Ривожланиш стратегияси
Вилоятимизда аҳолининг иқтисодий фаоллиги тенденциялари ўзгаришини таҳлил қилиш ва истеъмол кайфияти индексини аниқлаш мақсадида сўров ўтказилади.
Бу борадаги тадқиқот вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўртасида шу йил 13 апрелда тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади. Унинг доирасида аҳолининг иқтисодий фаоллиги тенденциялари ўзгаришини аниқлаш ва истеъмол кайфияти индексини ҳисоблаш баробарида фуқароларни ташвишлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, бу жараёнда одамларнинг давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақидаги фикрлари, маҳаллий ҳокимият идоралари фаолиятига жамоатчилик томонидан берилаётган баҳо ҳамда туман ва шаҳарлардаги асосий муаммолар аниқланади.
Тадқиқот вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида 18 ёшга тўлган фуқароларнинг яшаш жойи бўйича телефон орқали сўров ўтказиш (интервью олиш) йўли билан амалга оширилади. Аҳолининг турли қатламлари ва турли ёш тоифалари вакиллари орасидан репрезентативлик тамойили асосида танланган респондентлар (фикри ўрганилаётган шахслар)нинг сони сўров танламаси услубиётидан келиб чиқиб аниқланади. Шартнома шартларига кўра, танлама сўров натижаларининг ишончлилиги 95 фоиздан паст бўлмаслиги лозим.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоятимизда мазкур тадқиқотни олиб борадиган ташкилот бундан 25 йил олдин, аниқроғи, 1999 йилнинг апрель ойида БМТ Тараққиёт Дастури (ТД), Жаҳон банки ва Германиянинг техник ҳамкорлик бўйича жамияти (GTZ) таклифига асосан БМТ ТДнинг макроиқтисодий таҳлил ва кадрлар тайёрлаш борасидаги лойиҳаси негизида Иқтисодий тадқиқотлар маркази сифатида тузилган эди. Осиё тараққиёт банки, АҚШ ва Япония халқаро ривожланиш агентликлари (USAID ва JICA), Буюк Британия халқаро ривожланиш вазирлиги (DFID) ва бошқа халқаро ташкилотлар билан кўплаб қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этган бу тузилма 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази этиб қайта ташкил этилди. Бугунги кунда унинг зиммасига юклатилган вазифалар қаторига ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини илмий асосланган таклиф ва тавсиялар билан доимий равишда таъминлаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар чоракда шаҳар ва туманлар кесимида аҳоли орасида сўровлар ўтказиб бориш ҳам киради.
Ўз мухбиримиз