18 ноябрь - Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун
Ўз мустақиллигини қўлга киритган ҳар бир юрт байроғининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида музаффар ҳилпирашини истайди. Чунки бу мамлакатнинг дунёда ўз ўрни, ўз овозига эга эканининг тасдиғи, мустақиллигининг тан олингани ифодасидир.
Бу йил Ўзбекистон Республикасининг "Давлат байроғи тўғрисида"ги Қонуни қабул қилиниб, мамлакатимиз давлат суверенитетининг рамзларидан бири саналган давлат байроғимиз пайдо бўлганига 31 йил тўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз, санъат ва илм-фанда эришган юксак натижалари билан дунёга довруғ солаётган ёшларимиз қўлида сарбаланд бўлган юртимиз байроғини кўриб, ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз.
Албатта, бу сана бутун мамлакатимиз бўйлаб ўзгача фахр, ифтихор билан нишонланади. Чунки, байроқнинг ўзи ана шундай ғурур, ифтихор, миллатнинг ўзлиги, мамлакатнинг озодлиги рамзидир.
Таъкидлаш жоиз, байроқ ҳар доим аждодларимиз учун ҳам озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлиб келган. Тарихдан маълумки, Нажмиддин Кубро ёв қўлида шаҳид бўлса-да, чангалида маҳкам тутган яловни қўйиб юбормаган. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжаларини кесиб олади. У ўз юртининг байроғини мана шу даражада муқаддас билган.
Буюк бобокалонимиз Амир Темур қўшинида ҳам байроқнинг аҳамияти юқори бўлган. У адолат, куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли баҳодирларга ҳадя қилинган. Байроқнинг қулаши ёки душман қўлига ўтиши мағлубият белгиси, деб қабул қилинган.
Давлат байроғи мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсолдир. Шундай экан, миллий байроғимиз Ватанимизнинг рамзи, халқимизнинг орзу-интилишлари ифодаси эканини унутмаслигимиз, унга ҳурмат ва эътиборни сақлаган ҳолда, янада сарбаланд этишга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.
Дилфуза ЖАЛИЛОВА,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати