- Баҳор келиши билан кунлар исий бошлаб, баъзида бир кеча-кундуз йилнинг тўрт фаслини эслатади. Об-ҳавонинг бундай ўзгариши соғлом одамга ҳам таъсир қилиб, организмда иммун ҳолатининг пасайиши, витаминлар ва микроэлементлар танқислиги, яъни авитаминоз кузатилади, - дейди олий тоифали шифокор Шоира Сафарова. - Авитаминоз (витаминлар етишмаслиги сабабли одам уйқудан кўз очишни истамайди. Сурункали чарчоқ туфайли қўли ишга бормайди. Диққат-эътибори сусайгани сабабли паришонхотир бўлиб қолади. Салгина асаббузарлик ҳам бундай инсонларни қуюшқондан чиқариб юборади. Уларнинг юз ва қўл териси ёрилиб, ачишади. Кўз тагида кўкимтир излар пайдо бўлади. Сочлар эса ўз жилосини йўқотиб, хира тус олади ва тўкила бошлайди. Бу ҳолатга камқонлик (қонда гемоглобин миқдорининг пасайиб кетиши) ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ушбу етишмовчиликларни баҳорги неъматлар билан соғлом овқатланиш тамойиллари асосида бартараф этиш мумкин. Буюк аллома Абу Али ибн Сино баҳор – инсон умрининг шифобахш фасли, деб бежиз айтмаган ва юқоридаги фаслий ўзгаришларни енгиш учун баҳорда турли хил дон, кўкат, гиёҳлар, мева ва сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган таомларни истеъмол қилишни тавсия этган. Чунки уларнинг таркибида тана фаолияти учун фойдали витаминлар, оқсил, эфир мойлари, темир, фосфор, кальций каби элементлар ва бошқа биологик фаол моддалар мавжуд.
БАҲОРНИНГ АСЛ-ДАРМОНБАХШ ТАОМЛАРИ
Авитаминозда беҳоллик, руҳий толиқиш, тушкунлик, лоқайдликни енгиш учун бизга кўклам неъматлари - жағ-жағ, исмалоқ, ялпиз, момақаймоқ (қоқигул), отқулоқ, ҳилол, мадор, кўкпиёз, шовул каби шифобахш кўкатлар яхши фойда беради. Улардан кўк сомса, манти, чучвара, хоним, қатиқли таомлар тайёрлаб ҳамда ҳалим ва сумалак истеъмол қилиш ниҳоятда фойдалидир.
Жағ-жағ. Халқ табобатида қон тўхтатувчи ва қон босимини туширувчи омил сифатида қўлланади. Уни чаён чаққан жойга эзиб боғлайдилар ҳамда ўсимликнинг ер устки қисмини қайнатиб, бод, суяк оғриғида буғлайдилар. Жағ-жағ ўз таркибида органик кислоталар, холин, ошловчи моддалар, тирамин каби манбалар, С, К витаминлари, инозит, каротин, сапонинлар, зарра сингари маъданлар мажмуасини сақлаши аниқланган.
Ялпиз. Халқимиз орасида “пудина” ва “ҳулво” деб ҳам аталадиган ялпизнинг шифобахшлигини Абу Али ибн Сино қуйидагича таърифлайди: “Бир неча кунгача уни еб, кетидан сузма зардоби ичиб турилса, қон томирларини кенгайтиради”.
Ялпизда эфир мойлари, органик кислоталар, флавоноидлар, витамин С, каротин, рамноза, глюкоза, рутин, минерал туз ва бошқа моддалар мавжуд.
Cумалак таркибда инсон аъзоларига осонлик билан сингийдиган, қон ва лимфа суюқликларига сўриладиган ҳаётбахш озуқалар мавжуд. Сумалак қувватбахш бўлиш билан бирга хафақон хасталигига ҳам шифодир. У қон таркибини яхшилайди, уни суюлтиради.
Гўжа оши. Жуда тўйимли, инсонга қувват бағишлашда женшен ва сумалакдан кейин туради. Туршак, нўхат, ловия, буғдой, арпа, жўхори, мошдан тайёрланган ушбу таомни еган одам бардам юради. Гўжа оши таркибидаги дуккаклилар оқсил, аминокислоталар, витаминлар тутса, жўхори эса липотроп моддаларга, буғдой, арпа биофаол моддаларга бой.
Ҳалим тайёрлашдан мақсад, қишдан ҳориб-толиб чиққан киши танасида вужудга келадиган озуқавий моддаларни тиклашдан иборат. Уни тайёрлашда қўлланиладиган буғдой, ёғ, гўшт оқсил ва аминокислоталарга жуда бой. Буғдой таркибидаги макро ва микроэлементлар, гўштдаги аминокислоталар ва оқсиллар организмнинг иммун қобилиятини оширади. Халқ табобатида ҳалим таркибидаги экстрактив моддалар меъда-ичак фаолиятини яхшилаши, марказий асаб тизимига ижобий таъсир қилиши, мия, юрак ҳаракатини фаоллаштиришга ёрдам бериши исботланган.
Кўкпиёз. Пиёздошлар оиласига мансуб кўкпиёз оқсил, пектин, органик кислоталар, А, В1, В2, С, Е витаминлари, фолий кислотаси, калий, кальций, магний, фосфор, темир, кобалт, марганец, рух каби озиқ моддаларга бой. Франциялик олимлар тадқиқотлари кўкпиёз ва саримсоқпиёз таркибидаги биологик фаол моддалар кўкрак саратони хавфини камайтиришини кўрсатган. Шунингдек, кўкпиёз бош мия ҳужайраларини зарарли иллатлардан тозалайди. Таркибидаги биологик моддалар организмга тез сингиб, қонга тушгач, хотира ва ҳиссиётларни бошқарадиган марказлар ишини тезлаштиради.
Салат барги - таркибида қанд моддаси, енгил ҳазм бўладиган оқсиллар, калий, кальций, магний, фосфор, А, В1, В2 В6, Е, С, РР, Р, К витаминларини тутувчи кўкатлардан бири. Нонуштада 1-2 дона салат баргини нон ва пишлоқ билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади. Салат барги овқатнинг тез ҳазм бўлишига ёрдам беради, асаб тизимини тинчлантиради.
Равоч истеъмоли меъда-ичак, жигар ва бошқа аъзоларни соғломлаштиради, қусишни тўхтади, кўнгил айнишининг олдини олади, қон босимини меъёрлаштиради. Таркибида калий тузи кўп бўлгани учун ҳам баргбанди юрак фаолиятини яхшилашга ҳамда организмдаги сув-туз алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.
Худди шундай исмалоқ барглари гастрит, энтероколит билан оғриган беморларга тавсия қилинади. Ичи яхши юришмаган ва қорин дам бўлган пайтларда 10 грамм исмалоқ баргини бир литр сувда қайнатиб, вақти-вақти билан ичиб турилса, ичаклар фаолиятини яхшилаб, дам бўлишни йўқотади.
Карам - инсон саломатлиги учун жуда фойдали маҳсулот Таркибида қандлар, органик кислоталар, витаминлар (С, Р, В, В2, РР, К, Е) ва каротин, пантотен ва фолий кислоталари, ёғ, ферментлар, фитонцидлар, калий, кальций, ёд, марганец, темир ва бошқа элементларнинг тузлари бор. Бевосита овқатга ишлатилади, тузланади ва консерва ҳолида истеъмол қилинади.
Карам халқ табобатида турли касалликларни даволашда ҳам ишлатилади, организмдан холестериннинг чиқиб кетишини тезлатади. Карамда бириктирувчи модда кўп. Унда калий, қанд, олтингугурт, кальций, фосфор, ёғлар, лактоза мавжуд. Карамдаги ичаклар фаолиятини яхшиловчи бириктирувчи моддалар организмни турли хилтлардан ва холестериндан тозалайди.
Карам шарбати асаб қўзғалиш иллатини камайтиради, ортиқча вазндан халос этади ва турли шишларни кетказишда ёрдам беради. Карам шарбати ичиш юзга тошган сепкилдан фориғ бўлишга сабаб бўлади. Қандли диабет, сариқ касали билан оғриганда, қабзият, бавосил, гастрит, ошқозон шираси меъёридан паст юрганида, бепуштликда, дисбактериоз ва доимий чарчоқ ҳис қилишда карам шарбати ичиш тавсия этилади.
Баҳорнинг бу каби шифобахш неъматлари инсон саломатлиги учун ниҳоятда зарур. Ушбулардан ўз вақтида истеъмол қилсаккина, ҳар қандай касалликнинг олдини олган бўламиз.
Манбалар асосида Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.