Хабарда айтилишича, мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида рўёбга чиқарилмоқда. Бу ҳужжат ердан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, соҳага бозор муносабатларини жорий этиш, пахта хомашёсини қайта ишлаш бўйича алоқадор тармоқларнинг вертикал ва горизонтал интеграциясини амалга оширишни кўзда тутади.
Қайд этилишича, яратилаётган замонавий кластер пахта хомашёсини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараённи қамраб олади.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг вилоятдаги вакили Остонақул Оллаёровнинг сўзларига қараганда, бу истиқболли лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Аввалига енгил саноат корхонаси ва фермер хўжаликлари ўртасида хомашё етказиб бериш бўйича шартномалар тузилиши белгиланган. Етиштирувчилар олдиндан бўнак пуллари, зарур миқдордаги уруғлик, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминланади. Лойиҳа доирасида муайян муддатда пахтани чуқур қайта ишлашга ихтисослашган қувватларни ишга тушириш мўлжалланган. Шу мақсадда хориждан сўнгги русумдаги технологиялар келтирилади.
М.ШУҲРАТОВ