Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

13.04.2023


ИЛГАРИ ДИН У ДАРАЖАДА БЎЛМАСА ҲАМ КЎП НАРСАДА БАРАКА БОР ЭДИ. БУГУН ЭСА...

Сараланган сатрлар

Рамазон - раҳмат ва мағфират ойи. Яхшиликлар, эзгу ишлар учун савоблар кўпайтириб бериладиган фурсат. Шундай экан, бундай муборак кунларда яхшиликларга, меҳр-саховатга, ибодатларга шошилишимиз, ўзимизни тафтиш этиб, хатою гуноҳларимизга тавба қилишимиз даркор. Бир ой давомида шунга ўргансак, ҳеч гап эмаски, бу умр бўйи давом этадиган одатга айланса.

"Мўминнинг нияти амалидан яхшидир". Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган ушбу ҳадисда қандай умидбахшлик бор! Дарҳақиқат, ихлосда гап кўп. Ихлос билан қилинган амалгина қабул бўлади. Бунинг учун эса тоза ният керак.

Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг "Ихлос - амаллар зийнати" китобидан саҳифага етганича муҳим фикрларни жамладик. Ишонамизки, барчамиз манфаатли маълумотлардан баҳраманд бўламиз.

* * *

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Қалблар фитнага бир-бир рўбарў қилинади. Қайси қалб уларни қабул қилса, унга битта қора доғ тушади. Қайси қалб инкор этса, оқ доғ тушади. Охири қалблар икки хил бўлиб қолади: бири Сафо сингари оппоқ бўлиб, еру осмонлар бор экан, унга фитна зарар қилмайди. Иккинчиси, қоп-қора бўлиб, бундай қалб эгаси яхшиликни билмайди, ёмонликдан қайтмайди", дедилар" (Имом Бухорий ривояти).

* * *

Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ: "Лаа илааҳа иллаллоҳ" калимаси жаннатнинг калитидир", дедилар. "Бундан мурод нима?" деб сўрашди. У зот: "Дарҳақиқат, жаннатнинг калити "Лаа илааҳа иллаллоҳ" калимасидир. Бу калитнинг тўртта тиши бор. Улар: 1) ёлғон ва ғийбатдан тийилган тил; 2) макр ва хиёнатдан сақланган қалб; 3) ҳаром ва шубҳали нарсалардан парҳезда бўлган ошқозон; 4) нафсоний туйғуларга учмаган, риё аралашмаган амал", дея жавоб бердилар.

* * *

Бир тасаввур этинг-а, ҳар намозда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Ё Аллоҳ, умматимнинг аввалги ва охирги, ошкора ва махфий гуноҳларини мағфират эт", деб дуо қилар эканлар. Агар ўзимизни "умматман" деяётган бўлсак, бу бахтдан хурсанд бўлишимиз керак.

* * *

Расулимиз алайҳиссалом кечиримли зот эдилар. Ҳатто мушриклар Маккадан қувиб чиқаришганида: "Мажбур қилмаганларида чиқмаган бўлардим", деб йиғлаганлар. Ўшанда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ёнларида эди. Кейинчалик Аллоҳнинг марҳамати билан Макка фатҳ бўлди. Мусулмонлар ихтиёрига ўтди. Пайғамбаримиз Маккага бордилар. Ушбу муборак юртни ташлаб чиқишларига сабаб бўлганлар: "Энди ҳолимиз не кечади?" - деб ўйлаб қолишди. Жазоланишга ҳақли эдилар. Лекин Пайғамбаримиз Юсуф алайҳиссалом каби барчанинг гуноҳидан ўтдилар. Бирортасига озор бермадилар.

* * *

Мусулмон биродарининг хатосини ошкор қилиб, уни изза қилишдан сақланиши даркор. Бугунги кунда энг ташвишли иллат ана шу ҳисобланади. Бир одамнинг сўзи ёки феълидан бошқалар сезмаган камчиликни излаб топиб, интернетда тарқатиш ҳолатлари учрамоқда. Бундай кимсалар: "Шу каби хато, камчилик ўзимда йўқмикан?" дея ўзларига савол беришлари лозим.

* * *

Аллоҳ азза ва жалла айбларни яширувчи Зотдир. У гуноҳларимизни ошкор қилмайди. Тасаввур қилинг, Аллоҳ таоло ҳар биримиз ҳаётини ҳозирнинг ўзида ёзиб, бир фильм қилиб, ўзимизга қўйиб берса эди, бугундан кейин асло бир-биримизнинг юзимизга қарай олмаган бўлардик. Ҳаммадан яширган гуноҳларимизни фарзандларимизга кўрсатиб қўйганида, уйга киролмасдик.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота ҳақида бир гўзал ҳадис айтганлар: "Ота жаннатнинг ўрта эшикларидан. Хоҳласанг, уни очиб кириб ол, хоҳласанг, зое қил, яъни юзингга қарши ёпиб ол", дедилар (Имом Термизий ривояти).

* * *

Яқинда олдимга бир ота келди. У боласининг буйраги қуриб бораётганини, уни алмаштириш зарурлигини куйиниб гапирди. Тиббий амалиётга, бировнинг буйрагини сотиб олишга пули етмаслигини, шу боис ўзи ўғлига буйрагини бермоқчи эканини айтди. Аммо шифокорлар ўзи бемор бўлса-да, ўғлига буйрагини тортиқ қилаётган отага: "Сиз жарроҳлик амалиётидан чиқмайсиз. Ўғлингизга буйрагингизни олиб қўямиз, лекин сиз яшамайсиз", дейишаётган экан. Ота буйрагидан айрилишига ҳам, амалиётдан чиқмаслигига ҳам рози. Ўғли яшаса бўлди.

Ота:

- Ҳазрат, сизнинг олдингизга мен ўғлимга буйрагимни берсам, амалиётдан чиқмасам, ўз жонимга қасд қилиб қолган бўлмайманми? Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлиб қолмайманми? деган саволларга жавоб топиш учун келдим. Ўлимдан қўрқмайман, болам яшасин.

Йиғидан ўзимни тўхтата олмадим. Унга жавоб топиб бера олмадим. Ўзини ўзи ўлдирган бўлиб қолади десам, боласи турибди, "йўқ" дейишни ҳам, "ҳа" дейишни ҳам билмай қолдим. Фақат йиғлаб ҳақига дуо қилдим. Бирор донорни топинг, ўзингизни эҳтиёт қилинг, дейишдан нарига ўтолмадим.

Ўша кундан бери ичимда бир ғалаён: наҳот оталар шунчалик меҳрибон бўлишса, боласи учун жонидан ҳам кечса-я?!

* * *

Бир куни бир саҳоба келиб Пайғамбаримиз алайҳиссалоту ва салламдан илтимос қилдилар: "Ё Расулуллоҳ, ҳаққимга дуо қилинг". "Нима деб дуо қилай?" деган эдилар, у: "Нима деб дуо қилсам, Аллоҳ қабул қилади?" - деди. Сўраган нарсасини қаранг.  "Дуоим қабул бўладиган бўлиб қолай", деяпти. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобага қараб: "Унда сен бунинг учун менга ўзинг ёрдам бер", дедилар. "Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?" деди. "Луқмангни ҳалол қил. Ҳаром луқма еб қилган дуо қабул бўлмайди", дедилар.

* * *

Расулимиз Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг уйига бориб: "Эй Убай, Аллоҳ мени сенинг олдингга юборди. Аллоҳ Қуръонда бир сура нозил қилди ва "Биринчи бўлиб Убай ибн Каъбга  ўқиб бергин", деди, деганларида, Убай ибн Каъб: "Аллоҳ менинг исмимни зикр қилдими, мени эсладими?" деб йиғлади. Бу ҳолни бугун тасаввуримизга ҳам сиғдира олмаймиз. "Эй Билол, жаннатда сенинг оёғингнинг товушини эшитдим" деганларини Ҳазрати Билол қандай қабул қилди экан-а, деб ўйлаб қоламиз. "Эй Хадича, сизга Аллоҳ салом айтди", деганларида, мўминларнинг онаси қандай ҳолга тушганларини бир ўйлаб кўрайлик.

* * *

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оила бошлиғи сифатида эркакларга катта масъулият юклаганлар. Оила таъминоти, ҳалол ризқ топиш унинг зиммасида. Шу ишни Аллоҳ учун қилса, ибодатдир.

"Аллоҳим, менга мадад бер, ҳалол ризқ бер, ишларимга ривож бер", деб уйидан чиқар экан, то уйига қайтгунича ўша одам, ким бўлишидан қатъи назар, ибодатда бўлади.

* * *

Айримлар бирор аҳли илмга унинг жавоб бера олмаслигини истаб савол беради. Мазҳаббошиларимиздан бирига бир киши савол берибди. У киши: "Билмайман", дебди. Бошқа бир саволга ҳам ўйланиб: "Буни ҳам билмас эканман", дебди. Яна уч-тўрт кишининг саволига "Билмайман", дебди. Шунда бир киши: "Сиз шунча саволларимизга жавоб бермаяпсиз. Биз сизни икки қават тўшак устига ўтқизиб қўйдик", дебди. Шунда у зот: "Бу кўрпачаларинг билган нарсаларим учун. Агар билмаган нарсаларим учун тўшак тўшаганларингда бошим осмонга етган бўлар эди", дебди.

Билмаганни тан олиш уят эмас. Аммо шундай саволлар бўладики, азизлар, уларнинг жавобидан на бу дунё ва на охират учун манфаат бўлмайди. Улардан, ҳатто Аллоҳ ҳам рози бўлмайди.

* * *

Мусулмон одам ой-бадавлат бўлиб яшашга ҳақли. Уламолар айтади: "Бойлик денгиз бўлса, сиз унинг устида кема бўлинг. Унинг устида сузинг, лекин эҳтиёт бўлинг. Ичига кириб, чўкиб кетманг".

* * *

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Ёзиладиган дастурхонлар ичида энг ёмони очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган дастурхон", деганлар. Камбағалларни чақириб таом бериш ўрнига уларни хизматга масъул қиламиз.

* * *

"Илгари дин у даражада бўлмаса ҳам, ҳамма нарсада барака бўлган" деган гапларни эшитамиз. Илгарилари силаи раҳм кучли бўлган. Қариндошлар, амаки-холаларнинг фарзандлари битта уйда ётиб-турар, ҳеч ким малолланмас эди. Қариндошлар ўртасида борди-келди кўп эди. Бу қадрият аста-секин йўқолиб бормоқда. Энг ачинарлиси, байрамлар ва дам олиш кунларида ҳам яқинларимизни йўқламай қўйдик. Фақат телефон билан салом-алик бор, холос.

* * *

Абу Зарр Ғифорий деган улуғ саҳоба бўлган. У зот бир куни Билол ибн Рабоҳ билан масала талашди. Абу Зарр Ғифорий бироз эҳтиросга берилиб: "Эй қора хотиннинг боласи, нима деяпсан?" деди. Бу гап қора танли саҳобага оғир ботди. Бу гап Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етиб борди. Шунда у зот алайҳиссалом: "Сенда жоҳилият аломатлари бор экан", дедилар. Шунда Абу Зарр Ғифорий Пайғамбаримизга қараб: "Менга истиғфор айтинг", деди ва масжиддан йиғлаб чиқиб кетди. Шу билан Билол розияллоҳу анҳунинг олдига ўтиб, ерга ётиб олди ва: "Шу қора оёғинг билан юзимни босмагунингча ўрнимдан турмайман", деди. Шунда Билол розияллоҳу анҳу: "Аллоҳга қасамки, Аллоҳ учун бир марта сажда қилган кишининг юзига оёғимни теккизмайман", деди. Бу инсонлардаги олижанобликни қаранг.

* * *

Пайғамбаримиз соллаллоҳу аллайҳи васаллам: "Барака сизларнинг ёши улуғларингизда", деганлар. Катта ёшли инсонлар ҳолидан хабар олиб, улардан дуо олиб туриш учун даъват бу.

* * *

Бугун биз мўминликни даъво қилар эканмиз, нега бошқалар қалбини эътиборга олмаймиз? Ҳозир салоҳиятсиз, илмсизлар учун катта майдон пайдо бўлди. Бу майдон - Интернет. Улар интернетда бемалол гапиради. Кимнидир муҳокама қилиб, қалбига озор беради. Динимизда бир қоида бор: "Ёзилган айтилган кабидир". Шу сабаб дилозор гапдан эҳтиёт бўлиш керак.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo