Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

05.06.2020


GTL ЗАВОДИДА 2021 ЙИЛДАН СИНТЕТИК ЁҚИЛҒИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Шўртан газ-кимё мажмуаси негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш GTL заводи 2021 йилда тўлиқ лойиҳа қувватига босқичма-босқич чиқиб, табиий газдан синтетик дизель ёқилғиси, авиакеросин, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни бошлайди.

 Тўлиқ лойиҳа қувватига эришгач, заводда йилига 3,6 миллиард кубометр табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

Бу ҳақда GTL заводининг қурилиш майдонида, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди.

"Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш энди якуний босқичга кириб, битказиш даражаси 87 фоиздан ошди. Бугунги кунда Қашқадарёда завод қурилиш ишлари давом эттирилиб, 11 мингдан зиёд ишчи ва мутахассислар, жумладан, хорижий мутахассислар жалб этилиб, 973 та техника сафарбар этилган. Иш жуда фаол суръатлар билан, бир неча сменада, биринчи навбатда, хавфсизлик ва барча санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳамда қатъий сифат назорати билан олиб борилмоқда. Завод қурилишини шу йилнинг охирида якунлашни режалаштирмоқдамиз, айни пайтда заводнинг айрим технологик қурилмаларида параллел равишда ишга тушириш-созлаш олди ишлари бошлаб юборилган", дея қайд этган GTL заводи раҳбари Фахриддин Абдурасулов.

Таъкидланишича, заводни ишлатиш мақсадида бутун республикадан мутахассислар танлаб олинган. Улар Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш ўқиш курсларини, шунингдек, Устюрт газ-кимё мажмуаси ва Қатардаги шунга ўхшаш Oryx GTL заводида ишлаб чиқариш амалиётини ўташди. Мутахассислар заводнинг технология лицензиарлари, ускуналар, шу жумладан, ишлаб чиқариш жараёни назорат тизимини ишлаб чиқарувчиларининг тажрибали муҳандислари томонидан ўқитилмоқда.

Умумий қиймати 3,61 миллиард доллардан ортиқ бўлган Ўзбекистондаги GTL заводи минтақадаги энг йирик инновацион ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиб, табиий газни чуқур қайта ишлаш салоҳиятини кенгайтириш, углеводородлар импортини камайтириш, мамлакатнинг замонавий, сифатли ва экологик тоза ёқилғига бўлган эҳтиёжини қоплаш, шунингдек, бозорни ўз хом ашёсидан ишлаб чиқарилган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини яратади.

Report typo