Аҳамиятлиси, ушбу ҳафталик давомида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан ҳам турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Куни кеча партия ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида амалий мулоқот кўринишидаги семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбирга вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, солиқ, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармалари мутахассислари жалб этилди. Вилоятимиздаги илғор, ўз соҳасида мақтарли ютуқларга эришаётган тадбиркор ва фермерлар, ўз мустақил бизнесини бошлаш истагидаги ёшлар, хотин-қизлар амалий мулоқотнинг асосий иштирокчилари бўлишди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан тадбиркор фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйиш, ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш, ишбилармонларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кучли ҳимоя қилинишини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу йўлда аниқ мақсадга қаратилган таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Тадбиркорга бош оғриғи бўлаётган муаммони зудлик билан ҳал этиш, унинг ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш асосий диққат марказида турибди.
- Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад ҳам тадбиркорлик ва фермерлик соҳаси вакилларини бир жойга жамлаш, ўзаро тажриба алмашиши, манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиши учун шароит яратиш, энг асосийси, тадбиркорликка қўл урмоқчи бўлган кишиларни уларнинг муваффақият сирлари билан яқиндан таништиришдан иборат, - дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши бўлим мудири Гулбаҳор Тўраева. - Бундан ташқари, инновацион тадбиркорлик ва "start up" лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мазкур соҳадаги ташаббусларни рағбатлантириш кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, тадбир аввалида ташкил этилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган кенг турдаги истеъмол товарлари намойиш этилди. Шундан сўнг ёшлар ва хотин-қизларга бизнес лойиҳа ишлаб чиқиш, тадбиркорликни бошлаш, бунда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар хусусида тадбиркорлар, тегишли соҳа мутахассислари ўз маслаҳати ва тавсияларини беришди.
М.ШУҲРАТОВ, М.ТЎЛАГАНОВ