Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.12.2022


Иллатга қарши биргаликда курашамиз

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни

Республика ҳукуматининг 2021 йил 21 октябрдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш, бундай оилалардаги болалар учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби белгилаб берилган бўлсада, афсуски, бугунги кунда вилоятимиздаги айрим маҳаллаларда бу борада бирламчи ҳужжатларни сохталаштириш ва нотўғри маълумотлар киритиш орқали кўплаб фирибгарлик ва мансабни суиистеъмол қилиш жиноятларига йўл қўйилмоқда.

Хусусан, ижтимоий нафақа тайинлаш тўғрисидаги ҳужжатлар сохталаштирилганлиги оқибатида Қамаши туманидаги Равот маҳалласида 49 миллион 950 минг сўм, Деҳқонобод туманидаги Аэродром маҳалласида 86 миллион 861 минг сўм, Яккабоғ туманидаги Совуқбулоқ ва Фаровонлик маҳаллаларида  1 миллиард 623 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги оқибатида ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмасдан қолган.

Бу ҳақда вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб–қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан Қарши шаҳридаги Нуронийлар масканида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган тадбирда маълумот берилди.

Унда мазкур бошқарма ҳамда тегишли шаҳар ва туман бўлимлари мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, унга имкон бераётган омилларни вақтида аниқлаш ва уларга ўз вақтида чек қўйиш давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги долзарб вазифа эканлиги, коррупцияга қарши курашишда энг аввало ҳар бир маҳалла ходимида ҳалоллик иммунитетини ошириб ва бу билан коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз курашиш лозимлиги, тизимда хизмат қилаётган ходимлар давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитларга ўзининг Ватанга садоқати ҳамда ҳалол ва пок меҳнати билан жавоб қайтариши лозимлиги таъкидланди.

- Маълумки, жорий йил 24 февраль куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ғузор туманидаги Батош МФЙ раисининг собиқ ўринбосари 2 ёшга доир нафақа тайинлатиб бериш эвазига фуқародан бир ойлик нафақа пулини талаб қилиб, шундан 200 минг сўм пулларни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган, - дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Рустам Ҳайитов. - Мазкур ҳолат бўйича департаментнинг Ғузор тумани бўлими томонидан айбдорга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тартибда жазо тайинланди. Бу каби жиноятлар бошқа маҳаллаларда ҳам содир этилмаяпти, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Демак, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин. Шундай экан, коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo