Бунёдкорлик
"Ислоҳотлар", "ўзгаришлар", "янгиланишлар" - бу биз "истиқлол", "мустақиллик" сўзлари билан ёнма-ён энг кўп қўллайдиган ифодалардир. Бунга асосимиз бор. Бинобарин, кечадан хабардормиз, бугунга гувоҳмиз, келажакдан умидимиз катта.
Мана, мамлакатимиз мустақил бўлганига 30 йил бўлди - шу кунни байрам қилаяпмиз. 30 йил - вақт ифодаси, шу давр ичида халқимиз ҳаётида, дунёқарашида ён-атрофида бўлган ўзгаришлар, янгиланишлар эса истиқлол берган неъматлар экани аён ҳақиқат. Ислоҳотлар шиддатига назар солинг, яратувчанлик, тараққиётга интилиш руҳини сезасиз. Қураяпмиз, такомиллаштираяпмиз, ишга тушираяпмиз; имконимиз бор, салоҳиятимиз етарли.
Давлат хизматлари марказининг янги биноси очилди
Байрам арафасида Нишон тумани Давлат хизматлари марказининг янги биноси очилди.
Лойиҳа қиймати 4 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этган объектда аҳолига 170 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Жумладан, бинода электрон навбат олиш учун инфокиоск, 26 та қабул ойнаси, кутиш жойлари, мўъжаз кутубхона, болалар майдончаси, буфет, туман адлия бўлими, инвесторлар учун алоҳида хона, банк шохобчаси, 4 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус бурчак жойлашган.
Бу фуқаролар давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ барча мурожаатларига шу ернинг ўзида жавоб олиши учун айни муддао.
5,5 миллион доллардан ортиқ маблағ ва йилига 550 минг жуфт пойабзал
"Premium capital group" масъулияти чекланган жамияти ҳамда Беларуснинг "Марко" компанияси ҳамкорлигида Қарши шаҳрида ташкил этилган "Uz-Shoes" қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати 55 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этувчи йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.
Натижада корхонада йилига 550 минг жуфт махсус пойабзал, эркаклар, аёллар ва болалар оёқ кийимлари ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлди. Корхонанинг шу кунларда иш бошлагани эса тўйга тўёна бўлди.
Вилоят ахборот-кутубхона маркази замонавий қиёфа касб этди
Ўтган йили ноябрь ойида Қарши шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона маркази биносида таъмирлаш ишлари бошланган эди.
Ўтган вақт давомида объектда умумий қиймати 3 миллиард 60 минг сўмни ташкил этадиган қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, атрофи ободонлаштирилди.
Бугунги кунда бинода китобхонлар учун барча замонавий шарт-шароитлар ҳозирланган. Жумладан, энди ундаги болалар хонаси, имконияти чекланган китобхонларга хизмат кўрсатиш зали, нодир нашр ва адабиётлар зали, маънавият хонаси, ёшлар ўқув зали, ихтирочилар, илмий изланишлар хонаси ва бошқалардан унумли фойдаланиш мумкин.
Маънавият маскани фойдаланишга топширилди
Президент кўрсатмасига асосан республикада биринчилардан бўлиб Қарши шаҳрида Маънавият маскани қуришга киришилиб, қисқа фурсатларда замонавий ва барча қулайликларга эга бино барпо этилди.
Икки қаватли бинонинг биринчи қаватида нуронийлар ҳордиқ чиқариши учун жой - дам олиш, тренажёр заллари, кутубхона, ошхона, ювиниш хоналари, шунингдек, анжуманлар зали жойлашган.
Юқори қаватда эса Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари фаолият кўрсатади. Раҳбар ва мутахассислар хоналари, мажлислар зали, кутубхона замонавий жиҳозлар, компьютерлар, китоблар жамланмалари билан жиҳозланган.
Маскандаги яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, зал ва хоналар бўйлаб мумтоз мусиқалар, ўзбек адабиёти намуналари эшиттириб турилади. Эндиликда мазкур аудиофайлларни маданият ва истироҳат боғига ҳам йўналтириш кўзда тутилган.
* * *
Биз мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан вилоятимизда очилган атиги 4 та объект ҳақида тўхталдик. Ваҳоланки, улар сони ўнлаб, юзлаб - қолганлари тўғрисида ҳам маълумот беришда давом этамиз. Зеро, ҳар бир амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан аниқ мақсад кўзланган, кўпни рози қилишга қаратилган мужда бор.
Ўз мухбирларимиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар