- Онажон, ҳамма жойда байрам, ҳамма хурсанд. Фақат бизнинг уйда қувонч йўқ. Болаларим билан уйда ўтирибмиз, бирор киши меҳмонга ҳам келмади. Зора телевизор бўлганида ҳам бунчалик зерикмасдик. Оз бўлса-да, байрам кайфияти сезиларди.
Қизининг нолишини тинглаган она унга бироз сабрли бўлиши кераклиги, эрта тонгда ўзи уникига меҳмонга боришини айтиб, тинчлантирди.
Бўстоннинг нолишига қисман асос бор эди. Бир йилдан ошмоқдаки, унинг уйига на эрининг бирорта қариндоши, на бирор қишлоқдоши қадам босмайди. Ўзини ҳам хушлашмайди. Элдан ажратиб қўйишган. Бунга эса Бўстоннинг қўшниларидан бири билан ишқий муносабати борлиги ҳақида тарқалган гаплар сабабчи.
Аёлнинг турмуш ўртоғи - Жўра Болтаевнинг судда кўрсатма беришича, бир куни кечқурун ишдан келганида, хотини қўшни аёл унинг телефонини тортиб олиб қўйганини айтади. У эса бунинг сабабини суриштириб, қўшнисиникига борган.
Қўшни аёл Жўрага унинг хотини эри ва жиянини йўлдан ураётгани, Бўстоннинг телефонини текшириб кўрганида, бу шубҳани асословчи айрим қўнғироқлар ва SMS хабарлар борлигини айтиб, "Хотинингни йиғиштириб ол", дея жеркиб беради.
Ўзини иззат нафси топталган ҳис этган Жўра уйга келиб, хотини билан жанжал бошлайди. Тез орада бу жанжал ва унинг сабабидан эрнинг онаси, акаси ва сингиллари ҳам хабар топишди. Охир-оқибат бу ҳолат сурункали тус олиб, оиланинг ажрашиши, Бўстон эса икки ёш боласини етаклаб, отасининг уйига қайтиб бориши билан тугайди.
Қарши шаҳридаги бозорлардан бирида арава тортиб, рўзғор тебратадиган Жўранинг қўлига орадан кўп ўтмай икки фарзандига ҳар ойда 300 минг сўмдан алимент тўлаши кераклиги ҳақидаги суд қарори тутқазилади. У аввалига бу пулни тўлади, аммо бир-икки ойдан сўнг чўнтакдан кетаётган пул оғир бота бошлади. Қолаверса, бир ўзи учун рўзғор юмушлари ҳам ортиқча дахмаза бўлаётганди. Шу боис хотини билан ярашиб, уни ва фарзандларини уйига қайтариб олиб келди.
Бирга яшаётган бўлса-да, хотинига нисбатан юрагидаги шубҳа ҳали ҳам тарқамаган Жўра у билан тез-тез жанжаллашиб турарди. 31 декабрь куни ҳам у эрта тонгда туриб, бозорга чиқиб кетди. Тушгача ишлаб, байрам дастурхони учун у-бу нарса харид қилиб, уйига қайтди. Хотини ва фарзандлари билан оила даврасида байрамни нишонлашди. Соат тунги 00 га бонг ургач, бироз айланиш учун кўчага чиқди. Қўшнилари билан хурсандчилик қилишди. Қайтиб уйга кирганида эса хотини телефонда гаплашаётган экан.
Қалбидаги гумон янада аланга олган Жўра ундан телефонни тортиб олиб, ким билан гаплашаётганини сўради. Эрининг ҳадеб шубҳаланаверишидан баттар ўчакишган аёл буни айтмади. Шундан сўнг эрнинг жазаваси тутиб, унга ташланди. Аввал дўппослаб, сўнг бўйнидан қаттиқ бўғди. Аёл ҳолсизланиб қолгач, нариги уйга судраб чиқиб, яна важоҳат билан бўға бошлади. Бу орада қўрқиб кетган норасида қизи уларнинг ёнида йиғлаб югурар, жон талвасасида типирчилаётган онасини ажратиб олишга уринарди. Бироқ кўзи қонга тўлган ота норасида фарзандининг мурғак қалбидан отилиб чиқаётган фарёдга ҳам, кўзларидаги қўрқув ва изтиробга ҳам эътибор бермади. Токи хотини типирчилашдан тўхтаб, жони узилгунига қадар қўлларини бўшатмади. Ёш боланинг, бунинг устига ўз фарзандининг кўзи олдида, унга кучли руҳий изтироб бераётганини билгани ҳолда шафқатсиз қотилликни содир этди. Шундан сўнг уйга кириб, бамайлихотир уйқуга ётди.
Бундан бироз аввал Бўстон билан телефонда гаплашиб, байрамда уйига ҳеч ким келмаганидан нолиган қизини "Эртага ўзим сеникига меҳмонга бораман", дея овутган она, дарҳақиқат эртаси тонгдаёқ қизининг уйига етиб келди. Аммо уни бу манзилга шум хабар, алам ва айрилиқ изтироби бошлаб келганди. Қайнонасига телефон қилиб, кеча тунда хотинини бўғиб ўлдирганини айтган Жўра Болтаев ўз қилмишини яширишнинг иложи йўқлигини аллақачон англаб етган, шу боис яқинлари, маҳалла раиси ва маҳалла профилактика инспекторига ҳам воқеа ҳақида хабар берган эди. Кўп ўтмай унинг қўлларига кишан тақилди.
Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг очиқ суд мажлисида Жўра Болтаев томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга 16 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза, Жўра Болтаев ва унинг турмуш ўртоғи ўртасидаги жанжал бир йилдан кўп давом этган. Лекин қариндош-уруғ, қўни-қўшни масалага ойдинлик киритиш, томонларни муросага келтириш ўрнига, гоҳ эрни, гоҳ хотинни айбдор кўрсатиб, шубҳа-гумонларни кўпайтириб, ўртадаги адоватни янада авж олдиришган. Маҳалла қаёққа қарагани эса сира маълум эмас. Хуллас, уларга насиҳат қилиб, яраштириб қўядиган, тўғри йўлга бошлайдиган одамнинг ўзи бўлмаган. Ахир улар бунга ўз вақтида эътибор қилишганида, ушбу оиланинг муаммоларига бефарқ қарашмаганида бу қабоҳат бўлмаслиги ҳам мумкин эди-ку.
Фозил ЮСУПОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси