Ёшлар ва давр
Техника - деҳқоннинг қаноти, дейишади. Бироқ бизда қишлоқ хўжалигидаги бир қатор агротехник тадбирлар ҳамон қўлда бажарилиши сир эмас. мисол учун, ғўза қатор ораларини бегона ўтлардан тозалаш, бу ишни амалга оширадиган техника ва агрегатлар йўқ, борлари ҳам мукаммал даражада эмас.
Ғузор туманидаги 38-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Руслан Абдухолиқов яратган янги конструкция ана шу ишни бажаришга мўлжалланган.
- Конструкциям асосан икки қисмдан иборат, - дейди ёш ихтирочи. - Бири ғўза қатор оралари бўйлаб лазер нурлари ёрдамида ниҳоятда аниқлик билан ҳаракатланадиган оддий трактор бўлса, иккинчи қисми бир вақтнинг ўзида ерни юмшатиб, ёввойи ўтларнинг илдизини кесиб кетадиган пичоқли чамбараклардан иборат.
Эътиборли томони, ёш ихтирочи ушбу конструкцияси билан вилоят ва республика миқёсидаги бир қатор танловларда иштирок этди ва унинг иши малакали мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланган.
- Ҳозирги кунда ушбу конструкциянинг фақат бир қисми, яъни трактор бошқарувига лазерли ускунани ўрнатиш ишлари мукаммал даражада эмас, - дейди Руслан. - Бу борада Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Улар назарий жиҳатдан ҳам, амалий томонлама ҳам ёрдам беришмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тумандаги 38-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларда техникага қизиқиш уйғотиш, салоҳиятли болаларнинг ижодий иқтидори ва қобилиятини аниқлаш ва ривожлантиришда "Ёш конструктор ва ихтирочи" тўгараги асқатмоқда. Айни вақтда мактабнинг бирйўла 3 нафар ўқувчиси ўзлари яратган конструкциялар билан турли танловларда юқори натижаларга эришиб келаётгани ҳам шундан.
Мисол учун, мактабнинг яна бир ўқувчиси - Жавлонбек Дўсиёров пахта териш машинасининг янги конструкцияси устида ишламоқда. У ғоя қилган машина пахтани кучли ҳаво оқими ёрдамида тоза ва тўлиқ териш имконини беради.
Жавлонбекнинг таъкидлашича, ҳозирда конструкциянинг ҳаво орқали пахта ҳосилини тортиш тизимлари бўйича ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилган ва бу бир қатор олимлар, мутахассислар томонидан ҳам маъқулланган. Аммо роботлашган қўлларнинг айнан етарли даражада очилган пахтани ажратиб танлаши борасида бироз камчиликлар мавжуд.
- Бу борада устозим Сайдулла Қорабоев билан биргаликда бир нечта мутахассислар, олимлардан маслаҳат олдик, - дейди у. - Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти мутахассислари бирга иш олиб боришимиз мумкинлигини, ҳар томонлама ёрдам беришларини айтишди. Энди ҳафтанинг маълум кунлари институтга келиб, бу ердаги мутахассислар билан бирга ишлаймиз ва конструкцияни тўлиқ ниҳоясига етказамиз.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу ўқувчилар яратаётган техникалар ҳали шунчаки конструкция, холос. Уни илмий асослаш, ишлаб чиқаришга жорий этиш осон иш эмас. Аммо муҳим жиҳати - бундай техникалар мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун ниҳоятда зарур ва ёшларимизда ана шу муаммони теран ҳис этган ҳолда унга ечим топишга уриниш бор. Ютуғимиз ҳам шунда, юртимизда ана шундай авлод улғаяяпти.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ