Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ойбек МУСТАФОЕВ

31.01.2017


ИККИ ТОМОНЛАМА МАНФААТЛИ КЎРИНГАН ТАКЛИФ

1975 йилда Яккабоғ туманида туғилган Роҳила Бозорова ҳам ўзини сипо тутиши, Тошкент шаҳрида университетда дарс бериши билан кўплаб ота-оналарнинг ишончига кирди. Аслида у ҳеч қаерда ишламасди, ваҳоланки, олий маълумотли эди, ҳалол ишлаб, меҳнати ортидан ҳурмат, обрў-эътибор ҳам топиши мумкин эди. Аммо у осон ва кўп пул топиш йўлларини излади. Топган йўли фирибгарлик бўлди.

Муқаддам 3 марта судлангани,  3 марта ҳам унга бағрикенглик кўрсатилиб, амнистия акти билан жазо муддатини тўла ўташдан озод қилинганидан тўғри хулоса чиқармади. Бундайин ҳолатлар аёл, она шаънига мутлақо ярашмаслигини ҳис қилмади.

У 2014 йилнинг май ойи бошларида таниши Б.Нурматовга “Ўғлингиз Дилшодни 4 минг АҚШ доллари эвазига Қарши давлат университетига ўқишга киритиб бераман”, деб ваъда қилади ва 2 минг АҚШ доллари олади. Бу орқали Б.Нурматовни пора беришга қизиқтириб, мазкур пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Шунингдек, Р.Бозорова 2014 йил июль ойи бошларида таниши Аъзамжон Раҳимовга “Агар шу йил олий ўқув юртига топширадиган танишларингиз бўлса, уларни Тошкент шаҳридаги Давлат тест марказида ишлайдиган танишларим орқали гаплашиб, Ўзбекистоннинг хоҳлаган шаҳридаги олий ўқув юртига грант асосида ўқишга киритиб қўяман. Фақат Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари учун ҳар бир абитуриентга 5 минг АҚШ доллари, бошқа вилоятлардаги олий ўқув юртлари учун 4 минг АҚШ доллари бўлади, нечта абитуриент бўлса ҳам фарқи йўқ, ҳаммасини гаплашиб, ҳеч қандай муаммосиз ўқишга киритиб бераман”, деб ваъда қилади.

2014 йилнинг июль-август ойлари давомида А.Раҳимовдан унинг танишлари С.Хайруллаев, С.Хайруллаева, С.Раҳимова, Ж.Бобоқулов, Ш.Шуҳратов ва З.Набиевни турли олий ўқув юртларига ўқишга киритиш учун 26 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Нафси ҳакалак отган Роҳила Бозорова бу пулларни ҳам ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Бундан ташқари, у 2014 йил август ойида таниши Ф.Сагатовга абитуриентлар Б.Ниёзов ва Б.Маматқуловни танишлари орқали гаплашиб, ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, Ф.Сагатовдан 6 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.

Ишдаги ҳужжатларга ҳамда судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи Р.Бозорова Б.Нурматов, А.Раҳимов ва Ф.Сагатовларни алдаб,  ишончига киргани, уларни пора беришга қизиқтирган ҳолда  пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани, олинган пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, мансабдор шахсларга пора беришни далолат қилгани маълум бўлди.

Суд, судланувчи Р.Бозорованинг жиноий ҳаракатларини пора бериш эмас, балки жуда кўп миқдорда пора беришга далолатчи ва жуда кўп миқдорда фирибгарлик сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топди. Унга нисбатан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Иш бўйича пора предмети - 2 миллион 736 минг 336 сўм Б.Нурматов зиммасидан, 3 миллион 474 минг 405 сўм А.Раҳимов зиммасидан, 72 миллион 469 минг сўм судланувчи Р.Бозорова зиммасидан давлатга ундирилиши белгиланди.

Яна бир ҳолатда Касби тумани Пандирон қишлоғида яшовчи Мақсадулла Баҳриддинов 2014 йил 25 апрель куни Қарши давлат университети биноси ёнида М.Салаевга “Менга 3 миллион сўм берсангиз, ўғлингизни Қарши давлат университетининг тарих факультетига ўқишга киритиб қўяман”, деб алдайди. Мансабдор танишлари орқали ишни битиришини айтиб, 3 миллион сўмни қўлга киритади-ю уни ўз шахсий эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборади.

Мақсадулла Баҳриддинов ҳам муқаддам жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукмига кўра айбдор деб топилган, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланганди. Аммо у ҳам аввалги қилмишидан тўғри хулоса чиқармади. Эгри йўлни афзал билди. Оқибатда эришгани яна бир судланганлик бўлди. Унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси ва 3 миллион 766 минг 300 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

1987 йилда туғилган, Миришкор туман Айзиобод қишлоғилик Илёс Ҳақбердиевнинг қилмишлари эса ҳаммасидан ошиб тушди.

У 2014 йил апрель ойи бошларида Тошкент шаҳрига бориб, Баҳодир Юнусов билан танишиб қолади. Шунда Б.Юнусов “Жияним Абдувалиева Гулноза Тошкент фармацевтика институтига ўқишга кирмоқчи, нима қилсам бўлади?” деб сўрайди. И.Ҳақбердиев эса “Агар 18 минг АҚШ доллари берсангиз, жиянингизни ўқишга киритаман” деб айтади. Б.Юнусовни алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан 18 минг АҚШ долларини олиб, пора бериш, яъни мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига унга бевосита ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш мақсадида қўлга киритади. Айтилган пулни олади-ю, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Ёш бўлса-да, олғирликда кўпни кўрган И.Ҳақбердиев содир қилган қилмишларни унга ишониб жуда катта миқдорда пул берган кишилар яқиндан билишганида эди, ашаддий жиноятчи қандай қилиб олий ўқув юртларига, тест синовларига таъсир кўрсата олиши ҳақида обдон ўйлаб кўрарди.

Ваҳоланки, И.Ҳақбердиев 2014 йил 9 ноябрь куни спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бир нечта танишлари билан бирга Қарши шаҳар Хонтепа маҳалласида яшовчи “Гуллола медикал фарм” хусусий дорихонаси раҳбари О.Аллаевнинг уйига бостириб киради. Оила аъзоларини қўрқитиб, вояга етмаган болаларни уриб, уларга тан жароҳати етказишади. О.Аллаевга тегишли пул ва бошқа буюмларни, жами 121 миллион 970 минг сўмлик мол-мулкни талон-торож қилиб, уй эгаларининг қўл ва оёқларини ип билан боғлаб воқеа жойидан қочиб кетишади.

Босқинчилик билан қўлга киритилган пулнинг 45 миллион сўмини Тошкент шаҳрига бориб, жияни ўқишга киролмаган Б.Юнусовга қарзи эвазига бериб юборади.

Шунингдек, О.Аллаевнинг уйида содир этилган босқинчилик жиноий фаолиятидан олинган пул ҳисобидан 20 миллион сўм нақд пулни фуқароларнинг пластик карточкаларидаги пулга 8 фоиздан 10 фоизгача устамаси билан ноқонуний алмаштириб бериб, “Настарин-фарм” хусусий фирмаси дорихонаси ҳисоб рақамига терминал орқали ўтказади. Бу пулни банкдан бир йил муддатга олинган 30 миллион сўм кредит маблағини ёпишга ишлатади.

Бундан ташқари, Қарши шаҳридаги Нефтчи маҳалласида яшовчи Т.Суяровнинг хонадонига режалаштирилган босқин ҳовлида бўлган итнинг қаршилиги туфайли амалга ошмай қолади.

Шу орада О.Аллаевга телефон қилиб, “Нега уйингда бўлган босқинчилик бўйича шов-шув кўтариб, органга арз қилдинг, мен сенга органга хабар қилмагин дегандим-ку, бунинг учун энди бизга 50 минг АҚШ доллари берасан, бўлмаса ўзингга ва оилангга ёмон бўлади, фарзандларингни йўқ қилиб юборамиз”, деб қўрқитиб пул талаб қилади.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, юзи қора бу кимсаларнинг қилмишига барҳам берилди. Улар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди ва жазо муқаррарлиги таъминланди.

Хулоса эса шуки, бугун боласини ўқишга киритади, деб пул кўтариб чопган ота-оналар ана шундай жирканч, юзи қора кимсаларга ишонаяпти. Фақат ўз манфаатини, бойлик орттиришни, қорнини ўйлайдиган одамлар оғирини енгил, фарзанди тақдирини ёруғ қилишига умид билдираяпти. Боласининг ўқишига имконият яратиб, рағбат кўрсатганида, уни ўз кучи ва билимига таяниб, имтиҳонлардан ўтишига ишонч билдирганида, табиийки, ҳар қандай фарзанд бу ишончни оқларди. Юқори балл билан ўқишга кириб, талаба деган бахтга муяссар бўларди, элнинг олдида юзи ёруғ, ота-онасининг ҳам боши баланд бўларди. Аммо улар фирибгар кимсаларнинг икки томонлама манфаатли кўринган таклифига рози бўлишди ва топганлари фақат зиён бўлди.

Ойбек МУСТАФОЕВ,

вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Report typo