Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

11.08.2022


ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАРИ

халқаро қурултойда сараланиб, қўллаб-қувватланади

 Туризм келажаги

Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" оромгоҳида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган фаол йигит ва қизлар ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг вакиллари иштирокида "Ёшлар туризми" қурултойи давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган бу   халқаро анжуман Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил қилинган.

- Бугунги қурултой иқтидорли ёшларни саралаш, уларнинг туризмни ривожлантиришга оид лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали малакали мутахассисларни тайёрлаш, ёшлар бандлигини таъминлашга асос бўлиб хизмат қилади, - деди тадбирнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов.

Вазир қурултойни ташкил этишдаги ҳамкорлик учун Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларга миннатдорлик билдирди. Вилоят ҳокими Муротжон Азимов эса бу нуфузли халқаро тадбир илк бор Шаҳрисабзда ўтказилаётганидан мамнун эканлигини билдириб, иштирокчиларни Қашқадарё аҳолиси номидан самимий қутлади.

Куни кеча Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида катта тантана ва кўтаринкилик билан ўтказилган очилиш маросимида "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида жорий йил июлда илк бор уюштирилган "Ёшлар туризми ойлиги" натижалари сарҳисоб қилиниб, ҳудудлардан ташриф буюрган Ёш туризм элчилари кенгаши етакчиларига ишонч ёрлиқлари топширилди. Эстрада юлдузларининг катта концертига уланиб кетган тадбирда, айрим маълумотларга кўра, умумий ҳисобда 15 минг нафар киши қатнашди.

8-12 август кунлари бўлиб ўтаётган "Ёшлар туризми" қурултойи доирасида турли хил танловлар ва интеллектуал ўйинлар, учрашув ва акциялар, таниқли ҳунарманд ва рассомларнинг маҳорат сабоқлари, спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Масалан, улардан бири - "Энг намунали гуруҳ" танлови давомида ёшлар барча ҳудудларнинг туристик салоҳиятини намойиш қилишган бўлса, яна биттаси - "Энг яхши туризм лойиҳаси" танлови шартига кўра, иштирокчилар юртимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларини тақдим этишади.

Ўз мухбиримиз

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Report typo