Сараланган сатрлар
1883-1931 йилларда яшаган Ливан адиби Жуброн Халил Жуброн араб ва инглиз тилларида қалам тебратган. Унинг жаҳон адабиётида нечоғлик ўрни борлигига қизиқсангиз, бу борада ЮНЕСКО қарори билан 1983 йилда дунё миқёсида Жуброн таваллудининг 100 йиллиги нишонланганини айтиш мумкин. Биз қуйида адибнинг эътиборингизга ҳавола этаётган "Ал-Мустафо" фалсафий асари юздан ортиқ тилга таржима қилинган. Асарни ўқий туриб, немис файласуфи Фридрих Ницшенинг "Зардушт таваллоси" китоби беихтиёр хаёлингизга келади. Зотан, Жуброн Халил Жуброн номи Ницше баробарида Юнг, Гёте, Эмерсон каби атоқли намоёндалар қаторида тилга олиниши бежиз эмас.
* * *
Муҳаббат нафақат қалбингиз дарахтининг қуёшга туташ юксак шохларини силаб-сийпашни истар, ва балки заминга чирмашган илдизларингиз қадар эниб, борлиғингизни ҳам ҳалокат қадар титратгусидир.
* * *
Муҳаббат сизга ташриф буюрса, демангки "Тангри қалбимдадир", билъакс -"Мен Тангрим қалбидадирман". Ва сиз муҳаббатни оқимга сола билурман дея ўйламанг, илло, магар сизни муносиб билар, унинг ўзи сизни йўлларга солгай.
* * *
Қалбларингизни бир-бировингизга инъом этинг, аммо қулф остида сақламоқ учун эмас. Илло, ёлғиз Ҳаётгина қалбларингизни ўз илкида сақлай билгувcи.
* * *
Сиз фарзандларга муҳаббатингизни инъом этарсиз, аммо ўй-хаёлларингизни эмас. Шуки, уларнинг ўз ўй-хаёллари бордир. Сиз уларнинг вужудларига бошпана берарсиз, аммо зинҳор руҳларига эмас, илло, уларнинг руҳи Эртанинг қасрида истиқоматдадир ва айни қасрга хаёлларингизда-да йўл топиш сиз учун душвордир. Сиз уларга ўхшашга интилгайсиз, аммо зинҳор уларни ўзингизга ўхшатманг. Илло, ҳаёт фақат олдинга илдамлагай ва Кечмишни кутмагай. Сиз бир камонсиз, ўзингиз фарзанд атамиш тирик ўқларни олдинга йўллагувчи.
* * *
Эҳсон қилар экансиз, тасарруфингизда бўлган мулкнинг атиги бир мисқолини берурсиз. Қачонки ўзингиздан, ўзлигингиздан улуш тортиқ қилдингиз замон - сиз чиндан эҳсон қилгайсиз. Бисотингизда бўлган буюмларни тобакай эҳтиётлаб қўриқлайсиз, улар сизга эрта албат асқотарми? Зиёратга отланган муҳожир ортидан кетмиш итнинг бепоён саҳро қумларига кемик яшириши ривоятини унутдингизми? Зорликдан қўрқувнинг ўзи - зорлик эмасми? Ташналик эҳтимолидан даҳшат туяр экансиз, гарчи қудуғингиз сувга лиммо-лим бўлса-да, шунинг ўзи эмасми яйдоқ ташналик?
* * *
Сизга ҳаётни-зулмат дея таништирмишлар ва сиз ҳориб-чарчаган кўйи ўзингиздан аввал ҳориганлар сўзларини такрорламишсиз. Токи иштиёқ уйғонмас экан, тириклик чиндан зулматдир. Аммо, токи илм нури ила зийнатланмас экан, ҳар қандай иштиёқнинг кўзлари сўқирдир. Шу каби, токи меҳнат ҳамроҳ бўлмас, ҳар қайси илм бефойда. Ва токи муҳаббат йўқ экан, ҳар қандай меҳнат бесамардир. Қачонки кўнгилда муҳаббат ила меҳнат қиларсан, ўз-ўзингни топарсан, ўзга қардошларинг ва ниҳоят, Тангри ила бирикарсан.
* * *
Сиз айтасизки, юрак шамойилини мармар юзасига бита олган сангтарош омоч судраган деҳқондан авлодир. Яна дейсизки, самодаги камалак сувратини матога нақшлаб, олқишларга сазовор бўлмиш мусаввир анави этикдўздан кўра ардоқлидир. Аммо сўзларим қулоғингизга қуйилсин - атрофда эсмакда бўлган шамол жажжи майсалар ила не қадар нафис суҳбат қурса, улуғ эманлар билан-да шу қадар мулойим сўзлашгай. Ва шамоллар садосини қалбидаги ишқи ила тотли қўшиққа менгзай олган кимсагина чиндан улуғдир.
* * *
Орангизда кимингиздир айтарсиз: "Шодлик - қайғудан кўра юксакдир", бошқангиз эътироз қилгайсиз: "Асло, Қайғудир барчасидан улуғ". Аммо икки қулоғингизга қуйилсин: улар мудом қўл ушлашган икки опа-сингилдир ва улар асло бир-бирин тарк этмас. Улар кулбангизга ҳамиша бирга ташриф буюргайлар, ва билингизки, бири дастурхон узра сиз ила ҳамсуҳбат экан, бошқаси хос тўшагингизда оромдадир.
* * *
Лоақал бир япроқ оғочининг рағбатисиз сарғара билмас. Орангиздаги бир баттолнинг ёвузлиги ҳам баайни шу каби - лоқайдлигингиз мевасидир. Илло, илоҳий моҳиятингиз томон айро эмас, билъакс издиҳомда йўлга чиқмишсиз. Издиҳомда экансиз, йўл ҳам ўзингиз, йўловчи ҳам ўзингиз. Адоқсиз узун бу йўлда қоқиниб қулар экансиз, билинг, бунинг ҳикмати бордир, илло, ортингизда келаётган бошқалар ҳолингизни кўриб, йўлдаги хатарни билсинлар. Аммо шуки, сиз ўзингиздан аввалгилар туфайли юзтубан қуламишсиз, илло, улар кучли ва чапдастдир, бироқ йўлдаги бу тошни олиб ташлашни эп билмабмиш.
* * *
Ва замоники, бевафо бир жувон аҳлоқини муҳокама этар бўлсангиз, бу аёл ҳожаси қалбини-да тарозуга солинг, токи муқаррар жазо ҳар кимга баробар тақсим бўлсин. Ва зинокор бетавфиқ учун жазо қамчисин ҳозирлар эсангиз, озор етмишнинг қаърига ҳам дурустроқ назар солинг. Ва покдомонлар номи ила ҳукмни бажо келтирмоқ бўларсиз, ёвузлик дарахтига болта солиш аввалида илдизларига ҳам бир қур қараб қўйинг. Ва қабоҳат илдизи эзгулик томирлари ила чамбарчас бирликда, баракот илдизлари эса талафот томирлари ила заминнинг сокин қалби паноҳида мангу пайванд эканига бунда шаксиз амин бўлгайсиз. Модомики шундай экан, адолат мезонини устивор билган сиз қозилар, вужуди пок, аммо қалби чиркинга қай тариқа ҳукм ҳозирлагайсиз? Бошқалар қалбида ҳалок этилганга қай бир жазоингиз бордир? Ва барча қилмишлари сохтакорлик ва зулм бўлса-да, аммо айни пайтда унинг ўзи фириб қурбонига дўниб, зулм мевасини тотганга қай бир жазони муносиб кўргайсиз?
* * *
Сизлар иштиёқ-ла адоқсиз қонунлар яратгайсиз ва мароқ-ла уларни ҳар гал бузарсиз. Бунда сиз соҳилда қумлардан қўрғон барпо қилиб, сўнгра буни шўх-шодон вайрон қилаётган жужуқларга ўхшарсиз. Қумлоқда мўрт иморатлар қурарсиз, денгиз ҳам соҳилини қумларга муттасил тўлдираверар. Бино қилганингиз вайрон қиларсиз, маҳобатли бу баҳр ҳам тўпори қалбингизни масхара қилишдан ҳоримагай.
Аммо ҳар кас соҳилда қўрғонлар қурмагай. Инсонлар борки, атрофда кечмоқда бўлган бу ҳаёт улар учун денгиз эмас ва яратилмиш қонунлар-да қумқўрғон эмас. Булар учун ҳаёт - баайни денгиз бағрини ёриб чиқмиш қоя, қонунлар эса қўлдаги чўқмордир ва у билан қоянинг шаклини ўз майлига кўра ўзгартирмак истайди.
* * *
...қалбларида ҳали истибдод ҳукмрон, ғурури ичра эса ҳамон истиҳола яширин бўлганлар - золимлар остида мудом қолажаклар. Ва агарки, ташвиш ва андуҳларни барбод қилмак истарсиз, билингки, буларни ҳам бир замонлар ўзингиз зиммага юкламишсиз. Ва яна қўрқинчларингизни пароканда қилишни истарсиз, унутманг, қўрқув уяси сиз ҳадиксираган бировнинг қўлида эмас - ўз қалбингизда собитдир.
* * *
...ёлғиз ақл-идрок ҳокимлиги - меъёридан ошмиш қудрат, тизгинсиз эҳтирос эса - куйдириб кул қилувчи оташ демак. Шу боис ақлингиз эҳтирос юксаклиги қадар парвоз қилсин, токи эҳтирос ила зийнатланмиш идрок кўнгиллар куйини чала билсин. Шу боис ақлингиз эҳтиросларни оқилона йўлга сола билсин, токи кунлар кечса-да, баайни оловларда тобланган қақнус мисол бу туйғулар ҳар гал қайта оёққа қалқсин.
* * *
...ёвузлик аслида - йўқсиллик ва ташналик исканжасида уқубатларга дучор бўлмиш эзгулик эканин наҳот билмассиз? Зотан, азоблар забтида қолмиш эзгулик ҳатто зимистон хилватларидан ўзига неъмат ва озуқа излагай, ташналик силласин қуритса - кўлмак сувлар билан-да чанқоғини қондирмоқ истагай.
Ўзингиз билан муштарак экансиз, сиз ҳар дам яхши фазилатларга соҳибсиз. Ўзаро тафовутлар ичрасиз, аммо ёвузликка ҳали бегонасиз. Аҳиллик йўқолмиш хонадон ҳам ҳали ёвузлар макони эмас, билъакс ҳамжиҳатлик тарк этмиш кулбадир, холос. Бошқарувсиз кема ҳам хатарли қоялар аро маслаксиз сузар, аммо ғарқ бўлишдан омон қолмоғи ҳам бор.
* * *
Бошқаларга намойиш қилиш учунгина ахлоқини эгнига илмиш банда бу либосини уйида қолдириб, яланғоч юргани дуруст. Атворини сохта одобга банди қилишга чоғланмиш одам сайроқи бир қушни қафасга солган бўлмасми? Зотанки, тиканли панжаралар аро ҳурлик қўшиғи ҳаргиз янграмагай. Ибодатни исталган дам очиб-ёпиш мумкин бир дарича, деб билмиш киши ҳали ўз қалби кулбасига ҳам қадам қўймабди, даричалари кечмиш сабоҳларидан келмиш тонглари қадар ястанган кулбасига ҳам қадам қўймабди.
* * *
Энг заиф ва кичик юмушларингизга кўра сизга таъриф бермоқ-денгиз қудратини унинг ҳубобларига кўра ўлчаш билан баробар. Барорсиз ишлар учун сизни айбламоқ-фаслларга беқарорлик тамғаси босиш билан баробар.
Б.ЎКТАМ тайёрлади.