Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

28.05.2021


ИККИ ҲУЖЖАТ ИЛОВАСИДАГИ РАҚАМЛАР

нега бир-биридан кескин фарқ қилаяпти?

 

Қарор ва шарҳ

 Вилоят ҳокимининг шу йил 21 майдаги қарорида қайд этилишича, Қашқадарёда 771 та маҳалланинг 422 тасида, яъни қарийб 55 фоизида ҳатто сартарошхона ҳам йўқ.

 Шунингдек, ўтказилган ўрганишлар вилоятимиздаги маҳаллаларнинг 425 тасида гўшт дўкони, 485 тасида дорихона, 486 тасида пойабзал тикиш ва таъмирлаш устахонаси, 516 тасида гўзаллик салони, 573 тасида маиший жиҳозларни таъмирлаш устахонаси, 728 тасида ҳаммом, 753 тасида ветеринария хизмати кўрсатиш объектлари мавжуд эмаслигини кўрсатди.

 Қашқадарёда иқтисодиётнинг муҳим соҳасида мавжуд салоҳият ва имкониятларнинг тўлиқ ишга солинмаганлиги оқибатида вилоятда 2020 йилда хизмат кўрсатиш ҳажми аҳоли жон бошига 3,1 миллион сўмни ташкил қилиб, республика кўрсаткичига нисбатан 2 баробар паст рақам қайд этилган. Мазкур ҳолат шу йил 22 апрель куни  Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида кескин танқид қилинган.

 - Бир нарсани яхши тушуниш лозим: хизмат кўрсатиш - одамларнинг дардига дармон бўлаётган соҳа, - дея таъкидлади ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари. - Янги иш ўринлари энг кам харажат ва тез муддатда хизматлар ва сервис соҳаларида ташкил этилади. Жойлардаги аҳоли даромадларининг реал ўсишини ҳам, аввало хизматлар ривожидан яққол кўриш мумкин. Шунинг учун ушбу соҳага иқтисодиётнинг асосий "драйвер"ларидан бири деб, қарашимиз керак.

 22 апрелдаги видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда мамлакат Президентининг "Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 21 май куни вилоят ҳокими томонидан ҳам қарор қабул қилиниб, тармоқни тараққий эттириш учун бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 2021 йилда вилоятимизда хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 3,2 триллион сўмга яқин 1 минг 71 та лойиҳани амалга ошириб, ҳалқаро аҳамиятдаги йўллар ёқасида 257 та сервис объекти барпо этиш назарда тутилган. Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва Чироқчи туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида 1030 та уй-меҳмонхона, вилоятнинг бутун ҳудудида эса 1 минг 650 та контейнер негизидаги енгил конструкцияли нуқталар ташкил этиш режалаштирилган.

 Айни пайтда туман маҳаллаларида 307 та гўзаллик салони, 296 та маиший жиҳозларни таъмирлаш шохобчаси, 263 та пойабзал тикиш ва таъмирлаш устахонаси, 195 та гўшт дўкони, 192 та сартарошхона, 171 та қишлоқ хўжалиги техникасини таъмирлаш маркази, 167 та ветеринария хизмати, 96 та ҳаммом (сауна), 66 та кийимларни кимёвий тозалаш шохобчасини очиш мўлжалланмоқда.

 Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг қарорида давлат-хусусий шериклик асосида мактаб ва шифохоналар ҳудудида белгиланган тартибда хусусий мактаб ва клиникалар, ҳар бир олий ўқув юрти ҳузурида эса касбга ва хорижий тилларга ўқитиш марказларини ташкил этиш, Қамаши, Деҳқонобод, Касби, Нишон, Муборак, Миришкор, Қарши ва Шаҳрисабз туманларида 2021-2023 йилларда савдо комплекслари (буюм бозорлари)ни қуриш, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ва туман марказларида куну-тун ишлайдиган савдо ва хизмат кўрсатувчи махсус кўчалар фаолиятини йўлга қўйиш каби кўплаб муҳим чора-тадбирлар жамланган.

 Президент қарорида иқтисодий ўсишни таъминлашда хизматлар соҳасини муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини 2 бараварга ошириш мақсад қилинган экан, Қашқадарё вилоятида бу жабҳадаги йиллик ўсиш суръатлари прогнози: 2021 йилда - 120,1 фоиз, 2022 йилда - 127,1 фоиз, 2023 йилда - 133,9 фоиз даражасида тасдиқланган. Аммо, энг қизиғи, вилоят ҳокимининг шу йил 21 майдаги тегишли қарори "2021-2023 йилларда вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича прогноз кўрсаткичлари" деб номланган иловасида мутлақо бошқа рақамлар акс этган.

 Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими (e-qaror.gov.uz сайти)да жойлаштирилган бу ҳужжатнинг тегишли иловасида вилоятда хизматлар ҳажмининг ўсиш суръатлари прогнози: 2021 йилда - 111,5 фоиз, 2022 йилда - 112,6 фоиз, 2023 йилда - 113,6 фоиз қилиб кўрсатилган. Президент ва вилоят ҳокимининг қарорлари билан тасдиқланган ушбу рақамлар ўртасидаги кескин фарқни қандай тушуниш мумкин? 

 Энг ёмони, бундай номутаносибликлар вилоят ҳокими қарорининг бошқа иловаларида ҳам кузатилмоқда. Масалан, ҳужжатнинг "2021 йилда вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича прогноз кўрсаткичлари" деб номланган иловасида жорий йилда тармоқдаги ўсиш суръатлари прогнози 111,5 фоиз этиб тасдиқланган. Президент қарори иловасида эса, юқорида таъкидланганидек, 120,1 фоизлик кўрсаткич қайд этилган.

 Умуман олганда, давлат раҳбарининг топшириғига биноан вилоятимизда хизмат кўрсатиш ҳажми 2023 йилга бориб 2020 йилдаги кўрсаткичдан (дастлабки маълумотларга кўра, 10 триллион 109,2 миллиард сўм) 2 баравар ошиши, яъни энг камида 20 триллион 218,4 миллиард сўмга етиши керак. Ҳоким қарорининг тегишли иловасида эса 2023 йилдаги прогноз кўрсаткич мазкур рақамдан анча паст - 19 триллион 995,8 миллиард сўм қилиб кўрсатилган. Орадаги фарқ (222,6 миллиард сўм) соҳа масъуллари учун арзимас бўлиб туюлиши мумкин, аммо бундай прогнозларни белгилаш олдиндан "Қашқадарёда муҳим топшириқ бажарилмайди", дегани эмасми?

 Албатта, ҳоким қарорининг иловасидаги кўплаб бундай чалкашлик ва номутаносибликларни масъул шахслар томонидан ҳали охиргача, мукаммал даражада ишлаб чиқилмаган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг e-qaror.gov.uz ягона электрон тизимига жойлаштирилиши билан ҳам изоҳлаш мумкин. Бироқ, қандай бўлмасин, мазкур ҳолат хизмат кўрсатиш тармоғининг истиқболлари ва қарор ижросига нисбатан масъулиятсиз муносабат белгисидир. Ваҳоланки, биз ушбу соҳага иқтисодиётнинг асосий "драйвер"ларидан бири деб, қарашимиз керак.

 Темур НИЗОМОВ

 

Report typo