Албатта, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ҳар йили муайян ишлар бажарилмоқда. Янги-янги ҳудудларга тоза ичимлик суви етиб бораяпти. Бироқ, муаммонинг кўлами жуда катта. Мисол учун, ҳозир ҳам вилоятимизнинг 45 фоиздан ошиқ аҳолиси марказлашган ичимлик суви таъминотига эга эмас.
Айни дамда масаланинг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатда аҳолининг сув таъминотини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, 2017-2018 йиллар мобайнида биргина вилоятимизда қарийб 170 га яқин аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу минглаб хонадонларга оби-ҳаёт, шу билан биргаликда қувонч, шодлик кириб келди, уларнинг энг катта муаммоларидан бири ҳал этилди, деганидир.
- Бирлик қишлоғи маҳалламизнинг бир қисми ҳисобланади, - дейди Китоб туманидаги Бирлик МФЙ раиси Наим Раҳмонов. - Бошқа қишлоқларимизда ичимлик суви тизими бор, аммо бу қишлоқда йўқ эди. Аҳоли истеъмол учун тоза сувни узоқдан ташиб келарди. Ўтган йили маҳаллий инвестиция дастури асосида қишлоққа сув олиб келинди. Натижада шу ердаги мингдан ошиқ аҳоли муҳим тоза ичимлик сувига эга бўлди.
Эътиборли жиҳати жорий йилда ҳам бу каби ишлар кенг қамровда олиб борилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги тегишли қарори асосида вилоятимизда сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 2019 йилга мўлжалланган 40 та лойиҳа тасдиқланган. Улардан бири, "Оқсув - Деҳқонобод" ичимлик суви қувури қурилишидир. Узунлиги 77 километр бўлган, ҳудуддаги 69 аҳоли пунктини қамраб оладиган ушбу йирик лойиҳанинг ишга туширилиши билан туманнинг 75 фоиздан ошиқ аҳолиси марказлашган ичимлик сувига эга бўлади.
Дастурда кўзда тутилган йирик лойиҳалардан яна бири "Шаҳрисабз-Қарши" ичимлик суви қувурини модернизация ва реконструкция қилиш ишларидир. Умумий қиймати 2 миллиард 600 миллион сўмдан ошиқни ташкил этадиган ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Қарши шаҳри аҳолисини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, дастурдан Нишон туманида "Нишон-2" насос станциясидан "Нишон-1" насос станциясигача бўлган ичимлик суви қувурини қуриш, Оқолтин, Гулистон қишлоқлари ҳамда Талимаржон шаҳри сув тармоқларини реконструкция қилиш ўрин олган. Бу ишлар учун маҳаллий бюджет ҳисобидан қарийб 11 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланади.
Муборак туманида ҳам аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида кенг ҳажмдаги ишлар олиб борилиши белгиланган. Жумладан, туманнинг Сариқ аҳоли пунктида янги ичимлик суви тармоғи қурилади. Янги ҳаёт, Гулшан ва Помуқ қишлоқларидаги насос станциялари реконструкция қилиниб, янги сув қувурлари тортилади. 4-сонли насос станцияси ва Қурувчилар маҳалласининг сув қувурлари ҳам тўлиқ реконструкция қилинади.
Бир сўз билан айтганда, қарор асосида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида янги сув объектларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилиши белгиланган.
- Жорий йилда вилоятдаги ичимлик суви объектларини, канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун айни пайтга қадар турли манбалар ҳисобидан 105 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди, - дейди вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Мустафо Ҳимматов. - Бугунги кунда барча объектларнинг лойиҳа-ҳужжатлари тайёрланиб, экспертиза хулосаси олинган. Айримлари бўйича ишлар аллақачон бошлаб юборилган бўлса, айримлари энди бошланмоқда.
Мутасаддининг таъкидлашича, ушбу ишлар доирасида 38 та лойиҳа айнан қишлоқ ҳудудларида амалга оширилади. Уларнинг 13 таси янги сув иншоотлари қурилиши бўлса, 25 таси мавжуд тармоқларни реконструкция қилишга қаратилган.
Бу ишлар яхши. Аммо вилоятда ичимлик сувидан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш иши, ҳисоб-китоблар тизими ҳамон ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Сув таъминоти борасида кўрсатиладиган хизматларда бирор тартиб-тамойил йўқ. "Гусак"лардан сотилаётган, тўғридан-тўғри "водозабор"лардан машиналар орқали олиб чиқиб кетилаётган ичимлик сувининг пули кимнинг чўнтагига кираётгани ҳеч кимни қизиқтирмайди. Талон-торож қилинган қувурлар ҳам топилар. Тешилган ичимлик суви қувури ямалгунча атроф денгиз бўлади. Нега? Жавоби оддий, тизим корхоналари шундай ишлашга ўрганиб қолган, уларга шуниси маъқул. Яна важлар бисёр: кўрсатилган хизматдан аҳоли қарздор, пул йўқ.
Гапнинг индаллоси, ичимлик суви таъминоти тизимида олиб борилаётган улкан қурилиш, реконструкция ишлари билан бир қаторда, соҳада таъминот билан шуғулланувчи корхоналар, уларнинг масъуллари ишини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати туғилади. Бу давр талаби, сиёсат талаби. Шундай қилинса, тизимда амалга оширилаётган ишлардан аҳоли тўла баҳраманд бўлади, ичимлик сувига оид мурожаатлар камаяди.
Бежизга айтишмайди: ишнинг боши интизом дея. Бунга ичимлик суви таъминоти билан шуғулланувчи корхона масъуллари инсофни, ҳалолликни, адолатни, масъулиятни ҳам қўшиб қўйишса тизимда аҳволни ўнглаш бўйича олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар янада самарали бўлиши аниқ.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ