Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шомурод ШАРАПОВ

22.08.2017


ИХТИЛОФЛАР ИНТИҲО ТОПИШИДА

Абул Мўъийн ан-Насафий номи билан  шуҳрат топган аллома милодий 1027 йилда таваллуд топган. Дастлабки илм сабоғини бобоси ва отасидан олган бўлса, кейинчалик Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги устозларидан илм ўрганган. Алломанинг тўртинчи бобоси бўлмиш Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафий ҳам ўз даврида кўплаб асарлар муаллифи сифатида танилган олим бўлиб, у ҳанафия мазҳабининг тўртинчи табақа фақиҳлари сирасига мансуб эди.

Ўрта асрларда яшаган ал-Ийжий (вафоти 1355 йил), Саъдуддин ат-Тафтазоний (вафоти 1390 йил) ва бошқа кўплаб таниқли олимлар ан-Насафий таълимоти асосида фаолият кўрсатиб, калом илмида йирик олим даражасига кўтарилганлар. Кўриниб турибдики, Абул Мўъийн ан-Насафий сулоласи вакиллари илм доирасида машҳур бўлиб, кейинги авлодларнинг ҳам илмли бўлишига алоҳида эътибор берганлар.

Абул Мўъийн ан-Насафий ислом дини фалсафасининг таркибий қисми бўлмиш калом илмида етук олим саналган. Мовароуннаҳр заминида калом илми ривожи аслида Х асрга бориб тақалса-да, Самарқандда ҳанафия таълимоти унчалик барқарорлашмаган эди. Сабаби, бу ерда ўша кезлари бир нечта фирқа ва мазҳаб вакиллари - шиалар, карромийлар ва мўътазилийлар таъсири анча кучли эди. Натижада ислом динида бўлинишлар, тарафкашликлар юзага келади. Бу жараёнга қарши самарқандлик аллома имом Абу Мансур ал-Мотурудий ҳанафийларнинг калом илми соҳасидаги ўзига хос таълимоти билан чиқади. Кейинчалик у мотурудийя таълимоти номи билан машҳур бўлса-да, алломанинг умри давомида фақат Самарқандда муқим яшаб ижод этиши сабабли унинг таълимоти ҳамда асарлари Амударё орти ҳудудларига кенг тарқалмаган. Кейинчалик шогирдлари унинг таълимотини бутун дунёга ёйишган. ХVI асрда яшаган туркиялик фиқҳшунос олим ибн Камолпошо (вафоти 1533 йил) мовароуннаҳрлик олти фақиҳ ҳақида сўз юритар экан, Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний, Абул Йуср ан-Паздавий ва Абул Мўъийн ан-Насафий Мовароуннаҳрда ҳанафия таълимотини қайта - янги бир кўринишда тиклаб, унинг мустаҳкамланишига олиб келганликларини таъкидлайди.

Шуни фахр билан айтиш мумкинки, юқорида номлари келтирилган бу уч буюк алломанинг барчаси кўҳна Насаф вилоятининг фарзандларидир. Ал-Паздавий XI асрда ҳозирги Кўҳна Фазли (қадимда Пазда, Базда деб аталган) қўрғонда вояга етган бўлса, Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний ва имом Абул Мўъийн ан-Насафий Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида яшаб ижод этишган (Шамсул-аимма ал-Ҳалвонийнинг қабри Қовчин қишлоғидаги Тўрақул маҳалласи қабристонида жойлашган. Ушбу зиёратгоҳда ҳам шу кунларда ободонлаштириш ва таъмир ишлари олиб борилмоқда).

Абул Мўъийн ан-Насафий умри давомида кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Жумладан,  Нажмиддин Умар ан-Насафий, Алоуддин ас-Самарқандий, Абу Бакр ал-Косоний, Абул Музаффар ал-Талақоний, Аҳмад ал-Паздавий, Абул Ҳасан ал-Балхий, Абул Фатҳ  ал-Ҳилмий, Абдурашид ал-Валволижий, Маҳмуд ас-Соғаржий кабилар улар сирасига киради.

Қайд этиш жоизки, мотурудийя ва ашъарийя таълимотларидан сабоқ олиб вояга етган Абул Мўъийн ан-Насафий яратган асарлари орқали муқаддас ислом динимизнинг пок сақланиши йўлида ҳаракат қилган. Тарихий манбаларда алломанинг илм-фан турли соҳаларига оид ўн бешга яқин асари борлиги келтириб ўтилган. Жумладан, "Ал-Умда фи усул ал-фиқҳ", "Баҳр ал-калом фи илм ал-калом", "Табсират ал-адиллати фи илм ал-калом", "Ат-Тамҳийд ли-қавоиъд ат-тавҳийд фи илм ал-калом", "Ал-Оълим ва-л-мутааллим", "Изоҳ ал-моҳажатий ли-ковн ал-ақл ҳужжатан", "Шарҳ ал-Жомиъ ал-кабир ли-ш-Шайбоний фи фуруъ", "Маноҳиж ал-аиммати фи-л-фуруъ", "Муътақидот", "Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод" ва бошқалар шулар жумласидан. Алломанинг қолган асарларини ҳам излаб-тадқиқ этиш ишлари юртимиз ва хориж олимлари томонидан давом эттирилмоқда.

Тарихчилар фикрича, Абул Мўъийн ан-Насафий асарлари орасида "Баҳр ал-калом"нинг аҳамияти барча даврлар учун катта аҳамиятга эга. Ушбу асар биринчи фаслида "ал-Имомат" ("Имомликка оид") деб номланган банд бўлиб, унда Пайғамбар алайҳиссаломнинг икки ҳадиси келтирилган. Уларнинг биринчисида Пай-ғамбаримиз алайҳиссалом: "Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар", дейишига қарамасдан, ул зот вафотларидан кейин халифалик устида бир неча кун баҳс бўлган. Бу ҳол муборак динимиздаги дастлабки ихтилофларнинг пайдо бўлиши, деб баҳоланади.

Иккинчи ҳадис: "Сарвари оламнинг: "Мендан кейин халифалик ўттиз йил, ундан кейин амирлик, подшоҳлик ва ҳоказолар бўлади", деган фикрларидан иборат. Чиндан ҳам бу муддат чорёрлар пайтида тугаган. Ҳозирги вақтда халифаликни орзу қилиб юрган баъзи кимсалар учун Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бу ҳадислари асосий жавобдир. Ислом динида турли-туман оқимлар ва сохта таълимотлар яратилаётган бир пайтда мазкур асарнинг илмий ва амалий аҳамияти катта эканини кўриб турибмиз.

"Табсират ал-адилла" асарида эса муаллиф илм ва маърифат ҳақида сўз юритар экан, уларга аниқ таърифлар беради. Бу асар дунёнинг кўплаб олимлари фикрича, Абу Мансур ал-Мотурудийнинг калом илмига бағишланган асосий асарларидан бири "Китоб ат-Тавҳийд" ("Якка худолик ҳақида китоб")дан кейин яратилган иккинчи асосий манба ҳисобланади. Асарда ўша даврдаги мўътазила оқимининг вакиллари билан кескин баҳсу мунозаралар келтирилади, уларнинг хато қарашлари аниқ далиллар билан исботланиб, турли-туман фирқалар, тоифалар ва ғайриисломий гуруҳлар қораланади.

Абул Мўъийн ан-Насафийнинг бошқа асарлари ҳам калом илми соҳасида беқиёс манбалар сирасига киради. Афсуслар бўлсинки, уларнинг деярли барчаси турли сабаблар билан хориж кутубхоналари китоб фондларида сақланмоқда. Бир неча ой илгари республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё воҳасида бўлганларида аллома Абул Мўъийн ан-Насафий асарларининг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида ҳам фикр билдириб, уларни ҳозирги ўзбек тилига тезроқ таржима қилиб, халқимизга етказишни таъкидлаган эдилар. Айни пайтда Юртбошимизнинг ушбу ташаббуслари юртимиз шарқшунос олимлари томонидан рўёбга чиқарилмоқда. Шунингдек, аллома абадиий қўним топган зиёратгоҳ кенг кўламда ободонлаштирилиб, калом илми маркази ташкил этишга киришилди ва қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Шуни эътироф этиш керакки, буюк мутакаллим Абу Мансур ал-Мотурудий асос солган  таълимотнинг бутун дунё бўйлаб тарқалишига дастлабкилардан бўлиб ўз ҳиссасини қўшган аллома имом Абул Мўъийн ан-Насафий ўзининг бебаҳо асарлари билан калом илмининг кейинги тараққиёти учун беқиёс хизмат қилган. Алломанинг илмий мероси ўз даврида қанчалик муҳим бўлган бўлса, орадан минг йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Айниқса, улар тўғри йўлдан адашган  инсонлар учун ёруғ йўлчи юлдуз бўлади.

Шомурод ШАРАПОВ

Report typo