тез орада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси балансига ўтказилади
Қарор ва шарҳ
Вилоятимиздаги 7 та болалар оромгоҳи шу йилнинг охиригача тўлиқ хатловдан ўтказилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига мулк ҳуқуқи асосида бепул берилади.
Ушбу талаб мамлакатимиз Президентининг жорий йил 18 ноябрдаги "Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида қўйилган.
Болаларни соғломлаштириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш ҳамда саломатлигини тиклашга кўмаклашиш, бу соҳада фаолият олиб бориш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжатга мувофиқ тез орада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси балансига мамлакатимиз бўйича жами 65 та, шу жумладан, воҳамизнинг Яккабоғ туманидаги 4 та, Шаҳрисабз туманидаги 2 та ва Китоб туманидаги 1 та оромгоҳ ўтказилиши керак.
Хусусан, улар орасида Яккабоғ тумани ҳокимлигига қарашли бўлган ва ушбу туманнинг Ўрта ва Янгиобод қишлоқларида жойлашган "Ёшлик" ва "Автомобилчи", шунингдек, Ишкент қишлоғидаги "Шўртан қалдирғочи" (балансда сақловчи - Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси) ва Кенгузар қишлоғидаги "Истиқлол ғунчалари" (балансда сақловчи - Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси) оромгоҳлари ҳам бор. Айни пайтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига Миллий Олимпия қўмитасига қарашли "Гулнора" ва вилоят сув хўжалиги бошқармасига қарашли "Зебунисо" (иккаласи ҳам Шаҳрисабз туманидаги Қани қишлоғида жойлашган) ҳамда вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси балансидаги "Шабада" (Китоб тумани Қайнар қишлоғида жойлашган) болалар оромгоҳлари ҳам мулк ҳуқуқи асосида бепул берилади.
Бир пайтлар воҳамиз энг сўлим гўшаларида барпо этилган ушбу дам олиш масканларининг аксарияти нисбатан катта ер майдони ҳамда кўплаб бино ва иншоотларга эга. Масалан, "Шўртан қалдирғочи" оромгоҳи 9,3 гектарда жойлашган бўлиб, ҳудудидаги иморатларнинг майдони қарийб 2,5 минг квадрат метрга тенг. "Зебунисо" оромгоҳининг ер майдони камроқ (4 гектар) бўлса-да, бино ва иншоотларнинг майдони анча кенг - 10,3 минг квадрат метр. "Ёшлик"да эса мазкур кўрсаткичлар 8,5 гектар ва 1,2 минг квадрат метр, "Автомобилчи"да - 5,6 гектар ва 3 минг квадрат метр, "Гулнора"да - 3,5 гектар ва чамаси 2,5 минг квадрат метр. Оромгоҳларнинг энг кичиклари -"Истиқлол ғунчалари" (0,7 га ва қарийб 4,3 минг кв.м) ва "Шабада" (0,2 га ва 920 кв.м).
Қарорга асосан, шунингдек, сотиш ва фаолият турини ўзгартириш тақиқланадиган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари рўйхати ҳам тасдиқланиб, унга республика бўйича 35 та, вилоятимиздан эса 2 та дам олиш маскани киритилган. Улардан биттаси Талимаржон иссиқлик электр станциясига қарашли, Яккабоғ тумани Кенгузар қишлоғида жойлашган "Соҳибқирон" оромгоҳи (ер майдони - 1,62 гектар, бино ва иншоотлари майдони қарийб 2,5 минг квадрат метр) бўлса, иккинчиси - вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли, Шаҳрисабз тумани Шўрчи қишлоғида жойлашган "Гулистон" оромгоҳидир.
Умуман олганда, давлат раҳбарининг шу йил 18 ноябрдаги қарорига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ҳамда Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш маслалари бўйича республика комиссияси тузилди. Мазкур жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва улар ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар ва тўловлар, янги департаментнинг ваколатлари, республика комиссиясининг асосий вазифалари белгиланди.
Ҳужжат билан болаларни соғломлаштириш, уларнинг бўш вақтларини самарали ўтказишни ташкил этиш ҳамда саломатлигини тиклашга кўмаклашиш бўйича "йўл харитаси" ҳам тасдиқланиб, унда, жумладан, соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, педагог кадрларни болалар оромгоҳларида фаолият олиб боришга тайёрлаш, улар меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш ва бошқа шу каби чора-тадбирлар жамланган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Файзулла Маҳмудовнинг маълум қилишича, бугунги кунда вилоятимизда 18 та стационар болалар оромгоҳи мавжуд бўлиб, улардан 3 таси ("Ниҳол", "Ёш алангачи" ва Беруний номидаги) "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти тасарруфида бўлгани сабабли Тошкент шаҳри дислокациясида туради. Қолган 15 та оромгоҳдан жорий йил ёзги мавсумда 14 таси фаолият кўрсатиб, уларда 17 минг 500 нафардан ортиқ бола ҳордиқ чиқарган.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.