Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

06.11.2018


ИККИЛАМЧИ ХОМ АШЁДАН -ТАЛАБГИР МАҲСУЛОТ

Муборак туманидаги “Одил  Раимқулов Комилович” масъулияти чекланган жамиятида ҳам 2009 йилдаёқ пластик қувурлар тайёрлаш бошланган эди. Қарийб 8 йилга яқин вақт давомида корхона бу борада анча тажриба тўплади, бозордан ўрин топди. Бироқ, бугунги куннинг талаби тадбиркордан ҳеч қачон тўхтаб қолмасликни, доимо изланиш, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш, истеъмолчилар талабига мос маҳсулот ишлаб чиқаришни талаб этиши сир эмас.  Буни яхши англаган тадбиркор 2017 йилда фаолиятни мутлақо янгидан ташкил этди.

- Аввал ҳам ҳозиргидек пластик қувурлар ишлаб чиқарган бўлсак-да, эски технологиялардан фойдаланар эдик, - дейди МЧЖ раиси Комил Раимқулов. – Қолаверса, ўзимизнинг жойимиз бўлмагани учун ижарада турганмиз. Хом ашёни эса четдан харид қилардик. Табиийки, бу жиҳатлар маҳсулот сифатини яхшилаш, таннархини арзонлаштириш, рақобатбардошлигини таъминлаш, шу билан бир қаторда, ишлаб чиқариш қувватини ошириш имконини бермаётганди. Шу боис ўтган йили ўзимизнинг янги лойиҳамиз билан туман ҳокимлигига мурожаат этдик. Ҳокимлик ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб,  аввало ишлаб чиқаришимизни ташкил этиш учун ҳудуддаги бўш турган бинони ноль харид қийматида берди. Шунингдек, тижорат банкидан 105 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит олиб, Хитойдан тайёр хом ашё билан бир қаторда, турли хил пластик маҳсулотлар чиқиндисидан сифатли қувур ишлаб чиқариш имконини берадиган замонавий технологияни олиб келиб ўрнатдик.

Лойиҳа самарасини берди. Айни пайтда корхонада соатига 150 килограмм пластик қувур тайёрлаш имконини берадиган мазкур тежамкор технология ёрдамида 8 хил ўлчамдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Барча жараён автоматлаштирилган тизимда амалга оширилади. Қолаверса, ишлаб чиқариш учун асосан иккиламчи хом ашёдан фойдаланилаётгани маҳсулот таннархини янада арзонлаштириш имконини бермоқда.

Корхонада чиқиндига чиқарилган пластик буюмлар иккиламчи қайта ишлаш учун қабул қилинади. Улар цехда аввал ювилиб, сўнг гранулага айлантирилади. Кейин эса тайёр хом ашё асосий ишлаб чиқариш ускунасига йўналтирилади. Оператор буюртмага қараб, мавжуд компьютерга қайси ўлчамдаги қувур кераклиги ҳақидаги маълумотни киритса бас, қолганини техниканинг ўзи бажаради.

- Албатта, янги лойиҳани амалга оширганимиздан сўнг, имкониятларимиз кескин ошди, - дейди тадбиркор. – Маҳсулотимизга талаб юқори. Энди эса фаолиятни янада кенгайтириш ҳаракатидамиз. Шу мақсадда хитойлик ишбилармонлар билан яна битта янги технология сотиб олиш бўйича келишувга эришдик.

Дарҳақиқат, тадбиркор аввало ўз манфаатини кўзлаб ҳаракат қилади. Фаолиятни кенгайтирсам, бозорда ўз ўрнимга эга бўлсам, иқтисодий имкониятларимни оширсам, дейди. Шу йўлда ишлайди, изланади, интилади, янги ташаббусларни амалга оширади. Бунинг ортидан ҳудуд фаровонлашади, истеъмолчи учун танлаш имконияти кенгаяди. Яна бир муҳим жиҳати эса, янги иш ўринлари пайдо бўлади. Хусусан, тадбиркор Комил Раимқулов йўлга қўйган фаолият асосида ҳам айни пайтда 10 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлган. Лойиҳанинг иккинчи қисми ҳам амалга оширилгач, улар сони яна ошади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo