Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

МИРЖАҲОН

25.09.2018


“ИМКОНИЯТИМ ЧЕКЛАНГАНИ ТАДБИРКОР БЎЛИШИМГА ХАЛАЛ БЕРМАДИ”

Ёш ишбилармон ўз истагини рўёбга чиқаришни кечиктирмади. Яқинда якка тартибдаги тадбиркор сифатида “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб кирди. Натижада ўз маҳсулотларини реализация қилиш, ҳунармандларга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш учун кенг йўл очилди.

- Тўғри, имкониятим чекланган, аммо бу менинг тадбиркор бўлишимга халал бермади, - дейди у.  – Деярли барча турдаги кийим-кечакларни тўқий оламан. Бош кийим, рўмол, шарф, нимча, жемпер шулар сирасига киради. Барчасини қўл меҳнати билан бажараман. Ҳар хил ўйинчоқлар тўқишни ҳам ўрганганман. Ўтган йили ипак ва ип аралаштириб, пойабзал тўқий бошладим. Иссиқ кунларда кийишга мўлжалланган бу маҳсулот оёқни терлатмайди. Енгил ва қулай. Бундай пойабзалларга ўзимизда ҳам талаб кўп экан. Анча буюртма олишга ҳам улгурдим. Ҳунаримни қизиққан ёшларга ҳам ўргатаяпман. Ҳозир 4 нафар шогирд тайёрладим.

Гулруҳ Ҳакимова яқин-яқиндан турли танлов ва тадбирларда ҳам қатнашиб келмоқда. Унинг ишларини юқори баҳолашгани ёш ҳунармандга қўшимча куч бағишламоқда. У бироз аввал ташкил этилган “Ташаббус-2018” кўрик-танловининг туман босқичида ҳам иштирок этди. Ёш ишбилармон тўқиган хилма-хил ва бежирим маҳсулотлар танлов ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Якунда у “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

Гулруҳ Ҳакимова келажак учун ҳам режалар тузиб қўйган. Ўз ҳунарини ўрганмоқчи бўлган кишилар учун ўқув маркази очмоқчи. Кейинчалик уларни ҳам ўз ёнига ишга олишни мўлжаллаяпти. Кўпроқ қўл меҳнатидан фойдаланишга мажбурлиги учун ҳозирча унумдорлик паст. Шу боис келгусида янги тўқув дастгоҳи олишни ният қилган. Бу борада Ёшлар иттифоқи туман кенгашига мурожаат қилмоқчи. “Ёшлар – келажагимиз”   дастури эса бу каби ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашда айни муддао бўлади.

МИРЖАҲОН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo