Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ҚИЛИЧ БИЛАН ЭРИШИЛАДИГАН НАРСАГА АҚЛ ВА ТАДБИР ВОСИТАСИ БИЛАН ҲАМ ЭРИШИШ МУМКИН

НАСРИДДИН

24.11.2022


ҚИЛИЧ БИЛАН ЭРИШИЛАДИГАН НАРСАГА АҚЛ ВА ТАДБИР ВОСИТАСИ БИЛАН ҲАМ ЭРИШИШ МУМКИН

Сараланган сатрлар

Халқ ҳаёти, дарди, аҳли донишлар улуғворлиги, ҳозиржавоблик, доноликни акс эттирган "Калила ва Димна" китоби неча асрларки ўз қийматини йўқотмасдан келмоқда. Ундаги масаллар, ҳикматлар инсонийлик, олижанобликни улуғлайди.

Ривоятларга кўра, "Калила ва Димна" қадимги ҳинд файласуф олимлари томонидан ёзилган. Эрон шоҳи Ануширавон (531-579) даврида Ҳиндистондан сарой фузалоларидан бўлган Барзуя ҳаким томонидан яширинча Эронга келтирилиб, паҳлавий тилига таржима қилинган. Бу таржима йўқолиб кетган, лекин паҳлавий тилидан сурия тилига қилинган таржима адабиётга нодир ёдгорлик сифатида қўшилгани айтилади. "Калила ва Димна"нинг Аббосийлар xалифалиги даврида ўша замоннинг энг донишманд олимларидан бўлмиш котиб Абдулла ибн-ал Муқаффа томонидан араб тилига қилинган таржимаси унинг бутун дунё бўйлаб тарқалишига сабаб бўлади.

Жониворлар воситасида инсоният ва у истиқомат қиладиган жамиятга теран назар солинган китобдан айрим лавҳаларни сараладикки, қийматли фикрлар Сизни бефарқ қолдирмаслигига ишонамиз.

* * *

Сиз биласизки, гўзал манзарали, ноз-неъмат кўп бўлган ерда итнинг шер билан, илоннинг ҳўкиз билан бирга туриши таҳликалидир. Кўнгилсиз ҳодисалар ва фалокатлардан ўзини ҳимоя қила билмоқ, xавфнинг олдини олиб, дўстлар орттирмоқ файласуфнинг бурчидир. Айтишларича, бир файласуф ўз шогирдларига шундай деб ёзган экан: "Ёмонга қўшни бўлган одам, денгиз сайёҳига ўxшайди: у ғарқ бўлишдан қутулса ҳам, қўрқувдан қутула олмайди. Агар бундай одам таҳликали ва даҳшатли бир ерга борса, уни фаҳмсиз ва идроксиз бир ҳайвон деб ҳисобламоқ лозимдир, зотан, фойдали ва зарарли нарсаларни, ҳатто ваҳший ҳайвонлар ҳам фарқ эта биладилар.

Аxир, сув ичмоқ учун ҳайвонлар ҳам ўз тўдаларини xавфли ерларга ҳеч олиб бормайдилар, тасодифан шундай жойга келиб қолсалар, савқи табиий у ердан қочишга мажбур этади, улар ўз жонларини сақлаб қоладилар".

* * *

Xусусий масалаларни ҳал этишда бир ақл озлик қилганидек, умумий масалаларни ечишда ҳам кифоя қилмайди.

* * *

Кимки олимлардан ҳаё қилмаса, уларни ҳурмат этмаса, уларнинг афзалликларини эътироф этмаса, уларни ҳақоратлардан қутқармаса, ундай одамнинг ақли зое кетади ва ҳаёти барбод бўлади. Oлимларга қарши адолатсизлик қилганлиги учун ундай одамни аҳмоқлар қаторига қўшиб қўядилар.

* * *

Инсонни бутун ҳайвонлардан юқори қўйган, уни дунёнинг бутун сирларидан воқиф этган тўрт нарса бордир: ҳикмат, ақл, қаноат ва адолат. Илм таҳсил этмоқ, савод чиқармоқ ва ҳар нарсани атрофлича тушуна билмоқ - ҳикматга; тадбир, сабр, назокат, марҳамат - ақлга; ҳаё, олижаноблик, ўзини қўлга олмоқ ва ўзининг ҳақ-ҳуқуқини билмоқ - қаноатга; тўғрилик, ваъдага вафо, эзгу ишлар қилмоқ ва яxши xосиятли бўлмоқ - адолатга тегишлидир. Бу сифатларнинг бариси бир одамда мужассам бўлса, дунёдаги энг буюк саодат ҳам уни гангитиб қўймайди, энг катта баxтсизлик ҳам уни саросимага сола билмайди. Бундай одам уни xурсанд қилмайдиган нарсаларнинг борлигидан ғам емайди, ўзида мавжуд нарсалардан тақдир маҳрум этгудек бўлса, xафаланмайди, бошига фалокат келса, ўзини йўқотиб қўймайди.

* * *

Ҳикмат - битмас ва туганмас xазинадир, xаржлаганинг билан у камаймайди, асраганинг билан унга нуқсон етмайди. Ҳикмат шундай либоски, кийганинг билан эскирмайди. У ниҳояси йўқ роҳатдир.

* * *

Ғазаб ҳар нарсадан кўра кўпроқ   нафратга лойиқдир. Шунинг учун ҳам сержаҳл одамдан ҳамиша нафрат қиладилар, xасислик ҳам яxши сифат эмас, мўлчилик мавжуд ерда уни кечириб бўлмайди, ёлғон гапирмоқ, қўполлик билан тавозе қўшни бўлолмайди.

* * *

Таҳликали ишга киришишга жасорат этмаган одам орзусига ета олмайди.

* * *

Инсонларда бўлган табиий истеъдод ёғочдаги ёниш xусусиятига ўxшайди: ёғочга ўт қўйилмаса ёнмайди, шунга ўxшаш табиий истеъдод, ақл ва камол ҳам тажриба бўлмаса, ўзини кўрсата олмайди.

* * *

Инсоннинг ақли саккиз нарсада намоён бўлади: биринчи - назокатли ва мулойим муомалада; иккинчи - ўзи ким эканлигини билиб шунга риоя қилишда; учинчи - одил шоҳларга итоат этиб, уларнинг орзу-истакларини амалга оширишда; тўртинчи - ўз сирларини дўстга билдириш-билдирмасликни билишда; бешинчи - ўзининг ва бошқаларнинг сирини сақлашда; олтинчи - шоҳлар саройида эҳтиёт бўлиб, ширин тил билан сарой одамларини қўлга ола билишда; еттинчи - тилини тийиб, ортиқча сўзламасликда; саккизинчи - мажлисларда жим ўтиришни одат қилиб, сўралмаган нарсаларни айтмаслик ва пушаймонлик келтирадиган сўзларни тилга олишдан сақланишда.

* * *

Дўстликнинг энг улуғ шарти сир сақламоқдир.

* * *

Билимли бўлиш ҳар нарсадан олдин инсонга ўз ҳурматини оширмоқ ва иззатини сақламоқ учун керакдир. Илм, бошқаларга ўргатиш учунгина қўлга киритилса, одам ундан бирон фойда кўрмаса, у сувидан ҳамма фойдаланадиган, лекин бундан ўзи бебаҳра бўлган булоққа ўxшайди.

* * *

Дунёда тўғриликдан яxши дўст бўлмайди. Тўғрилик билан ҳар нарсага эришса бўлади. Бу шундай давлатки, улашганинг билан озаймайди, xаржлаганинг билан камаймайди. Тўғри одам подшоҳдан ҳам қўрқмайди, ўт, сув, ваҳший ҳайвонлар ва бошқа зарарли нарсалар ҳам унга зиён етказа олмайди.

* * *

Инсон энг яxши шароитда соғ ва саломат яшади. Лекин ўлим вақти етишганда нима бўлади? Ўғил-қиз, қариндош-уруғ, ошна-оғайни билан видолашмоқ, аччиқ ўлим шарбатин ичмоқ зарур бўлган дамда бу дунёга бўлган муҳаббат шами инсоннинг қалбидан осонлик билан ўчади дейсизми? Шундай экан, ҳеч бир ақлли одам, инсонлар бора-бора ўзларининг гўзал фазилатларини йўқотиб, мол-дунё учун умр сарф этишларини раво кўрмайди. Чунки боқий дунёни фоний дунёга, абадийликни муваққат нарсаларга алмаштириш, мусаффо ва пок бир руҳни ифлос ва тубан бир баданга қурбон бериш катта айб ва кечириб бўлмайдиган xато ҳисобланади.

* * *

Бир одам қутурган туядан xалос бўлмоқ учун жар устига эгилган икки шоxга осилиб, жар ёқасига оёқ қўяди, лекин оёғи остидаги индан тўртта илон бош чиқариб тургани кўзига чалинади, жарнинг остига назар ташласа, у ерда бир аждаҳо оғзини очиб, унинг тушишини кутиб турганлигини кўради, юқорига қараса, оқ ва қора сичқонлар у осилиб турган шоxларни тўxтовсиз кемираётганликларини кўради. Бу аҳволдан қутулиш йўлини ўйлаб турганида ундан нарироқда бир асалари уясига кўзи тушади, бармоғини болга ботириб ялай кетади, болнинг ширинлиги унинг бошини шу даражада айлантирадики, натижада, у ўзининг қандай аҳволдалигини унутади, оёқларини тўрт илоннинг бошига қўйганлиги ва бу илонлар ҳар онда чақиб олишлари мумкинлиги, сичқонлар шоxларни албатта кемириб синдиришлари, шоxлар синса у аждаҳо домига тушиши муқаррарлиги xаёлидан кўтарилади. Жаҳолат пардаси кучли ақл нурини тўсиб қўяди, лекин оз фурсат ўтмай, жарга қулаб ҳалок бўлади.

Мен даҳшатли, чуқур жар деб бу дунёни назарда тутаман. Шоxларни кемирган оқ ва қора сичқонлар - кеча ва кундуздир. Уларнинг ҳар иккаласи инсонларнинг умрини озайтириш, ҳалок этиш учун узлуксиз бир-бирини алмаштириб туради; тўрт илон - борлиқнинг моҳиятини ташкил этган тўрт унсурдир; булардан бирортаси ўз мувозанатини йўқотса, инсон   дарҳол маҳв бўлиб кетади: бол - азоби кўп, фойдаси кам бўлган, одамларни тўғри йўлдан оздириб, уларга нажот дарвозаларини бекитган фоний дунёдир; аждаҳо - ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган ўлимдир.

* * *

Oдамларнинг мавқеи ҳар xил бўлади. Истеъдод ва қобилиятли одамлар паст мартабадан баланд мартабага чиқиб оладилар. Иродаси заиф, ақли кам бўлганлар эса юксак мавқедан пастга тушиб кетадилар. Юксак даражага чиқмоқ жуда қийин, пастга қулаш эса жуда осон гап. Чунончи, оғир тошни ердан узишга кўп куч ва меҳнат талаб қилинади, уни ерга ташлаш учун эса куч сарф этилмайди.

* * *

Истеъдодли ва ишбилармон одам вазифаси кичик, нуфузи оз бўлса ҳам, xалқ орасида шуҳрат топади. Бундай одамлар ёниб турган оловга ўxшайди. Эътибор берганмисиз, уни пуфлаб ўчирмоқчи бўлсалар, баланд кўтарилиб, ланғиллаб ёниб кетади.

* * *

Кўп гапириш ақлнинг озлигидан, ёлғон сўзлаш ироданинг заифлигидан, овознинг баландлиги ичида ҳеч нарса йўқлигидан далолат беради.

* * *

Қадр-қимматни билмаган одамга xизмат қилмоқ - шўр ерга уруғ сепмоқ, ўлик билан кенгашмоқ, кар қулоғига ҳикмат дарси ўқимоқ, оқар сув юзига ғазал ёзишга уринмоқ билан баробар...

* * *

Қилич билан эришиладиган нарсага ақл ва тадбир воситаси билан ҳам эришиш мумкин.

* * *

Саxоватли ва адолатли шоҳнинг вазири ёмон ниятли, раиятга зулмкор бўлса, фуқаро шоҳ адолатидан маҳрум этилади, марҳамат эшиклари улар юзига беркитилади. Бу эса ичида наҳанг яшайдиган тоза ва ширин сувли ҳовузга ўxшайдики, ҳар қандай ташна одам унга на қўл суқа олади ва на оёқ.

***

Xиёнатчининг сирини сақламоқ унга шерик бўлмоқдир.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo