Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

12.05.2021


ИККИ ЙИЛДА - БЕШ ҲОСИЛ

Томорқа - кони фойда

Бу ҳовлига киришингиз билан руҳингиз ором олади, остонаданоқ сизни гуллар,  райҳонлар қарши олади. Завқ билан атрофни томоша қиласиз. Тўғри, ҳовлида ортиқча ҳашам, дабдаба йўқ, оддийгина ўзбек хонадони. Аммо ҳар қарич ерни меҳнатнинг суврати безаб турибди.

Ҳовли чамамда 6 сотихлар келади. Икки ярим сотихи  иссиқхона экан. Устига тортилган шаффоф целлофан қоплама орқали тушиб турган қуёш тафтида исиниб, яшнаб ётган помидор, қалампир, бақлажон ниҳолларига кўзингиз тушади. Эгатларнинг четларида эса алоҳида парваришланган помидор кўчатлари аллақачон гулга кириб, ҳар бири тухумдай келадиган ҳосил ҳам тугибди.  Ер ниҳоллардан бўшашига қадар ана шу помидорлар пишиб, рўзғорга барака киради.

Дарвоқе, ниҳоллар бозорда сотиш учун экилган. Хонадон соҳиби  Равшан ака Жўраев эрталабки салқинда ишлаб, ҳордиқ олиш учун эндигина уйга кирган экан. Турмуш ўртоғи  Насиба опа бозорда ниҳол сотишга кетибди. Келинлари  Матлубахоннинг ҳаракатларидан чаққонлиги сезилиб турибди, икки ёш боласидан ортиб, қайнона-қайнотасининг ҳар юмушида енг шимариб тайёр тураркан.

Ҳовлида пастак иссиқхоналар ҳам кўп, ҳатто кўчада ҳам  бор. Уларнинг барида турли-туман ниҳоллар парвариш қилинмоқда. Гул-у райҳонлар ҳам бисёр. Бир кафт бўш жойни кўрмайсиз, экинлар зичлигидан босиб юборишдан чўчиб,  истиҳола билан қадам қўясиз.

Хонадон соҳибининг айтишича, бир йилда уч марта ҳосил олишмаса ҳам икки йилда беш марта ҳосил олишлари рост. Ерни сира бўш қўйишмайди, бир экин ортидан иккинчисини экаверишади. Кўкат,  бодринг, картошка, помидор, қалампир, бақлажон... Ниҳоллар-ку айнан бозор учун, маҳсулотларнинг ҳам қай бирини сотувга чиқаришса, қай бири рўзғордан ортмайди. Ҳовлининг бир четида товуқлар, бошқа четида қорамол парваришлашаётган экан. Тухумдан тортиб, сут-қатиққача ўзларидан чиқаркан. Томорқадан ҳар йили 15-20 миллион сўм даромад қилишаётган эмиш.

Бу - Ҳамид Олимжон маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Дилафрўз Қиличева билан маҳалланинг Абу Райҳон Беруний номли кўчасидаги биринчи кирган хонадонимиз. Атрофдаги қай бир ҳовлига қараманг дарвоза ёнидаги бир парча ерга ё иссиқхона қилиб ниҳол экиб қўйилган, ё гулми, дарахтми ўстирилган. Шунинг ўзиёқ маҳалла аҳлининг ишчанлигига ишора. Қизиқиб яна бир хонадонга мўраладик, Зумрад Муҳаммадиеваники экан. Ўша таниш манзара: паст ва баланд иссиқхоналарнинг ичи тўла ниҳол. Ниҳоли жуда нозик ҳисобланган бодринглар алоҳида идишларда экилган, улар ҳам икки қулоқ бўлиб, кўриниб қолган. "Бодринг ниҳолларини бир сира сотиб бўлдик,  булар навбатдагиси", дейди Зумрад опа.

Яна бир қўшни Ботир Қурбоновнинг хонадонида айни савдонинг устидан чиқдик. Ботир ака помидор ниҳоллари тайёрлаяпти, икки  харидор кутиб турибди. Иссиқхона тўла ниҳол, орада банан, лимон кўчатлари экилган. "Таваккалига банан экдим, - дейди Ботир ака бўй кўрсатиб қолган кўчатга ишора қилиб. - Бу ҳам бир қизиқиш-да".

Хуллас, қайси хонадонга кирманг, ўзи яратган яшилликдан ҳам завқ олиб, ҳам даромад топаётган инсонларга дуч келасиз.

- Маҳалламизда томорқа деҳқончилигининг мактаби яратилган, - дейди Дилафрўз Қиличева. - Юзга яқин катта-кичик иссиқхонамиз бор. Айниқса, Беруний, Ҳамид Олимжон, Олмазор кўчаларида томорқа деҳқончилиги жуда ривожланган. Асосан сабзавот экинлари, ниҳоллар, гул ва кўкатлар билан бозорни таъминлаб туришибди. Яқинда туман ҳокими  ташкилотчилигида бошқа маҳаллаларнинг иссиқхона қилмоқчи бўлиб, ишни нимадан бошлашни билмай турган ўттизга яқин вакиллари тажриба  ўрганиб кетишди.

Ҳа, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, дейдилар. Бунга ер билан тиллашиб,  ҳалол меҳнат ортидан ризқ ундираётган Равшан ака ва унинг тиниб-тинчимас маҳалладошлари ҳаёти мисол.

Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани

Report typo