Қайд этиш жоиз, "Ташаббус" кўрик-танлови сўнгги вақтда ўз соҳасида юқори натижаларга эришаётган, илғорлиги, ташаббускорлиги билан ажралиб турган, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни дадил жорий этаётган тадбиркор, фермер ва ҳунармандларни муносиб тақдирлаш, улар тўплаган тажрибаларни кенг тарғиб қилиш имконини бераётир. Танлов иштирокчиларини баҳолашда ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу каби танловда биринчи бор қатнашган, Қарши шаҳридаги "Дармон фарм" хусусий корхонаси раҳбари Анзур Нормуродов саноат соҳасида "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида иккинчи ўрин билан тақдирланди. Икки йилдан буён Чироқчи туманидаги "Абдураҳмон бобо асали" хусусий корхонасини идора қилиб келаётган Заҳриддин Бобоев эса йилнинг энг яхши ёш тадбиркорлари орасида учинчи бўлди.
- Асаларичилик тармоғи вакили сифатида иштирок этиб, республика босқичида шундай натижани қўлга киритишнинг ўзи бир катта гап, назаримда, - дейди ёш ишбилармон. - Ҳозирда 900 асалари оиласини парваришлаяпмиз. Мавсумда 35 тоннадан кўп ҳосил кўтардик. Келгусида асални махсус қадоқда хорижга чиқариш чорасини ҳам кўрамиз. Наслчилик, қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам ишларимиз яхши йўлга қўйилган. Танловда бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз муносиб баҳоланди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, кўрик-танлов ғолибларига Президенти соврини, "Ташаббус-2018" кўрик-танловининг махсус статуэткаси, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчилар қўшимча номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.
М.ШУҲРАТОВ