Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР

28.08.2020


ИҚТИСОДИЙ СОҲА

Рақамлар сўзлаганда

2020 йилнинг  дастлабки 6 ойи давомида вилоятда 2532 та кичик корхона ва микрофирмалар (фермер ва деҳқон хўжаликларидан ташқари) ташкил этилди. Бу билан вилоятимиздаги кичик тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 23171 тага етди.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида янги ташкил этилган  субъектларнинг 528 таси саноат йўналишидаги корхоналардир. Бу билан вилоятдаги жами саноат корхоналари  сони 3714 тани ташкил этмоқда.

* * *

Жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида вилоятда саноат корхоналари томонидан 6 триллион 245,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, 1 триллион 945,1 миллиард сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилди.

* * *

2020-2022 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурига асосан саноат йўналишида қиймати 4 триллион 616 миллиард сўмга тенг 321 та янги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Бунда 1 триллион 111 миллиард сўм маблағ тадбиркорларнинг ўз ҳисобидан сарфланса, 213,5 миллиард сўм сармоя банк кредити, 112,3 миллион АҚШ доллари  хорижий кредит маблағлари, 214 миллион доллар эса хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.

* * *

2020-2022 йилларда ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг 180 таси (умумий нархи 453,3 миллиард сўмлик) жорий йил давомида амалга оширилиши белгиланган бўлса,   дастлабки ярим йилликда 127,5 миллиард сўмлик 73 та лойиҳа амалга оширилди.

Тармоқлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғида 18 та, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғида 36 та, мебель ва қоғоз ишлаб чиқариш тармоғида 13 та, кимё саноати тармоғида 4 та ҳамда текстиль ва тўқимачилик тармоғида 2 та лойиҳа фойдаланишга топширилган.

Мисол учун, Қарши шаҳрида "Қашқадарё салқин ичимликлар" МЧЖ томонидан амалга оширилган кунгабоқар ёғи ишлаб чиқариш, Чироқчи туманида "Мастер стоун" МЧЖ шаклидаги ҚК томонидан ишга туширилган керамик плитка учун хом ашё ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.

* * *

Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда энг кўп улуш Ғузор тумани (20,4 фоиз), Нишон тумани (20,1 фоиз), Қарши шаҳри (18,9 фоиз), Косон тумани (5,1 фоиз) ҳамда Қарши тумани (5 фоиз) ҳиссасига тўғри келади.

Бу борада энг паст кўрсаткични эса Шаҳрисабз шаҳри (1,9 фоиз), Чироқчи (2,1 фоиз) ҳамда Китоб (2,3 фоиз) туманлари  қайд этиб турибди.

* * *

Жорий йилда 31 корхонанинг 37 та лойиҳаси маҳаллийлаштириш дастурига тушган. Шундан 4 та лойиҳа янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар самарасида вилоятда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи лойиҳалар сони 2,3 баробарга, ишлаб чиқариш ҳажмлари эса 4,8 мартага ортган, импорт ҳажми 7  миллион долларга камайган.

* * *

2020 йилнинг дастлабки ярмида вилоятда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий қиймати 9 триллион 432  миллиард 400 миллион сўмни ташкил этди.

Эътиборли томони, ушбу маҳсулотларнинг 76,9 фоизи аҳоли томорқаларида етиштирилган. Шунингдек, бу борада 21,1 фоиз улуш фермер хўжаликлари, қолган 2 фоизи эса қишлоқ  хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Report typo