Хайруддин Заркалийнинг “Ал-аълом” китобида айтилишича, Абул Мўъийн ан-Насафий ҳазратлари ҳижрий 418 йилда таваллуд топган. Бу милодий 1027-санага тўғри келади. Умар Ризо Қаҳҳола ҳам “Мўъжамул-муаллифин” асарида шу фикрни айтган, аммо Ибн Қутлуғбуғо “Тожут-тарожим” китобида Абул Мўъийн ан-Насафий ҳижрий 508 йилда (милодий 1114 йилда) зулҳижжа ойининг 25-санасида, 70 ёшида вафот этган” деб ёзган. Бу гапга кўра, у зотнинг таваллудлари ҳижрий 438 йилга тўғри келмоқда. Биз учун муҳими шуки, улуғ аллома таваллудига салкам 1000 йил бўлибди.
Насафий ҳазратлари Абу Мансур Мотуридий ақидавий мазҳаби ривожига энг кўп ҳисса қўшган зот бўладилар. Ашъария таълимотида имом Ғаззолий, имом Фахр Розий қандай ўрин тутса, мотуридия таълимотида Абул Мўъийн ан-Насафий ана шундай ўрин тутади. Ашъария таълимотида имом Шаҳристоний китоблари қандай мавқега эга бўлса, мотуридия таълимотида Имом Мўъийн Насафийнинг “Табсиратул адилла” деб номланган машҳур китоби юқори аҳамиятга эга.
Имом Мўъийн Насафий ҳақида Абдулқодир Қуройший “Жавоҳирул музийя фий табақотул ҳанафийя”, Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ “Фавоидул баҳийя фий тарожибил ҳанафийя”, Ибн Қутлуғбуғо “Тожут-тарожим”, Кафавий “Катоибу аъломул аҳёр мин фуқаҳойи мазҳабун Нўъмонул муҳтор”, Ҳожи Халифа “Кашфуз-зунун” асарларида зикр қилиб ўтганлар.
Абул Мўъийн ан-Насафийнинг биринчи устози отаси бўлган. У зот ҳам ўз даврининг етук уламоларидан саналиб, Абу Саҳл Исфаройинийдан илм олгани, ундан “Ахборул Макка” китобини ривоят қилгани манбаларда келтирилган. Демак, Абул Мўъийн ан-Насафий аҳли илмлар сулоласидан бўлган.
Абул Мўъийн ан-Насафий шогирдлари сафида ҳам ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган уламолари бор, улардан энг машҳурлари “Бадойиъус-саноеъ” асари муаллифи Абу Бакр Аловуддин ас-Самарқандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Юср Ҳазравий, Абу Бакр Масъуд Кошоний, Нажмиддин Умар ан-Насафий, Абул Ҳасан Балхий ҳамда Маҳмуд Соғурчи каби буюк олимлардир. Маҳмуд Соғурчининг ҳанафий мазҳаби борасидаги фиқҳ китоблари жуда машҳур. Нажмиддин Умар ан-Насафий ҳам ақоид илмида танилган.
Абул Мўъийн ан-Насафий 15 га яқин илмий асарлар таълиф этган бўлиб, улар орасида энг машҳурлари “Табсиратул адилла”, шунингдек, “Ат-тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарларидир. Аллома ниҳоятда парҳезкор олим, фақиҳ, муҳаддис ва мутакаллим бўлган. Мотуридий мазҳабининг батафсил шарҳлари кенг ёйилишига катта ҳисса қўшган, ўша вақтда чиққан мўтазилия, жаҳмия, карромия, ботилийя каби оқимларнинг носоғлом фикрларига қарши курашган, уларга ишончли ҳужжатлар билан кескин раддиялар берган. Абул Мўъийн ан-Насафийнинг ислом дини софлигини сақлаш йўлидаги хизматлари ана шу ерда яққол намоён бўлади.
Бунинг аҳамиятини билиш учун Пайғамбаримиз ҳадисларига мурожаат этиш кифоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унинг йўлини жаннат йўлига йўналтириб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг розилиги учун қанотларини поёндоз қилиб тўшайдилар. Осмонлару ердаги жонзотларнинг ҳаммаси, ҳатто сувдаги балиқ ҳам олимнинг ҳаққига истиғфор айтади. Олимнинг обиддан ортиқлиги ойдин тундаги ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлигидекдир. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким уни олса, тўкис насиба олибди”.
Бу ҳадиси шарифни шарҳлашга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Унда илмнинг, олимнинг фазли очиқ-ойдин баён қилинаяпти.
Имом Байҳақийнинг “Сунанул кубро” китобида Ҳасан Басрийдан бир сўз ривоят қилинган экан: “Аввало олим бўл. Олим бўлмасанг, илм олувчи бўл, ёки олимни севувчи, ёки ҳурмат қилувчи бўл, ёки уларга эргашгувчи бўл, аммо бешинчиси бўлмагин, акс ҳолда ҳалок бўлурсан”.
Илмдан узоқ одам, илм неъматидан хориж одам албатта ҳалок бўлади, чунки ҳаётини беҳудага ўтказади. Демак, мўмин-мусулмон банда албатта илм доирасида, илм даврасида бўлиши керак экан. Илм даврасининг қайси тарафида бўлса ҳам майли, хоҳ устоз, хоҳ шогирд, ёки уларга хизмат қилувчи, ёки эшитувчи, ҳеч бўлмаганда уларга муҳаббати бор одам бўлиш керак, лекин зинҳор ундан ташқари бўлмаслик керак.
Шунинг учун халқимизда “Олимларга хизмат қилган мухлис одамларнинг зурриётидан албатта олим чиқади”, деган гап юради. Бу бежиз айтилмаган, балки тажрибалар устига қурилган фикр.
Бу сўзимизнинг ёрқин мисоли учун узоққа бормайлик. Мана, Абул Мўъийн ан-Насафий роҳимаҳуллоҳни неча асрлардан кейин эслаяпмиз, қадрлаяпмиз. Аллоҳ Президентимизнинг кўнглига солиб, улуғ зот абадий қўним топган манзилни обод қилиш бўйича кўламли ишлар бажарилаяпти, олим асарлари таржима қилиниб, халққа етказилмоқда. Мақбара ёнида муҳташам бино қурилиб, у ерда ақоид илми мактаби очилмоқда. Бу хайрли ишларнинг барчаси “Илмнинг асари боқий қолажакдир”, деган ҳикматнинг исботидир.
Абул Мўъийн ан-Насафийнинг ибратли ҳаёти билан танишар эканмиз, бундан тегишли хулоса чиқариб, ўрнак оладиган жиҳатимиз шуки, илм инсоннинг даражасини нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам баланд қилади. Илмнинг асари боқий қолади, абадий давом этади, у йўқолмайди. Илм билан инсон дунёни кўкартиради, ўзи саодат топади, охиратда ҳам шу илмнинг шарофати билан нажот топади. Фақат бу илм тўғри йўналтирилган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони рози қиладиган, дунёю охиратда инсониятга манфаат берадиган илм бўлса бўлди.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ