Адабиётнинг назм ва наср турида самарали ижод қилиб келаётган Ўғилой Неъматованинг 2012 йил "Тафаккур" нашриётида чоп этилган "Куртакларда уйғонган баҳор" шеърий тўплами ва "Сирли қутича" номли насрий китоби унинг илк ижодий дастхатидир. 2013 йилда эса унинг "Янги авлод орзуси", "Дилдошларим" шеърий китоблари ўқувчилар эътиборига тақдим этилди.
Ўғилой 2012 йил "Оилам - қутлуғ боғим" шеърият танловида қатнашиб, вилоятда фахрли 1-ўринни қўлга киритган бўлса, ўша йили "Янги авлод" болалар ижодиёти фестивалининг республика босқичида муваффақиятли иштирок этди.
Шунингдек, 2014 йилда "Озод юрт болалари" республика танловида фаол қатнашди. 2015 йилда эса "Юрт келажаги" иқтидорли ёшлар танловининг республика босқичида ғолиб бўлди. 2016 йилда "Маҳалланинг энг ораста қизлари" республика танловида гуруҳ сардори сифатида иштирок этиб, сертификат билан тақдирланди.
Айни пайтда Ўғилой Неъматова коллежда ташкил этилган "Ёш қаламкашлар" тўгарагининг сардори, "Соғлом ёшлар" маркази тренери, "Ораста қизлар" тўгарагининг фаол тарғиботчиси ва коллеж деворий газетаси муҳаррири. У спортнинг теннис, шахмат, шашка турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Инглиз ва рус тилларини чуқур ўзлаштирган бу иқтидорли қиз айни пайтда француз тили сабоқларини олмоқда.
Унинг 2014 йилда "Тафаккур қаноти" нашриётида чоп этилган инглиз тилини ўрганишга мослашган "Кулаётган офтоб" номли шеърий китоби болажонлар учун ажойиб совға бўлди.
- Мамлакатимизда иқтидорли ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, улар ўз истеъдодларини тўла намоён этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган экан, ўзимнинг билим ва иқтидорим, қобилиятимни Ватанимиз тараққиёти ва келажаги йўлида сарфлайман, - дейди Ўғилой Неъматова. - Бу ютуқ менга улкан масъулият юклайди ва янги ижодий чўққилар сари ундайди. Бу борада бизни, бутун Ўзбекистон ёшларини шахсан Президентимизнинг ўзлари қўллаб турганликлари маррани янада юксакроқ қўйишимизга асос бўлаяпти.
Шоҳиста БОЗОРОВА