Қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади?
Давлат раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги "Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан 14 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежи Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига айлантирилди. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги 2-сонли академик лицей улардан бири.
Қарорга мувофиқ қуйидагилар белгилаб қўйилди. Биринчидан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси кундузги таълим шаклига қабул фақат ИИВ академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари таркибидан амалга ошириладиган бўлди. Иккинчидан, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти ва Ҳарбий-техника институтига ўқишга киришда ИИВ академик лицейларининг битирувчилари учун энг юқори баллнинг ўн фоизи миқдорида қўшимча баллар татбиқ этилди. Учинчидан, ўқишга киролмаган ИИВ академик лицейлари битирувчиларининг устунлиги асосида ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш тартиби жорий қилинди.
Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 26 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, ИИВ академик лицейлари тўғрисидаги, уларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Кимлар қабул қилинади?
Бу академик лицейларга қабул Ички ишлар вазири томонидан тизимдаги эҳтиёжни инобатга олган ҳолда ҳар йиллик квоталар бўйича танлов асосида амалга оширилади. Умумтаълим муассасаларининг 9-синфини тамомлагани тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган ва танловлардан муваффақиятли ўтган номзодлар ўқишга қабул қилинади. Ўқиш муддати уч йил бўлиб, гуруҳлардаги ўқувчилар сони 26 кишидан ортиқ бўлмаслиги керак. ИИВ академик лицейини тамомлагандан кейин битирувчиларга белгиланган давлат намунасидаги диплом берилади.
Қабул комиссияси қандай таркибда тузилади?
Қабул комиссияси таркиби Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланиб, вилоят ИИБ бошлиқлари комиссия раиси ҳисобланади. Комиссия таркибига ИИВ академик лицейи директори, ИИВ, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳудудий бошқармалари ва Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашидан бир нафардан вакил киритилади. Тор доирадаги мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкин.
Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?
Ўқишга киришни истовчи номзод вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза, белгиланган шаклдаги сўровнома, ўқиш жойи ва маҳалла фуқаролар йиғинидан тавсифнома, таржимаи ҳол, паспорт ёки гувоҳнома нусхаси, мудофаа ишлари бўлимида рўйхатда туриши тўғрисидаги маълумотнома нусхаси, фанларни ўзлаштириши тўғрисида мактаб директори томонидан тасдиқланган маълумотнома, 3х4 сантиметр ўлчамдаги 6 та, 9х12 сантиметр ўлчамдаги 2 та фотосуратни тақдим қилиши керак.
Қандай ҳолатларда номзодларга рад жавоби берилади?
Номзод Ўзбекистон фуқароси бўлмаса, муомалага лаёқатсиз бўлса, номзодга нисбатан суриштирув, тергов ва суд ишлари олиб борилаётган бўлса, яшаш жойидан ва ички ишлар бўлимларидан салбий тавсиялар тақдим этилганда, рад этилади. Улар ўқишга қабул қилинмайди.
Танлов нечта босқичдан иборат?
Комплекс танловлар дастлабки, махсус-профессионал танлов ва тест синовидан иборат. Бир босқичдан ўтолмаган номзод иккинчисига қўйилмайди. Дастлабки танлов номзодга тегишли ҳужжатларни ўрганиш, тиббий комиссия кўригидан ўтказиш, дастлабки суҳбат ва индивидуал-психологик хусусиятларни ўрганиш ҳамда танлов натижалари йиғма жилдини махсус-профессионал танловга қўйишдан иборат. Дастлабки суҳбат вилоят ИИБ бошлиқлари томонидан ўтказилади. Дастлабки танлов якуни бўйича номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилди вилоят ИИБ кадрлар бошқармаси томонидан ўрганилади.
Махсус-профессионал танлов номзоднинг ёзишидаги саводхонлик даражасини, умумжисмоний тайёрлигини аниқлаш бўйича синов, якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш ва уларни тест синовларига қўйиш масаласини ҳал этишни ўз ичига олади. Номзоддан ёзма диктант олинади. Тест синовлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига тақдим қилинган рўйхат асосида ўтказилади. Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзод учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 майдаги 374-сонли қарори билан ИИВ академик лицейларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Унга мувофиқ, номзодлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкил этиладиган тиббий комиссия кўригидан ўтадиган бўлди. Муқаддам ҳарбий-тиббий кўрикдан ўтиларди.
Кимлар тест синовларисиз қабул қилинади?
Хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари, тегишли ихтисослик фани бўйича халқаро олимпиадалар ва республика фан олимпиадаларининг республика босқичи ғолиблари тест синовларисиз қабул қилинади. Улар тегишли тартибда ўлим ҳақидаги гувоҳнома ва ўлим ҳақидаги хизмат текшируви хулосаси нусхаси, олимпиада ғолиби эканлигини тасдиқловчи гувоҳнома ва тегишли вазирлик, идора раҳбарининг илтимосномасини тақдим қилиши керак.
Тест синовлари натижаси асосида қабул комиссияси ўқишга кирган ўқувчилар рўйхатини тузади. Бу ҳақда баённома расмийлаштирилади ҳамда баённома ИИВ академик лицейининг биринчи босқичи ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаришга асос бўлади.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академик лицейида таҳсил олиш ёшларнинг халқ ва Ватан манфаати йўлида фидойи, соғлом ва илмли бўлиб ўсишида ижобий аҳамият касб этади.
Абдишукур ОМОНОВ,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари