен ҳам бор эдим.

ГЛАЗГО КАЛЕДОНИЯ УНИВЕРСИТЕТИ

- Шотландиянинг Глазго шаҳридаги университетда 14 кунлик малака ошириш курсида қатнашдик. Мазкур ўқув даргоҳи нафақат Буюк Британияда, балки дунёда нуфузи баланд университетлардан саналади. Шунинг учун бу ерда жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган кўплаб талабалар сабоқ олишади. Биз икки ҳафта мобайнида улар билан кўпроқ мулоқот қилишга ҳаракат қилдик. Университетда талабалар билан инглизча сўзлашишга қийналмадик, аммо кўчада, дўконларда маҳаллий аҳоли билан гаплашганда бошида бироз қийинчилик бўлди. Чунки шотланд диалекти биз ўрганган “реал инглиш”дан фарқ қилади.

Университетдаги анъанага кўра, биз ҳам махсус ажратилган хонада “Ўзбекистон бурчаги”ни ташкил этдик. Уни ватанимиз рамзлари, миллий қадриятларимизни акс эттирувчи расмлар, буюмлар билан безатдик. Бошқа давлатлардан келган талаба ва ўқитувчилар билан мулоқотларимиз давомида улар буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳақида талайгина маълумотга эга эканликлари бизни ғурурлантирди.

САБОҚЛАР, МАШҒУЛОТЛАР

- Курс давомида ўзимиз учун янгилик бўлган кўпгина маълумотлар, дарс услуб-усуллари билан танишдик. Университетнинг бой кутубхонаси биз учун очиқ бўлди. Электрон дарслик ва қўлланмалардан фойдаландик. Бизга бириктирилган тренерлар инглиз тилини мактабда ўқитиш бўйича аввалига соддалаштирилган материал ва услублар асосида дарс ўтишди. Булардан бохабарлигимизни билгач эса дарс услубини ўзгартиришди ва анча чуқурлаштирилган мавзуларни тақдим қилишди. Улар асосан бошланғич ва юқори синфларда инглиз тилини ўргатишга бағишланди. Айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига тил ўргатишда қўғирчоқлардан фойдаланиш, луғатдаги янги сўзларни болага етказиш усуллари, инглиз тилини ўқитишда шу тилдаги бадиий китоблардан фойдаланиш, баҳолаш мезонига (бунда ўқувчининг ўз-ўзини баҳолашига имкон-шароит яратилади, сўнг ўқитувчи ўқувчининг ютуғини кўрсатади) оид мавзулар бизда катта қизиқиш уйғотди. Юқори синфларда тил ўргатишга бағишланган инглиз тилини амалда қўллаш, дарсларни ўтишда коммуникатив ёндашув борасидаги мавзуларни ўзгача иштиёқ билан ўргандик. Кейинги услуб ўқувчиларнинг ўзи хоҳлаб, иштиёқ билан мулоқотга киришишига ёрдам беришга қаратилган.

Биз дарсларда фақат ўрганиш билангина чекланмадик. Балки ҳар биримиз дарсларда ўзлаштирган билимларимиз бўйича тақдимотлар ташкил этдик. Охирги куни курснинг якунланишига бағишланган маросим бўлиб ўтди ва унда биз Ўзбекистондаги таълим тизими ҳақида тақдимот ўтказдик. Университет ректори Иан Бучарт ҳамда малака ошириш курси директори Том Киддле барчамизни табриклади ва бизга халқаро таълим тренери мақомини берувчи сертификатлар топширилди.

“ТHЕ GLASGОW АCАDЕМY” МАКТАБИ

- Бизга тушунтиришларича, бу мамлакатда мактаблар икки турли: хусусий мактаблар ва давлат мактаблари. Ўқиш мобайнида бизни Шотландиядаги нуфузли мактаблардан бири - “Тhе Glasgоw Аcаdемy” хусусий мактабига олиб боришди. Ушбу таълим маскани ўз рейтинг кўрсаткичига кўра Буюк Британияда 3-ўринда турадиган мактаб экан. Бу ерда ўқиш учун бир йиллик тўлов 11 минг фунтни ташкил этади. Мактабдаги дарс жараёни, тартиб-қоидалар ўзгача. Айниқса, мактабда тартиб-интизом ниҳоятда қаттиқ. Буни дарс жараёнида ҳам, танаффус вақтида ҳам кузатдик. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги мулоқот жуда эркин, шу билан бирга, батартиб. Яъни ўқувчи ўзи учун зарур ҳар бир нарсани ўқитувчидан бемалол сўрайди, ҳар битта саволига жавоб олади, агар қандайдир эътирози бўлса, уни ҳам эркин фикр билан ифода этади. Бироқ бу ўртадаги маълум бир чегарани бузмайди. Дарс жараёнида ўқитувчи тинмай гапириб, мавзуни қайта-қайта тушунтирмайди, балки ўқувчининг ўзини изланишга, саволларга мустақил жавоб топишга йўналтиради. Шу билан бирга, у синфдаги барча ўқувчини баравар дарсга қатнашишга ундаб туради. Бу мактаб ўқитувчилари қўллайдиган “Лолли Скоп таёқчалари” деб номланган усул менга жуда маъқул бўлди ва бу усулни дарсларимда қўллаяпман. Бунда ўқитувчи столидаги 2 идишнинг биринчисида ҳар бир ўқувчининг исми ёзилган таёқча қўйилади. Ўқитувчи дуч келган таёқчани қўлига олиб, унда исми ёзилган ўқувчини жавоб беришга чақиради. Бунда ҳар бир ўқувчи эътиборга олинади ва бола дарсда жуда сергак, тайёр ҳолда ўтиради.

Мамлакатда дарслар регламентини ҳар бир мактаб маъмуриятининг ўзи белгилайди. Қайсидир мактабда бир соатлик дарс 60 дақиқани ташкил этса, бошқасида 45 дақиқадан иборат. Биз борган мактабда эса ҳар бир дарс вақти 30 дақиқа экан.

 Шотландияда болалар мактабга 5 ёшидан боради. Бу ерда бошланғич синф даври 1-7 синфларни ташкил этади. Юқори синфлар эса      “Юқори 1”, “Юқори 2” тарзида номланади. Мактабда ўқувчилар бошланғич синфданоқ ўз қобилияти, қайси фанга мойиллигидан келиб чиққан ҳолда йўналтирилади. Масалан, адабиётга қобилияти борлар алоҳида, математикага қизиқиши кучли бўлганлар алоҳида синфларга бўлинган. Булар асосий фанлар ҳисобланиб, улар учун ҳафтасига 8 соат дарс ажратилган. Бундан ташқари, ҳар бир синфда ўтилиши мажбурий бўлган дарслар ҳам бор.

“NO PHONE!” – ТЕЛЕФОН МУМКИН ЭМАС!

- Эътиборли жиҳат шуки, биз борган мактаб ҳудудида интернет ишламайди, “Wi-Fi” ҳам йўқ. Ўқувчининг телефон ишлатиши мутлақо мумкин эмас! Ҳар бир ўқувчи мактабга кириш жойида телефонини қолдириб, сўнг синфига киради. Бу қоиданинг қатъий қонунга айлантирилганининг боиси мактабда ўқувчининг таълим олиши, ўтилган дарсларни пухта ўзлаштиришига ҳеч нима халал бермаслиги керак, деб ҳисобланади. Мактабнинг ўз формаси бор: шу формада юриш қатъий талаб этилади. Ўқувчиларнинг устки қалин кийимларигача бир хилда. Мактаб ошхонаси билан ҳам танишдик. Шуниси эътиборлики, Шотландия мактабларида фаст-фудлар ейилмас экан, ўқувчиларга организмга фойдали бўлган турли сабзавотлардан тайёрланган таомлар тортилади.

Мактабда паст ўзлаштирувчи ўқувчилар билан ишлаш жараёни бошқачароқ. Бундай бола билан бир марта жиддий шуғулланиб кўрилади. Агар бу натижа бермаса, унга бир ҳафта таътил берилади. Бу вақтда ўқувчи истаган ўқитувчиси билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Бир ҳафталик таътил тугагач, боладан имтиҳон олинади. Имтиҳондан ўтолмаган ўқувчи махсус тавсифнома билан мактаб ўқувчилари рўйхатидан чиқарилади. Бу тавсифнома шундай кучга эга эканки, бошқа бирор хусусий мактаб бундай тавсифномани олган болани қабул қилмайди. Шунинг учун ҳам ўқувчилар яхши ўқишга астойдил ҳаракат қилишар экан.

Мактабда турли клублар фаолияти йўлга қўйилган. Бу худди биздаги тўгаракларга ўхшайди. Бунда ҳам боланинг қизиқиши, мойиллигидан келиб чиқиб, турли клубларга жалб қилинади. Мактабда дарслар эрталаб 8:30 да бошланиб, соат 15:00 да тугайди ва соат 17:00 га қадар ўқувчи клубларда банд бўлади.

Хуллас, 14 кун давомида кўрганларимиз, ўрганганларимиз биз учун катта аҳамиятга эга бўлди. Ўзлаштирган янги усулларимизни дарсларда қўллаш баробарида бошқа ҳамкасбларимизга ҳам етказаяпмиз, очиқ дарслар ташкил этаяпмиз. Ўйлайманки, бундай курслар мамлакатимизда чет тилларини ўқитиш самарадорлигини янада ошириш, дарс сифатини яхшилашда катта аҳамиятга эга.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

Report typo