Аёл – ҳаёт инъикоси, у нафосат ва гўзаллик тимсоли. Бу хусусият у қўл урган ҳар бир ишда, ҳар бир соҳада кўринади, сезилади. Аёл қайси соҳада ишламасин, касбини гуллатиб-яшнатишга уринади, атрофини кўркам, обод кўришни истайди.
Яккабоғлик фермер, “Малика Холмаҳмат қизи” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Гулнора Дониёрова ҳам ана шундай аёллардан. У билан гаплашсангиз, шижоати, ғайратидан қувват оласиз, самимийлигидан кўнглингиз яйрайди.
- 2004 йилда турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, фермер хўжалиги ташкил этдик, - дейди Гулнора опа. – Бошида осон бўлмади, чунки кўпчилик бу иш эркакларга ярашадиган касб, деб ўйлайди. Ўзимга ўзим “Турмуш ўртоғим ёнимда бўлса, қишлоқ хўжалиги техникаларини яхши билса, ўғилларим қанотимда бўлса, нимадан қўрқаман?” дедиму таваккал қилдим. Қолаверса, қишлоқ хўжалигидан йироқ одам эмасман, 17 йил жамоа хўжалигида бригадир бўлиб ишлаганман. Мана бугун таваккалчилик билан бошланган, бизни кўп синовлардан ўтказган ишнинг самарасини кўраяпман, озми-кўпми, эл ичида “фермер опа” бўлиб танилдим, эътибор қозондим.
Гулнора опанинг фикрича, қийинчилик олдида турган муваффақият, ижобий натижадан дарак беради. Шунинг учун машаққатдан чўчимаслик, мақсадни адл қўйиб, дадил олға интилиш керак. Ана шу сабаб дастлаб фақат пахта, ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги 3 йилча аввал кенгайтирилди, кўп тармоқлига айлантирилди. 90 гектарга яқин майдоннинг 40 гектарида пахта, яна шунча майдонда ғалла парваришланади, 5 гектардан сал зиёд ер майдони токзор қилинган, қолгани эса чорва учун ажратилган. Пахтадан ҳам, ғалладан ҳам юқори ҳосил олишга эришилиб, давлат шартнома режаси ҳар йили ортиғи билан уддаланаяпти. Албатта, бу хўжалик аъзоларининг биргаликдаги меҳнатлари самараси.
- Қорамол сонини 15 бошга етказдик, ҳаммаси чет элдан келтирилган зотдор сигирлар, - дейди Гулнора опа. – 200 бош қўй-эчкимиз бор. Сутини, гўштини шартнома асосида сотамиз. Бундан ташқари, ҳомийлик тариқасида меҳрибонлик уйларига етказиб берамиз. Маҳалламиздаги кам таъминланган оилаларга ёрдам берамиз. Айтишган-ку, элдан олган элга ҳам бериши керак.
Гулнора опанинг турмуш ўртоғи Бобохон Бердиев ҳам уста деҳқон, ҳам техникани яхши биладиган омилкор одам. Ҳар ишда турмуш ўртоғига йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳатини аямайди. Хўжаликка қарашли 6 та тракторнинг созлигию вақтида ишлашига жавобгар. Эр-хотин биргаликда 5 нафар ўғилни тарбиялаб, вояга етказди.
- Уч келин туширганмиз, - дейди Гулнора опа. – Улар ҳам қанотимдан киришди, ўзим билан бирга ишлашади. Бизнинг оилада ҳамма меҳнатга ўрганган, бирпас бўш ўтиришга фурсат йўқ. Келинларим, ўғилларим иш билан банд, шунга яраша рўзғори ҳам обод. Шукур, болаларим эсли-ҳушли, келинларим худди ўз қизимдек.
Гулнора опанинг режалари кўп. “Аввало, юртимиз тинчлиги бардавом бўлсин, тинчлик бўлса, ҳамма нарсани қилиш мумкин”, дейди у. Хўжаликнинг тармоқларини янада кенгайтириш ниятида саноатга оид ишлаб чиқаришга қўл урмоқчи. Мен эса бу ғайратли фермер аёлнинг келажакдаги ишларига ривож тиладим.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА.