Шунингдек, ушбу кун инсонларнинг бир-бирлари билан оқибатли кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашиладиган файзли фурсатдир.
Қурбон ҳайити байрамининг энг асосий диний амалларидан бири қурбонлик сўйишдир.
Дарҳақиқат, қурбонлик сўйиш – улуғ ибодат. Унинг ўзига хос ҳикматлари мавжуд. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор. Ҳанафий мазҳабида бу амални бажариш ҳур, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир”, деганлар.
Ҳусайн ибн Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким қурбонлик қилаётганда дили хурсанд бўлса ва савобни ният қилса, шу жонлиқ унга дўзахдан парда бўлади”, дея лутф этганлар” (Имом Табароний ривояти).
Қурбонликнинг тартиблари қуйидагича: У бир киши номидан қилинганда битта қўй, етти киши номидан бир бош қорамол ёки туя сўйилиб амалга оширилади.
Шериклик бўлиб қурбонлик қилганда гўшт ораларида чамалаб эмас, тортиб тақсимланади, калла-поча ва териси эса садақа қилинади.
Қурбонликка жонлиқ ийд намозидан сўнг сўйилади. Сўйиладиган ҳайвон мол, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин. Битта мол ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ва садақани ният қилиш шарти билан жоиз. Бунга далил: Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз намоз ўқишимиздир. Сўнгра қайтамиз ва қурбонлик сўямиз. Бас, ким шундай қилса, бизнинг суннатимизни топибди. Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди, холос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир”, дедилар.
Қурбонликни маълум белгиланган кунлари, яъни ҳайит намози ўқилгандан сўнг ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишига қадар сўйиш мумкин. Бирор сабаб билан ушбу кунларда қурбонлик қилолмасдан қолган киши бунинг қазосини ўша ҳайвоннинг ўзини эмас, қийматини садақа қилиш билан адо этади.
Имкони бор одам камида бир ёшли қўй ва эчки қурбонлик қилиши керак, имкон тополмаса, олти ойлик жуссаси катта қўй ҳам кифоя қилади. Қора молдан икки ёшли, туядан беш ёшлиги яроқли ҳисобланади. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги, қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади.
Қурбонликка шохсиз, бичилган ҳайвонларни сўйса бўлади. Бунинг далили: Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в): “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва илиги қуриган озғин ҳайвон”, дедилар.
Қурбонлик ибодат бўлганлиги учун уни инсоннинг ўзи сўймоғи афзал ҳисобланади. Лекин, бировни ўзидан вакил қилиб, сўйдириши мумкин. Бу ҳолатда ҳеч бўлмаганда ўша қурбонлиги сўйилаётган маҳалда унинг тепасида туриб, гувоҳ бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Сўйилган қурбонлик гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши.
Қурбонлик гўшти эҳсонини тарқатиш ва таомлантиришни ўз яқинлари, муҳтож қариндошларидан, қўни-қўшнилардан, кекса дуогўй қарияларимиздан, етимлардан, мусофирлардан, талаба ва зиёлилардан бошласак, озгина ибодатимиз учун улкан ажру савобларга эга бўламиз.
Шунингдек, ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Яратган Эгамга инсон зотига ато этилган тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукрона келтириб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни чин дилдан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукурлар бўлсинки, бу йилги Қурбон ҳайити байрами жуда катта шукуҳли ва жуда ҳам кўтаринки руҳда, ўзгача кайфият ила ўтказилиши кутилмоқда. Сабабики, бу йилги Қурбон ҳайити байрами мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик шодиёнаси олдидан кириб келаётганлигининг ўзи ҳам барчамизнинг кўнгилларимизга шодлик устига яна шодлик, қувонч устига яна қувонч олиб келади, десак асло муболаға бўлмайди. Чунки бизнинг юрт тинч ва осойишта, ушбу тинчлик ва осойишталигимизга кўз тегмасин. Мана шундай тинч ва осойишта юртда қанча шодиёна, байрамлар қилса шунча ярашади.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳридаги Қумқишлоқ жомеъ масжиди имом-хатиби