Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

17.11.2018


ИККИТА ТУГМА БОСИШ ҚЎЛ ҚАВАРТИРАДИМИ?

Бироқ  деҳқончасига айтганда, ўзгаришлар тарафдори бўлган олимларимиз ҳам бир нарсани билишмаса, гапиришмас... Хўш, алифбою имломизга нималар бўлаяпти ўзи?

Бу хусусда Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА билан суҳбатлашдик.

– Қадимги юнон ривоятларининг бирида келтирилишича, илоҳлардан бири Гермес ўзи ихтиро қилган янги мулоқот тури — ёзувни фиръавнга намойиш қилади ва “Бу кашфиёт одамларга кўп нарсани эсда сақлашга имкон беради, агар у бўлмаса, инсон бутун ҳаёти давомида йиққан билимларини вақти келиб унутиши, келгуси авлодга етказолмаслиги мумкин”, дейди.

Дарҳақиқат, ёзув инсоният томонидан яратилган энг қимматли маънавий бойлик ҳисобланади. Суҳбатимиз аввалида туркий халқлар, жумладан ўзбек халқи фойдаланган ёзувлар тарихи хусусида тўхталсангиз...

 – Маълумки, бой маданият ва юксак маънавиятга эга ҳар бир халқнинг ўз ёзуви мавжуд. Жумладан, ўзбек халқининг ҳам. Туркий халқлар, хусусан, ўзбек халқи ўзининг кўп асрлик тарихида оромий, хоразмий (эрамиздан аввалги III-I асрларда), сўғд (эрамизнинг V асрига қадар), ўрхун-энасой (руник) VI-VIII асрлар), араб (VIII асрдан 1929 йилгача), уйғур (X-XV асрларда), лотин (илк маротаба 1930-1940 йиллар), кирилл (1940 йилдан ҳозирги кунгача) ва яна лотин (1993 йилдан ҳозирги кунгача) ёзувларидан фойдаланган.

Ўзбекистонимиз ўз мустақиллигини мустаҳкамлаётган бир пайтда она тилимиз мавқеининг тикланганлиги, унинг давлат тили мақомига эга бўлганлиги ва шу тилга мос алифбонинг қабул қилиниши эътиборга молик ҳодиса бўлди. 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш” тўғрисида қонун қабул қилинди. 1995 йилда эса 26 ҳарф, 3 ҳарфий бирикма ва тутуқ белгисидан иборат бўлган алифбони қабул қилдик. 1995 йил 24 августда эса “Лотин ёзувига асосланган ўзбек тилининг имло қоидалари” тасдиқланди.

– Қаранг, қонун қабул қилинганидан бери орадан чорак аср вақт ўтибди. Аммо унинг ижроси ҳаётимизда ҳали-ҳануз тўла-тўкис акс этмаяпти. Ким – “лотин”да, ким – “кирилл”да, яна кимдир (энг ёмони, улар орасида ўқитувчилар ҳам бор) “лотин-кирилл” аралашган қоришиқ алифбода ёзиб юрибди...

Аҳвол шу даражага етдики, ота-оналар болаларига дарс тайёрлашга кўмаклаша олмаяптилар. Мактабда, коллежда, олий ўқув юртида “лотинча” ўқиб-ёзган ёш мутахассис идорага ишга жойлашгач, яна “кириллча”да иш юритишга мажбур бўлаяпти. Компьютердаги тайёр дастёр дастурлар эса матнларни ўгириш чоғида “ерга қараган”ларни “erga qaragan”га чиқариб қўяяпти... 

– Жамиятдаги улкан ўзгаришлар, янгиланишлар, алмашинувлар, ўтиш жараёнлари ҳеч қачон осон кечмайди. Жумладан, алифболар алмашуви ҳам. Кирилл ва лотин ёзувларининг “пойгадаги улоқчи отлар” каби амалда бўлиши турли авлод вакиллари учун қийинчилик туғдирди. Бунинг натижасида жамиятда лотин ёзувини ўқишни билмайдиган катта авлод ва кирилл алифбосини танимайдиган ёш авлод шаклланди. Тўғрироғи, алифбо кекса ва янги авлод вакиллари ўртасида кўприк бўлиш ўрнига узилишларга ҳам сабаб бўлаётгани аччиқ бўлса-да ҳақиқатдир.

Шунингдек, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги айрим камчиликлар ва ноқисликлар кўзга ташлана бошлади. Булар ҳақида кўплаб мақолалар ёзилди ва турли-туман таклифу мулоҳазалар ўртага ташланди.

Жумладан, амалдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси”даги O‘, G‘, Sh ва Ch ҳарфларини ёзишда техник ноқулайликлар мавжуд бўлиб, уларни ифодалаш учун компьютер клавиатурасидаги бир неча тугмаларни бирваракайига босиш лозим. Бу эса матн теришда ноқулайлик туғдиради. Шунингдек, o‘ , g‘ ҳарфларидаги (‘) белги тутуқ белгиси (’) билан шаклан ўхшашлиги туфайли уларни чалкаштириб қўллаш ҳолатлари кўп кузатилади. Sh, ch ҳарфларининг Chirchiq, sharshara каби бир сўзда икки марта ишлатилиши ёки шу ҳарфлар иштирокидаги сўзларни қатордан қаторга кўчирганда компьютер уларни икки белги сифатида бир-биридан ажратиб юбориши кузатилади. Масалан: пешайвон – pes-hayvon каби...

– Шу билан бир қаторда ижтимоий тармоқларнинг ҳам ўзига хос ясама “алифбо”си пайдо бўлди. Ва кўпчилик (айниқса, ёшлар) бу ғариб “имло”ни сабоқ дафтарлари, ҳатто иш ҳужжатларигача кўчириб улгуришди. Ишонмайсизми? Яқинда бир аризага кўзим тушди. Куласизми, куясизми – коллеж битирувчиси ўз исмини “Wovkat” деб ёзибди...

– Глобаллашув даври, ялпи ахборотлашув асрида замонавий ахборот коммуникация воситалари орқали глобал тармоққа чиқарилаётган маълумотлар бир лаҳзада дунё юзини кўради. Унда эълон қилинган ҳар қандай маълумотни чеклаш ёки назорат қилишнинг умуман иложи йўқ. Шу сабабли ҳам унда учрайдиган имловий, услубий, пунктуацион ҳамда техник хатолар она тилимизга, ёзувимизга, миллатимизга, маданиятимизга нисбатан қай даражада эътиборсизлигимизни бир лаҳзада ошкор қилади.

Ихчамликка эришиш, вақтни тежаш, лотин ва кирилл алифбосидаги ҳарфларни фарқламаслик каби баҳонаи сабаблар туфайли мазкур ижтимоий тармоқларнинг кўпчилик фойдаланувчилари бу ҳарфларни аллақачон алифбомизга ёт бўлган w, 6, 4 каби символлар билан алмаштириб олишган. Маълумотларда “ч” (“ch”) ўрнида – “4”, “ш” (“sh”) – “w”, “ў” (“o’”) – “6” ни қўллаш каби ҳолатлар кузатилади. Бу эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1995 йил 24 августда қабул қилинган “Ўзбек тилининг имло қоидалари”га ҳурматсизлик билан қаралаётганидан, ёзувимиз юзига тушган доғлардан далолатдир.

Ҳозирги лотин алифбосида “ц” товушининг алоҳида ҳарф билан берилмагани, “е”, “ё”, “ю”, “я” каби “йо”лашган унлилар имлоси билан боғлиқ чалкашликлар ҳатто имло луғатларида кўпайиб кетганини кузатиш мумкин: publisistik- publitsistik, sentabr – sentyabr, budjet –byujet, rejissor – rejissyor, lyuks-luks.

– Бундай чалкашликлару камчиликларни бартараф этиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилганидан сўнг унинг қошида ишчи гуруҳ ўз ишини бошлаганди. Гуруҳ аъзолари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича икки йил мобайнида иш олиб борди. Хўш, натижалар қандай бўлди?

– Ишчи гуруҳ аъзолари жамоатчилик ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш, айрим ҳарфларга ўзгартириш киритиш борасидаги фикрларни ўрганиб, жорий йил 22 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари” деб номланган илмий-амалий конференция ўтказдилар ва миллий алифбомизни ислоҳ қилиш бўйича янги лойиҳаларни тақдим этиб, аниқ таклифларни илгари сурдилар.

Ўтган вақт мобайнида алифбо ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳга ҳамюртларимиз томонидан кўплаб фикрлар юборилди. Уларни таснифлайдиган бўлсак, алифбо ислоҳотчиларини уч гуруҳга бўлиш мумкин бўлади.

Биринчи гуруҳ вакилларини  минимал ислоҳотлар қаноатлантиради. Уларнинг наздида амалдаги алифбомизга деярли тегмаслик керак – фақат O‘, G‘ ҳарфларининг кўп муаммога сабаб бўлаётган қўшимча белгисини тузатсак бўлди. Негаки, O‘, G‘ ҳарфларини компьютерда ёзиш учун анчагина “қўл қавартириш”га тўғри келади: бу ҳарфларни ёзиш учун аввал O ёки G ҳарфини ёзиб, сўнг бир бармоғимиз билан “Alt” тугмасини босамиз ва бошқа бармоғимиз билан махсус код – 0145 ни терамиз. Яъни бир ҳарфни ёзиш учун олти марта клавиатура тугмаларига қўл урамиз. Шундагина алифбомиздаги O‘, G‘ ҳарфлари тўғри шаклда ёзилади.

Иккинчи гуруҳ – мўътадил ислоҳот тарафдорлари. Улар айни пайтда ўқиш ва ёзиш жараёнида турли англашилмовчилик ва қийинчиликларни юзага келтираётган O‘, G‘ ҳарфлари билан бирга Ch, Sh ҳарфларини ҳам тўғрилашни таклиф этишаяпти. Чунки ана шу тўрт ҳарф туфайли бугун алифбо ислоҳоти кун тартибига чиққан.

Учинчи гуруҳ – максимал ислоҳот тарафдорлари. Уларнинг фикрига кўра, O‘, G‘, Ch, Sh ҳарфлари ўзгартирилиши ва алифбога Ĵ ундоши ва ı, ö, ü унлилари қўшилиши лозим. Чунки, дейди улар, биздан бошқа барча туркий халқларнинг алифбосида “эгизак”, яъни узун ва қисқа унлилар бор, ўзбек тилида ҳам қалин ва юмшоқ И, Ў, У товушлари бор-у, аммо биз илғамаймиз, чунки алифбода акс этмаган, бу эса тилимизга хос бўлган сингармонизм ҳодисасининг йўқолишига олиб келяпти.

Ҳар бир гуруҳнинг ўз исбот ва далиллари бор. Жумладан, минимал ислоҳотчилар алифбони жиддий ўзгартирсак, чорак аср давомида чоп этилган китобларнинг тақдирию фарзандларимизнинг саводхонлиги нима бўлади, ахир, ёш авлод шу алифбога ўрганиб бўлган, уларни чалғитиб нима қиламиз, дейди. Мўътадил ислоҳотчилар бизга ҳозир тўртта ҳарф муаммо туғдиряптими, уларни ислоҳ қилиб тўғриласак – бўлди,  аммо алифбо таркибига янги ҳарфлар киритиб, халқимизни янги имловий муаммолар билан қийнамайлик, дейди. Максимал ислоҳотчилар эса алифбони тубдан ислоҳ қилиш ва мукаммал алифбога эга бўлишни ёқлайдилар.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамюртларимиз томонидан билдирилган фикрларни ўрганиб чиқиб ва албатта, илмий мантиққа суянган ҳолда энг мақбул қарорга келишга ҳаракат қилишди.

Энг аввало, O‘, G‘, Ch, Sh ни ислоҳ қилиш ғояси хусусида тўхталсак. Ch ва Sh бирикмаларининг ўрнини босувчи, 1929–1940 ҳамда 1993–1995 йиллардаги алифбомизда ҳам бўлган ҳарфлар: Ch – Зз Ćć Ĉĉ Čč; Sh – Şş Śś Ŝŝ Šš; O‘, G‘ ҳарфлари бўйича O‘ – Ŏŏ Ǒǒ Хх Цц Ōō Уу; G‘ – Ğğ Ĝĝ Ġġ Ǧǧ Ģģ Ḡḡ Ǵǵ каби вариантлар таклиф этилди.

Сс ҳарфини алифбога киритиш таклифи мунозараларга сабаб бўлди.

Жж товушини ифода этиш учун 2 та ҳарф: портловчи Жж (жўжа) товуши учун Сс, сирғалувчи Жж (журнал, аждар)ни ифодалашда Jj белгиси берилиши фойдаланувчилар орасида зид фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Натижада Жж товушини 2 та ҳарф билан бериш таклифи рад этилди. Бу энг тўғри вариант эди. Чунки “жўжа, жаҳон” сўзлари сŏсa, сahon каби ёзилишини кўпчилик “сўса” ёки “кўка” ; “саҳон” ёки “каҳон ” деб ўқиши табиий. Шунингдек, тилимизга хос бўлмаган Цц товушининг ўрнига Сс белгисини алифбога киритиш таклифи ҳам берилган эди. Бу бизнинг наздимизда тўғрироқ эди. Чунки бошқа тиллардан ўзлашган сўзларда бу товуш мавжуд бўлиб, уни ўзбек тилида s шаклида ёзиш баъзи вақтларда ноқулай вазиятларни келтириб чиқаради.

Лекин Цц товушининг ўрнига Сс белгисини алифбога киритиш таклифи ҳам, ng ҳарфий бирикмасини алифбодан чиқариш таклифи ҳам рад этилди. Демак, алифбомизга Цц товушининг ўрнига Сс белгисини киритмас эканмиз, шундай ҳам ёзишга ўрганиб бўлинган O‘, G‘, Sh, Ch ҳарфларини ўзгартиришга не ҳожат?

Бир қанча баҳсу мунозаралардан сўнг қуйидаги алифбо лойиҳаси таклиф этилди:

Ишчи гуруҳ томонидан таклиф қилинаётган режа фақат лойиҳа сифатида таклиф этилмоқда. У расман кучга кириши учун аввал қонуний тартибда кўриб чиқилади, оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши лозим.

– “Компьютерда ёзиш ноқулай” деган важлар кишини ўйлантириб қўяди. Бизга иккита “клавиш” босиш малол келаётган бўлса, ана, немислар “ч”ни тўртта ҳарф билан (tsch) ифодалаб юришибди. Ҳар ҳолда ҳозирги алифбомиз Хитой иероглифларидан (уни компьютерда кўпроқ ишлатишади) неча ўн карра соддароқ ва қулайроқ-ку... 

  Хўш, шунча баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган алифбомизга ўзгартириш киритиш шартми ўзи? Бу ягона ёзувга ўтиш жараёнини янада чўзиб юбормайдими?

– Бундай хавотир олимларимиз орасида ҳам йўқ эмас. Фикримча, бу ўзгартиришлар давлатимизнинг иқтисодиётига қанчалик путур етказишини ҳам ўйлаб кўриш керак. Алифбони ўзгартириш натижасида қанчадан-қанча қўлланма ва дарсликларни қайта яратиш, ўзбек тили қоидаларини тубдан кўриб чиқиш, таҳрир қилиш, мутлақо янги имло қоидаларини яратишимиз, олдинги кўп тушунчалардан воз кечишимизга тўғри келади. Биз бунга нечоғлик тайёрмиз?  Кейинги бир аср давомида биз бир эмас, тўрт марта алифбони ўзгартирдик ахир...

Дунёдаги бирорта алифбони ҳам мукаммал деб бўлмайди. Ҳар қандай алифбо ҳам маълум камчиликларга эга бўлади. Жумладан, ўзимизники ҳам.

Бу борада фақат бир мутлақ ҳақиқат бор – миллий алифбомиз нафақат товушларни имкон қадар тўла акс эттириши, тилимизнинг асосий талаб ва мезонларига ҳам жавоб бериши, ёзиш ва ўқишга қулай бўлиши, шу билан бирга, халқимизни маънан ва руҳан бирлаштириши, миллий яхлитлик, бирликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шарт.

Нуриддин ЭГАМОВ суҳбатлашди.

Report typo