Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

19.11.2019


ИЛК БОСҚИЧДА 3270 НАФАР ҚИЗ ҚАТНАШДИ

Иқтидорлилар - юрт таянчи

Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 121 нафар қиз иштирок этди.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, ушбу мукофот таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган, ҳар бир вилоятдан икки нафардан ўн тўрт ёшга тўлган ҳамда ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга берилади.

- Илк босқичда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, умумтаълим мактаблари, мактаб-интернатлар ва Меҳрибонлик уйларидан 3270 нафар қиз қатнашгани мазкур танловга қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётганидан далолатдир, - дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Махсуда Мустафоева. - Боиси, Зулфия мукофоти бугун миллатимиз қизларининг эзгу ғояларини амалга оширувчи воситага айланди. Мукофотга шу вақтгача вилоятимиздан 22 нафар қиз лойиқ кўрилган бўлса, улар ҳамон ўз соҳаларида фаол, кўпчиликка ўрнак бўлмоқдалар.

Илм-фан намояндалари, олимлар, санъатшунослар, ҳайкалтарошлар, спорт мутахассислари, ижодкорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳосига кўра, барча йўналишлар бўйича 21 нафар қиз танловнинг республика босқичига тавсия этилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo