Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

07.11.2024


"ҚИЛДИ БУ ВАҚТ БИЗДА ЖАВЛОН ТЎЙ..."

Долзарб масала

Кейинги йилларда мамлакатимизда турмуш даражаси фаровонлашиб, аҳоли даромадлари ошиб бораётгани яхши албатта. Бироқ кишиларнинг асосий маблағлари тўй-ҳашамлар, бошқаларга ўзини кўрсатишдек ҳавойи мақсадлар йўлида сарфланаётгани ачинарли ҳолат. Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, низо-жанжаллар, ажралишлар, оилалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда айнан серхаражат тўйларга, улар билан боғлиқ беҳад ортиқча сарф-харажатларга бориб тақалиши ҳеч кимга сир эмас.

Бир неча йил аввал Президент Шавкат Мирзиёев айни масалага эътибор қаратиб, "Айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади", деган эди.

Шу ўринда жадид маърифатпарварларининг юз йил олдин бу борада билдирган фикр-мулоҳазаларига эътибор қилайлик. Ҳожи Муин 1919 йилда: "Бизнинг халқ "мол ва жон кетса кетсун, обрўй кетмасун", деб хатна ёки никоҳ ва ё аза маросимини ўрунға кетурмак учун қўлларинда бор нарсаларини бир-икки кунда барбод этадилар, қарздор бўлалар. Қарзларини адо эта олмағач, охири, "молни одам топар, одамни мол топмас", деб ўз боғ ва ҳовлиларини сотиб, қарзлариға бералар", деб ёзган.

Абдулла Қодирий эса "Қилди бу вақт бизда жавлон тўй, Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй", дейди.

Абдулла Авлоний "Халқимизни тўй маразидан қутқарурга тиришмак ва илож истамак лозимдир. Бола-чақаларини қўл кучи ила тўйдирадиргон, тўй деган ерда муқаддас Ватанини сотуб, сарф қилмоқдан тортинмайдирган "ҳозирам ҳузурам" деб истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?" деган ўкинчини изҳор этади. Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий эса "Миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу - тўй ва азадир", дея қайд этади.

Афсуски, тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими, туман бўлинмалари раҳбар ҳамда мутахассислари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, нуронийлар, оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан туман ва шаҳарларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада кўплаб муаммолар ва ўнгланиши лозим бўлган ҳолатлар аниқланди.

Тўй эмас, кимўзар мусобақа!

Ота-боболаримиз азал-азалдан икки ёш унаштирилдими, уларнинг бошини битта қилишга асосий мақсад сифатида қараган, дабдабали тўй эмас, чиройли турмуш ҳақида қайғуришган.

Ҳозир эса бўлажак келин-куёв томонидан бир-бирига то тўй ўтгунга қадар ҳар байрам, туғилган кунда фалон миллион сўмлик совға-салом юборилиши одат тусига кирган. Одатда бундай совға-саломлар ширинликлар, қимматбаҳо кийимлардан иборат бўлади ва ёшлар ҳаётида асқатадиган жиҳати кам.

Бундан ташқари, аксарият ҳолларда фотиҳа тўйлари катта тўйлардан деярли қолишмайди. Бундай тўйларга камида уч-тўртта жонлиқ сўйилади, 400-500 одамга зиёфат берилади. Буям етмагандай, фотиҳа тўйида аёллар тўйга келувчиларнинг деярли ҳаммасига сарпо-суруғ тайёрлашади. Айниқса, қуда томонга 3-4 кийимлик қиммат мато ва бошқа устки кийимлар, қуда томондан келган 20-30 аёлга ҳам кийимлик матолар совға қилинади.

Сўнгги вақтларда пайдо бўлган хунук одатлардан яна бири - куёвнинг уйини келин томон жиҳозлаб беришидир. Мебель, гилам, парда ва бошқа жиҳозларни келин томон кўтаришга мажбур.

Бир қарашда бунинг ёмон тарафи йўқдек, гўёки бу - янги оилага қилинган ғамхўрлик, рўзғор учун керакли буюм. Бироқ ҳамманинг шароити ҳар хил. Кимдадир бор имконият бошқа бировда бироз чекланган бўлиши аниқ. Натижада айримлар "Мен сендан камми?" дея бор-будига ёки қарзга бўлса-да, дабдабали тўй қилишга уринмоқда.

Ўрганишларга кўра, Шаҳрисабз туманидаги Оқдарё, Янгиқишлоқ, Равот ва Абзият маҳаллаларида келин томондан уй безаш, куёвга бериладиган сарпо ва мебель учун ўртача 25-30 миллион сўм маблағ сарфланиб, бундай ҳолатлар одатга айланиб улгурган.

Шаҳрисабз шаҳридаги "Фирдавс" мебель дўкони масъулларининг билдиришича, шаҳар аҳолиси томонидан тўй учун асосан 12-17 миллион сўмлик мебеллар жамланмаси харид қилинаётган экан.

Чироқчи тумани марказидаги Чироқчи, Чоштепа, Янгиобод, Навоий, Кишмиштепа, Ўзбекистон,  Боғишамол маҳаллаларида эса сарпо ва мебель учун 20-30 миллион сўм пул кетади.

Косондаги Пахтазор, Ширинобод, Дўстлик ва Месит маҳаллаларида айни шу мақсадда 30-40 миллион сўм сарф бўлаётгани муаммонинг кўламини кўрсатади. Боиси, қиз узатаётган оилалар бу каби харажатлардан сўнг моддий тарафлама ўзини ўнглаб олиши анча қийин кечаяпти.

Бундан ташқари, тўйдан кейин турли хил таомлар тайёрлаб, куёвникига тоғора жўнатиш, "чорлар" каби одатлар бир тўда хотин-халажнинг кўнгилхушлиги, кимўзарга берилгани оқибатида янада оммалашаётир.

Кўкдала туманида келиннинг бир неча соатлик тўй либоси 1 миллиондан 8 миллион сўмгача турар экан. Деҳқонободда эса келинлик либоси 2 миллион 500 минг сўмгача, бошқа тумандан келтирилса, 4 миллион сўмгача баҳоланар экан.

Қарши туманида фотиҳа тўйида келиннинг қимматбаҳо либосларини тўйхонада ёйиб, кўз-кўз қилиш урф бўлаётгани, бу ҳам кимўзар мусобақага айлангани ачинарли ҳолат.

Шу билан бирга, кейинги йилларда Ҳаж ва Умра амалларини бажариб келганлар томонидан элга ош бериш, тўй қилишдек беҳуда одат кўпайди. Аслида фақат Аллоҳ розилиги учун қилинадиган бу амални исрофгарчилик маросимига айлантириш кимга керак?

"Бир кунлик тўй ўтади-кетади".

Тўғри, ўтяпти, аммо асорати кетмаяпти

Албатта, юртда тўйлар бўлгани яхши, аммо муқаддас китобларимизда битилгани каби "Тўйларнинг энг яхшиси - камхарж тўй" эканини ҳам унутмаслик даркор.

Энди қуйидаги рақамларга эътибор беринг. Китоб туманида биргина сарпо учун никоҳ тўйида 8-10 миллион, фотиҳа тўйида ҳам шунча, суннат тўйида - 5-7, Ҳаж тўйида 3-5 миллион сўмгача харажат қилинмоқда. Тумандаги асосий тўй тантаналари "Оқсув", "Нур", "Версал" каби тўйхоналарда ўтказилиб, тўйхона учун ўртача 5 миллион сўмгача харажат қилинаркан.

Касби туманидаги "Раҳим ота" тўйхонасини 500 киши учун бир неча соат банд қилиш 7 миллион 500 минг сўмга тушади.

Қамаши туманидаги "Жасмин" тўйхонасида бир кишига 12 минг сўмдан хизмат кўрсатилади ва минг кишилик тўйлар ҳам ўтади. Демак, биргина тўйхонани банд қилишнинг ўзи тўй эгасига 12 миллион сўмдан камига тушмайди.

Худди шундай, Кўкдалада никоҳ тўйлари учун ўртача 60-70 миллион, суннат тўйга - 40-50 миллион сўм керак бўлади. Туман марказидаги тўйхоналарнинг хизмат кўрсатиш нархи 8-12 миллион сўм атрофида.

Яккабоғ туманидаги "Малика" тўйхонасида битта тўйни ўтказиш учун 7-8 миллион сўм кетади.

Косон тумани марказидаги Нартибаланд, Нартичуқур, Муғжагул ва Лолазор каби маҳаллаларда тўйлар учун 50-60 миллион сўм кетса, чекка ҳудуддаги Майдаёбу, Чироқчи, Навниҳол, Уйрот маҳаллаларида 90-100 миллион сўмгача сарф бўлади.

Шаҳрисабз туманида эса одатда 60-80 миллион сўм атрофида, тоғли ҳудудларда эса 80-85 миллион сўмгача маблағ бир кунлик тўй учун йўқ қилинади.

Шаҳрисабз тумани марказидаги "Коинот", "Бахт", "Сардор", "Мираки" каби тўйхоналарнинг ўртача сиғими 350 кишига мўлжалланган. Оилавий шароитдан келиб чиқиб, тўйхоналарнинг хизмат кўрсатиш харажатлари учун 15-25 миллион сўмгача сарфланади, яъни саҳна безалиши, дастурхонга гул ва карвинг буюртма бериш ҳамда келин-куёв кириб келишидаги ҳар хил маросимлар ортиқча харажатларга сабаб бўлаётир.

Таҳлилларга кўра, 2-3 миллион сўмга хизмат кўрсатадиган тўйхоналар ҳам бор. Аммо қўшимча, бошқаларга ўзини кўз-кўз қилишга қаратилган турли тадбирлар сабаб 20-25 миллион сўм фақат тўйхона учун берилаётган ҳолатлар ҳам афсуски кўп учраяпти.

Яна бир ҳолат. Сўнгги йилларда келин-куёвнинг севги тарихини тўйхонада намойиш этишдек ҳолат оммалашган. "Love story" деб аталадиган бу маросимга Косонда ўртача 7-10 миллион сўм пул сарфланаркан. Касби туманида эса айни шу иш учун камида 5 миллион сўм кетиши маълум бўлди.

Тўй кортежлари учун кетадиган харажат ҳам шундан кам эмас.

Бир соат нари-берисидаги хониш учун 50 миллион сўм сарфлаётганлар пул топиб ақл топмаганларми?

Тўй борки, санъаткорсиз ўтмайди. Аммо бунинг учун кишилар бор-будини кетказиши ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

Косон туманидаги Чорбоғ, Машъал, Арабхона, Юқори Арабхона маҳаллаларида одатда машҳур санъаткорлар, бирровга келиб-кетадиган хонандалар учун 20-30 миллион сўм, Шаҳрисабз туманидаги тўйларда эса 15 дан 40 миллион сўмгача пул кетади.

Чироқчи тумани марказидан узоқроқ Дурсун, Мирзатуп, Пахтаобод ва Зарбдор маҳаллаларида санъаткорларнинг қисқа муддатли хониши учун 40-50 миллион, Деҳқонобод туманида эса 400 минг сўмдан 22 миллион сўмгача, Қамашида 600 мингдан 25 миллион сўмгача маблағ кетиши маълум бўлди. Китоб туманида эса маҳаллий санъаткорлар 1-5 миллион сўм атрофида, машҳурлари 1000-3000 долларгача хизмат кўрсатади.

Шаҳрисабз шаҳрида маҳаллий санъаткорларга 1-5 миллион, карнай-сурнай учун - 500 мингдан бир ярим миллионгача, видеокамерага 1 миллион ҳамда шоу-балет учун 1 миллион 300 минг, бирровга келиб-кетадиган машҳур хонандаларга 30-50 миллион сўмгача харажат қилинади.

Ўйлаб кўринг. Бир хонанда учун 50 миллион сўм сарфланаётган жойларда таълим, тиббиёт, йўл инфратузилмаси, ҳудудлар ободлиги каби масалаларда муаммолар йўқми? Эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар-чи? Албатта, бор. Аммо шунча муаммо, шунча ҳақдор кишилар бўла туриб, арзимас орзу-ҳавас учун пул совуришдан нима наф, нима фойда? Аслида бунинг турган-битгани зарар, исроф ва ношукурлик эканини одамларимиз яхши тушунишлари керак.

Ўлганнинг устига тепган...

Жадид маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий миллат тараққиётига тўғаноқ бўладиган омиллар қаторида тўй билан бирга таъзия маросимларини ҳам бежиз таъкидламаган. Сабаби, бир оила мусибати сифатида қараладиган таъзия маросимлари ҳали-ҳануз беҳуда чиқимлардан холи бўлгани йўқ.

Масалан, аксарият ҳудудларда марҳум вафотидан сўнг "етти", "йигирма", "қирқ", "йил оши" каби маросимлар борки, уларнинг ҳар бири учун алоҳида жонлиқ сўйиб, ош тортиб, дастурхон безатиш керак. Муқаддас ислом динида бу каби ишлардан қайтарилган бўлса-да, айрим кишилар "Марҳумнинг ошини ейиш керак, шундан унга савоб етиб боради", деган аҳмоқона гапларни ўзларига шиор қилиб олишган ва буни бошқаларга ҳам уқтиришга ҳаракат қилишади. Яқин инсонидан айрилиб, юпанч ва тасаллига муҳтож оилалар эса "Бир нарсани билар" деб бошқаларнинг раъйига қараб, бор-будини сарфлаб таъзия маросимларини ўтказишга мажбур бўлаётир.

Чироқчида марҳум вафотидан кейин 40 кунгача ҳафтаниинг пайшанба ва якшанба кунлари "ис чиқариш" одати бор экан. Аслида бир қанча бекорчи аёллар жамланиб, еб-ичиб, гурунгдан бошқа тайинли иш қилишмайди. Уларга дастурхон ёзиб, таом тортиш хонадон эгасига ортиқча ташвиш ва чиқимдан бошқа нарса эмас.

Динимизда "Аза - уч кун" дея таъкидланган бўлса-да, кишилар "етти", "йигирма", "қирқ" деб таъзия бўлган уйга бораверади.

Деҳқонобод туманида эса баъзи таъзия маросимларига келган ҳар бир кишига 5 мингдан 20 минг сўмгача пул ёки шу маблағга тенг бирор буюм бериш одати мавжуд. Миришкорда 2-5 минг, Яккабоғда 5-10 минг сўмдан тарқатилиши ниҳоятда ажабланарли ҳолат. Бундан марҳумга на савоб етиб боради, на бир жой обод бўлиб қолади. Модомики, шундай ният бўлса, кейинчалик, вақт ва имкон топганда, эҳтиёжманд оилага марҳумнинг номидан ёрдам кўрсатиш мумкин ва шунда савобли, фойдали иш қилинган бўлади.

Айрим ҳудудларда бирор киши 90-100 ёшга кириб вафот этса, "Бу энди тўй" деб жаноза тугар-тугамас қўй сўйиб, ош пиширишга киришиб кетадиганлар ҳам йўқ эмас.

Ҳужжат бору, ижро йўқ?!

Бундай ўйлаб қарасак, ўзбекнинг оддийроқ тўйига сарф бўладиган пулга бемалол бирор бизнес бошлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мумкин. Бироқ камхарж, ихчам тўйлар ҳақида одамларнинг ўзида тўғри, онгли муносабат шаклланмаса, бу борада ижобий натижаларга эришиб бўлмас экан.

2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгашининг "Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қўшма қарори имзоланган. Афсуски, ушбу қўшма қарор ижроси амалда  деярли таъминланмаяпти.

Шунга кўра, қўшма қарорда белгиланган вазифалар қайта кун тартибига олиб чиқилиб, ҳар бир ҳудудда ижроси таъминланишига эришиш даркор.

Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимининг тўй ва маросимларни тартибга солиш бўйича қарорлари чиқиши зарур.

Тегишли ҳужжатда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашиши, қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкинлиги қайд этилган ва амалда ҳам бунга ҳаракат қилишимиз даркор.

Бу борада, аввало, давлат бошқаруви ва ҳокимият тизими вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлар шахсий ташаббус кўрсатишлари мақсадга мувофиқ.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумлар ("келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш" ва ҳоказолар), дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирлар ("етти", "пайшанбалик", "йигирма", "қирқ", "йил оши", "пул тарқатиш", "мато улашиш" ва ҳоказолар) ўтказишга йўл қўйилмаслиги керак. Бу борада кайвонилар, нуронийлар, имом-хатиблар, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, маҳаллалар вакиллари алоҳида иш олиб боришлари тақозо этилади.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали намунали тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида жамоатчилик фикри шаклланиши учун ижтимоий роликлар яратилиши, услубий қўлланмалар ва тарғибот материаллари тайёрланиши юқори самара беради.

Маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ФҲДЁ идораларида никоҳдан ўтаётган келин-куёвларга оила маънавияти, ахлоқи ва аждодларимизнинг  мустаҳкам оила ҳақидаги ўгитлари баён қилинган маълумотлар, китоблар ва бошқа материаллар бериб бориш амалиёти йўлга қўйилиши лозим.

Энг асосийси, имконияти бўла туриб, ихчам тўй ўтказиб, ортган маблағини ўз ҳудуди ривожи, ёшлар учун янги иш ўринлари, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам беришга йўналтирган кишилар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб этилса, бошқаларга ҳам ўрнак бўлади.

Тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу экан, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик. Бу эзгу ишга ҳамма бирдай бош қўшиши лозим, ҳеч ким ўзини четга олиши, менга бунинг дахли йўқ, деб лоқайд бўлиши мумкин эмас. Зеро, тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир.

Б.САЙФИЕВ

Report typo