Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

28.02.2018


ИЛОН ГЎШТИ ҲАЛОЛМИ?

- Бугунги кунда халқ орасида илон гўштини баъзи касалликларга қарши восита   сифатида қўллашаётгани бор гап, - дейди Қарши шаҳар марказий поликлиника иммунологи Ҳилола Беҳбудова. – Тўғри,  қадимда халқ табобатида гиёҳлар, турли ҳайвон маҳсулотларидан даво сифатида фойдаланишган. Беморларни даволашда унинг қандай мижозли эканига алоҳида эътибор беришган.

Табобатда тўрт хил - иссиқ, совуқ, ҳўл ва қуруқ мижоз бор. Бундан ташқари, оралиқ мижозлар ҳам бўлиб, булар - ҳўл-иссиқ, ҳўл-совуқ, қуруқ-иссиқ, қуруқ-совуқ деб аталади. Ҳар бир кишининг мижози ўрганилиб, шунга қараб даво муолажалари белгиланган. Мутахассислар фикрича, айнан қуруқ-иссиқ мижозли беморларга илон, ит, чўчқа гўшти истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Чунки бундай маҳсулотлар қиздирувчи хусусиятга эга. Қуруқ-иссиқ мижозли беморларнинг бундай маҳсулотларни тановул қилиши   касалликни даволашга эмас, балки янада кучайтириб,    бошқа дардларни келтириб чиқаришга хизмат қилади.

Аммо ҳозир бошқа давр, замонавий тиббиёт ривожланган. Касалликларни даволаш йўллари ва воситалари ҳам кўп. Шунга мувофиқ, беморларга бу каби синалмаган усуллар билан даволанишни тиббиётдан хабардор киши маслаҳат бермайди.

Маълумки, Шарқ табобатида касални даволашда кенг тажриба ва амалиётлардан ўтган синалган даво усуллари кўп. Ҳали фармацевтика яхши ривожланмаган вақтларда табиблар беморларни ўт-ўланлар, гиёҳлар ва ҳайвон маҳсулотлари билан даволашган. Худди шундай асосда илон гўшти ва заҳаридан ҳам фойдаланишган.

Бугунги кунда ҳам илон заҳри фармацевтикада ишлатилади. У ёрдамида тайёрланган препаратлар турли касалликларга буюрилади. Шунингдек, унинг гўшти ва терисини халқона, ҳеч бир шифокор тавсия этмайдиган қўллаш усуллари ҳам борки, булар бизга ота-боболаримиз орқали маълум. Агар бирор киши  тез-тез ярадан азият чекаверса, момоларимиз илон пўсти ейишни маслаҳат беришади. Шунингдек, халқ орасида илон гўшти ва териси талқони яра-чақаларни тез битиришга ёрдам бериши гапирилади.

- Диний нуқтаи назардан оладиган бўлсак, ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган ва гўштхўр ҳайвонлар этини ейиш динимизда ҳаром қилинган, - дейди Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги етакчи мутахассиси Муҳаммади Қораев. – Хусусан,  илоннинг ҳар қандай турини истеъмол қилиш мумкин эмас. Сабаби, у рақибини тиши билан ўлдиради ва нопок нарсаларни, жумладан, сичқон, қурбақа кабиларни ейди. Қайси бир ҳайвон тиши ёки тирноғи билан рақибига ҳужум қилса, эт ва бошқа нопок нарсаларни еса унинг гўшти ҳаром. Зеро, ҳатто намоз ўқиб турганда ҳам илон ва чаённи ўлдиришга рухсат этилган.

Шарқ манбаларида бу хусусда қуйидаги фикрларга дуч келдик.

Абу Бакр Косонийнинг “Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ” асарида: “Илон шаръан ҳаром бўлгани боис уни даво сифатида ишлатиш жоиз эмас” деган фикр илгари сурилади. Абу-л-Лайс ас-Самарқандий эса илонларни дори сифатида фойдаланиш мақсадида сотиш ва гўштини ишлатиш жоиз, деган қарашга эга бўлган.

Замонавий мутахассислар ҳам илон гўшти таркибида инсон саломатлиги учун зарур оқсил ва минерал моддалар борлигини инкор этмайди. Таркибида ёғ ушламаслиги сабабли қадимда ҳакимлар илон гўштини беморларга парҳез таом сифатида тавсия этишган. Дунё ошхонасига назар солсак, халқи исломга эътиқод қилмайдиган аксар давлатларда ҳамон бу жонзот гўштидан турли тансиқ таомлар тайёрланишини кўриш мумкин.

Гап халқ табобати асосида касалликларни даволаш усуллари ҳақида борар экан, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино тавсияларига тўхталиб ўтиш жоиз. Улуғ ҳаким дардни даволашда бемор аввало ҳаёт тарзини ўзгартириши, одам организми ва мижозига қараб парҳез тутиши лозимлигини таъкидлайди. Булар наф бермаган тақдирда турли гиёҳ ва ҳайвон маҳсулотлари ҳамда маъданлардан фойдаланиш буюрилган. Бинобарин буюк ҳакимлар амалиётининг 75 фоизини табиий ва гиёҳлар ёрдамида даволаш ташкил этса, 25 фоиз ҳолларда  ҳайвон маҳсулотлари ва бошқа усуллар қўлланилган. 

Хуллас, илон гўштини ейиш мумкинми ёки йўқми? Бу саволнинг жавобини очиқ қолдиришга тўғри келади. Юқоридагиларни ўқиб, бу   борада энг тўғри қарорни    ҳар кимнинг ўзи чиқаргани маъқул.

 

Сожида АЛЛАЁРОВА

Report typo