Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

31.05.2024


Гуандунга қилинган сафарнинг самараси қандай бўлди?

Ўзбекистоннинг Гуанчжоу шаҳри (Хитой)даги бош консулхонаси кўмагида Гуандун провинциясига уюштирилган ташриф доирасида Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги тоғ-кон саноати соҳасида фаолият кўрсатаётган “Guangzhou Xilian Mineral Products Co. Ltd.” компанияси ва Кантон импорт-экспорт савдо-саноат палатаси (CECOC) билан келишувлар имзолади.

“Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, Шаҳрисабз тумани ҳокими ва “Guangzhou Xilian Mineral Products Co. Ltd.” компанияси ижрочи директори учрашуви чоғида томонлар шу йилнинг июль-август ойларида хитойлик мутахассисларнинг фойдали қазилмалар конлари билан яқиндан танишиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги муҳим масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Қашқадарёга ташриф буюриши ҳақида келишиб олишди. Вилоятимиз вакиллари томонидан Кантон импорт-экспорт савдо-саноат палатаси (CECOC) билан тузилган келишувни эса Шаҳрисабз тумани ва Гуандун корхоналари ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси, деб таърифлаш мумкин.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Гуанчжоу шаҳридаги бош консулхонаси кўмагида амалга оширилган ташрифда нафақат Шаҳрисабз, балки Чироқчи тумани ҳокимлиги ва ишбилармонлик доиралари вакиллари ҳам қатнашдилар. Сафар давомида Донгуан шаҳри раҳбарияти билан учрашувлар, ҳудудий корхоналар билан танишувлар ва тадбиркорлар билан B2B ҳамда G2B шаклидаги музокаралар ташкил этилди. Натижада томонлар чарм саноати, қурилиш материаллари индустрияси ва мебелсозлик корхоналари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва бошқалар тўғрисида келишиб олдилар.

Вилоятимиз делегацияси аъзолари “Tibao Auchehoa” (чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш), “De Rucci helthy Sleep” (мебель ва матраслар ишлаб чиқариш) ва “Yourmoon Household” (маиший техника ишлаб чиқариш) корхоналари фаолиятини обдан ўрганиб, ушбу компаниялар мутасаддилари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокара ўтказдилар. Учрашувларда қатнашган хитойлик тадбиркорлар вилоятимизнинг саноат салоҳияти ва инвестицион имкониятларини бевосита жойида кўриш учун Қашқадарёга таклиф қилинди.

Ўз мухбиримиз

Report typo